Исломбек Исмоилов: "Мени ҳайрон қолдирган жамоалар "Локомотив" ва "Сурхон". "Пахтакор" ва "Навбаҳор"да 18 ёшлик йигит асосий таркибда ўйнаётгани йўқ"

Aslanov Jasurbek
20 сен 2026, 23:34
Бугун Суперлига 22-туридан ўрин олган "Локомотив" - "Нефтчи" (0:1) ўртасидаги ўйиндан сўнг фарғоналиклар устози Исломбек Исмоилов ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ассалому алайкум барчага. Биринчи навбатда "Локомотив" жамоасини билан табриклайман. Улар сифатли ҳамда ишончли ўйин намойиш этишди. Йигитлар муносиб қаршилик кўрсатди, охирги ўйинларни таҳлил қилганимизда, Наманганда "Навбаҳор"дан очко олди, ундан ташқари уйда Самарқанднинг "Динамо" жамоасини мағлуб этди. Натижалар, "Локомотив" қандайдир ўсишга эришаётганини кўрсатиб турибди. Шу нарсаларни ҳисобга олган ҳолда бу ўйинга бор кучимиз билан, финалдагидек эътибор қаратишни режалаштирган эдик, сабаби чемпионатдаги энг муҳим ўйинлардан биттаси эди. Йигитларга раҳмат айтаман, айтилган кўрсатмаларни тўғри бажаришди ва ўйлайманки ғалабага ҳақли эдик. Барча анча узоқ йўл босиб келган, совуқ ҳавога қарамасдан бизни қўллаб-қувватлаган барча мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман ва ажойиб ғалабалар билан уларни табриклайман.

- Ўйин осон кечмади. Битта саволим бор эди. 30-дақиқадан кейин захира футболчилари майдонга тушгунча тўлиқ устунлик сизларнинг томонингизда эди. Жуда ҳам катта устунлик эди. Лекин майдонга захирадан 3 та футболчи тушгандан сўнг, ўйин мутлақо бошқача кечди. "Локомотив" ўйинга қўшди ва охирида кўрдик 2-3 та яхши вазиятларни яратди. Муаммо нимада эди деб ўйлайсиз?

- Энди бунақа ўйинларда ўзи аслида захирадан қўшилиб кетиш ҳам қийин. Захира баъзида зўр ўйинни кучайтириб бериши мумкин, баъзида мана шунақа ҳолатга келтириб қўйиши ҳам мумкин. Лекин доим мақсадимиз ўйинни кучайтириш, ўша ҳужум чизиғида 3 та футболчимизда чарчоқ аломати бор эди. Умуман биз учта фронтда кураш олиб боряпмиз, чемпионлар лигасида ҳам барибир жуда катта куч йўқотилди ва ўшанинг учун ўйин давомида ҳам футболчиларнинг ўша ҳолатидан келиб чиқиб алмаштириш қилишга мажбур бўляпмиз. 30 дақиқагача бўлган даврга келадиган бўлсак, тўғри, иккала жамоада ҳам имкониятлар бўлди, лекин ўйлайманки биз позицион ҳужумда кўплаб имкониятлар яратдик. Ўйин охирида захиралардан кейин ўйиннинг ўзгариб кетишига сабаб биринчи навбатда руҳият билан боғлиқ. Сабаби жамоа ҳисоб учун ўйнашга ўтди, ҳисобни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилди. Лекин биз ҳеч қачон бунақа кўрсатма бермаймиз, доимий равишда юқорида прессинг қилиш ҳамда ҳужумларни уюштириш бўйича кўрсатмалар берамиз, ҳисоб қандай бўлишидан қатъий назар. Энди бир хилги ҳолатда руҳият барибир ўз сўзини айтади, бу қийин ўйинларда руҳият катта роль ўйнайди ва футболчилар олдинга юқорига кўтарилиб кетишдан қўрқиб қолади. Чунки "Локомотив" 65-дақиқадан бошлаб қанотлардан ёшларни туширди, улар қанотларда жуда кўп ҳаракатларни амалга оширгандан кейин ҳужумлари ўткирлашишни бошлади. Шунинг ҳисобига балки жамоа пастроқда ҳаракатланишни лозим топди, лекин мураббий сифатида мен ҳеч қачон чуқур ҳимояланишни футболчиларга ўргатмайман ёки кўрсатма бермайман. Энди бунақа ҳолатларда, ўйин темпидан, ўйин даражаси юқорилигидан ҳамда юқори босимдан келиб чиқиб, балки жамоа шунақа ҳаракатланган бўлиши мумкин. Мавсум охири, ҳар бир очкони қадри баланд, ҳар битта хато қимматга тушиши мумкин. Мавсум бошида эркинроқ ўйнашимиз, бунақа вазиятларда эркинроқ ҳаракат қилган бўлар эдик, лекин қанча ўйинлар ўз якунига етаётгани сари босим шунча ошиб боряпти ва бир хилги ҳолатларда жамоа асосан позицион ҳимояланишга ҳам мажбур бўляпти. Мен айнан ўша 65-дақиқадан кейин жамоа ўтириб қолганини шу нарсадан деб ўйлайман.

- Сиз ҳозир босим ва руҳий масала ҳақида айтиб ўтдингиз. Менга Абдуғаниевнинг ҳаракатлари жуда ёқди. Ёш футболчи бўлишига қарамай ўйинларни зўр ўтказаётганди, Фабио Каннаваро ҳам уни бекорга терма жамоага чақирмади. Адашмасам Фарғонадан фақатгина шу футболчини жалб этди. Аммо бугунги ўйинда Фабио Каннаваро трибунадан кузатиб турганига у ҳаяжонланиб ўйнадими, бир-иккита вазиятларда жуда ҳам қўпол хатоларга йўл қўйди. Бу нимадан, Фабио Каннаваронинг катта босими таъсир қилдими?

- Албатта, умуман олганда Суперлигада тепада ҳаракат қилаётган жамоаларда 18 ёшли футболчи деярли йўқ. Кучли учталикдаги, тўртталикдаги жамоаларда тополмайсиз. Масалан "Пахтакор", "Навбаҳор" каби жамоаларда 18 ёшли футболчи асосийдан майдонга тушаётгани йўқ. Бундан хулоса қилиш мумкинки, босим йўқ жойда исталган футболчи ўйнаши мумкин. У ёш бўлишига қарамасдан босим остида ўйнашга ҳаракат қиляпти ва унинг хато қилиши табиий ҳолат. Биринчидан, бугунги ўйиндаги босим баланд эди. Иккинчидан, терма жамоага таклиф олди, руҳиятга бу барибир ўз таъсирини ўтказади. Терма жамоа мураббийи ўйинни кузатгани ҳам ўз навбатида қандайдир ҳаяжон берган бўлиши мумкин. Ёш бола қанчалик кучли томонларга эга бўлмасин, барибир руҳият томонлама ҳаяжон босиши мумкин. Бугунги ўйинда ўша нарса кузатилди. Бунинг ҳаммасини босим ҳамда ўйин қадри баланд бўлганлиги ҳисобига деб биламан.

- Яна битта савол бор эди. Йил бошида сизларда шунақа таркиб йиғилгандики, бўлди "Нефтчи" шубҳасиз чемпион бўлади дейишганди. Лекин кўриб турибмиз, ҳеч қайси жамоанинг дарвозасини осонликча очиб, гол уриб бўлмаяпти. Сиз ўзи шуни кутганмидингиз ёки ҳақиқатдан шунчалик қийин ўтяптими?

- Биламиз, таркибимиз кучли, лекин "Пахтакор"нинг таркиби ҳам бизникидан асло кам эмас. Терма жамоада улардан 6 киши борми, "Навбаҳор"дан қанча? Тўрт киши, биздан эса бир киши. Бу дегани бошқа жамоаларнинг ҳам таркиби биздан кам эмас, ҳақиқатан объектив қарайдиган бўлсак, масалан, "Пахтакор"нинг таркиби энг зўрларидан бири. "Навбаҳор"да ҳам барибир кўп йиллик лойиҳа бўйича келаётган ўйинчилар йиғилган. "Насаф"нинг ҳам таркиби йиллар давомида шаклланиб келяпти, тўғри, "Насаф"да ҳам йўқотишлар бўлиши мумкин, лекин ўзак кўп йиллардан бери сақланиб қолган. Очиғи, бу йил мени чемпионатда ҳайрон қолдирган жамоа шу "Локомотив" ва "Сурхон" бўлди деб ўйлайман. Чунки "Локомотив" умуман бошқатдан йиғилди, жуда ҳам кўп футболчиларни таклиф қилди, "Сурхон" жамоаси эса ёшлар билан ажойиб футбол намойиш этяпти. Шунинг учун "Нефтчи" осон чемпион бўлади деган фикрларга умуман қўшилмаган бўлардим. Бизда футболчилар жуда яхши бўлгани, Ўзбекистон чемпионатини осон ютиб қўйишимизни англатмасди. Яна шуни ҳам айтиш керакки, жароҳатлар сабаб ҳам йўқотишлар қиляпмиз. Масалан Йовович ўйнамади, Иброҳим Халилов ўйнамади... Жуда кўп асосий футболчиларимиз ўйнамаяпти. Иккинчи даврада биз ҳар ўйинда ҳар хил таркибда, ўзгаришлар қилиб ўйнашга мажбур бўляпмиз. Шунинг учун у фикрга қўшилмайман. Ўзбекистон чемпионати ҳар доим қийин бўлган, буни ўзингиз ҳам биласиз, сизлар билан гаплашганда ҳам айтган эдик. Бу нарсани четдан келган мураббийлар ҳам ҳис қилишяпти, масалан, Кападзедан ўзидан ҳам сўрасангиз, Ўзбекистон чемпионати бунчалик қийин бўлишини кутмаган эдим деган фикрларни айтяпти. Шунинг учун қанақа вазият бўлишидан қатъий назар, қанақанги юлдузларни йиғсак ҳам, масалан бугун "Пахтакор" 160 миллионлик жамоага қарши 12 миллионлик жамоа бўлиб Осиёда қандай муносиб футбол намойиш қилишини исботлаб қўйди. Ёки Ироқнинг "Эйр Форс" клуби Фарғонада... Ироқда ҳозир инқироз, ҳаммамиз биламиз аҳволи оғир, лекин улар бу ерга келиб бошқача футбол намойиш этиб кетишди. Шунинг учун ҳеч битта ўйин осон бўлмайди. Ҳатто Про лиганинг ёки иккинчи лиганинг жамоаси билан ўйнасак ҳам барибир қаршилик кўрсатилади. Бу нарсага қўшилмаган бўлардим, чемпионат қийин бўлишини аввалдан билган эдик ва охиригача бундан ҳам қийин бўлади деб ўйлайман.

- Кейинги рақиб яна Кубокда "Локомотив" бўлади. Бугунги ўйиндан келиб чиқиб айтсак, Кубокдаги имкониятлар 50 га 50ми? Бугунги рақибингиз ҳақида нима дея оласиз?

- Ҳамма футболчиларимиз соғ бўлишса асосийси яққол фаворитимиз деб ўйлайман. Ҳар ҳолда бизда захирада ҳозир 3-4 киши 2008, 2007 йилги болалар ўтирибди. Албатта, Кубокда "Локомотив" билан ўйнаганимизда бизга умуман осон бўлмайди, қийин бўлади. Бу ўйинни келгуси ўйин билан асло солиштириб бўлмайди, умуман бошқа атмосфера ва умуман бошқача ўйин, бошқача футбол бўлиши мумкин. Мана шунинг учун ҳам футбол қизиқ-да, олдиндан ҳеч нарсани режалаштириб бўлмайди ва битта ўйин иккинчисига умуман ўхшамайди. Албатта бу ўйинга ҳам жиддий эътибор қаратилади, худо хоҳласа ўз уйимизда ғалаба қозонишга максимал ҳаракат қиламиз.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia