Камбэк яратган мураббий, 2 та голда қатнашган "жокер" ва сўнгги сониялардаги шедевр муаллифи — Суперлигада 27-тур лауреатлари

Sherzod Nurmatov
9 ноя 2026, 14:19
Championat.asia сайти Ўзбекистон Суперлигаси 27-турининг энг яхшиларини аниқлади.

27-турнинг энг яхши дарвозабони — Умиджон Эргашев (“Хоразм”)

"Хоразм" 27-турда "Бунёдкор"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, клуб тарихида илк бор "қалдирғочлар" устидан ғалабани расмийлаштирди. Баҳс қаҳрамонига айланган хоразмликлар дарвозабони Умиджон Эргашев ўйин давомида нақд 8 та сейв ижро этди. Энг эътиборлиси, бу зарбаларнинг 4 таси жарима майдони ичидан йўлланган эди. Шу тариқа, айнан у тур дарвозабонига айланди.

darvozabon (19).png

27-турнинг энг яхши мураббийи — Ислом Исмоилов (“Нефтчи”)

"Нефтчи" ўз майдонида ОКМКга қарши кечган драматик баҳсда ҳақиқий ирода кўрсатиб, ақл бовар қилмас камбэк қайд этди. Сўнгги дақиқаларда урилган икки гол эвазига 0:1 ҳисобидаги мағлубият 2:1 ҳисобидаги ғалабага айлантирилди. Бу муваффақиятда бош мураббий Ислом Исмоилов томонидан амалга оширилган аниқ ва ўз вақтидаги ўзгаришлар ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Якунда айнан у ҳақли равишда турнинг энг яхши мураббийи деб топилди.

murabbiy (18).png

27-турнинг энг яхши футболчиси — Ратиньо (“Нефтчи”)

"Нефтчи" ярим ҳимоячиси Ратиньо захирадан майдонга қўшилиб, баҳс қаҳрамонига айланди ва ҳар иккала голда бевосита иштирок этди. Дастлаб унинг кучли зарбасидан сўнг тўсинга тегиб қайтган тўпни Сарсенбаев бўш қолган дарвозага жойлаб қўйди. Иккинчи голда ҳам айнан бразилиялик легионернинг аниқ паси Жумаевни қулай позицияга олиб чиқди ва у якунда Ғиёсовни голли узатма билан таъминлади. Ушбу перформансдан сўнг айнан Ратиньо турнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

futbolchi (18).png

27-турнинг энг чиройли голи муаллифи — Хуршид Ғиёсов (“Нефтчи”)

"Нефтчи" вингери Хуршид Ғиёсов захирадан ўйинга қўшилиб, сўнгги сонияларда собиқ жамоаси ОКМКни ранжитди. У Асилбек Жумаевнинг узатмасидан сўнг ўзига хос финт билан чап оёқда тўпни дарвозага жойлади ва жамоасига драматик ғалабани тақдим этди. Ушбу шедевр якдил қарор билан 27-турнинг энг чиройли голи деб топилди.

gol (18).png

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›