

– Бугунги ўйин ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Аввало, йиғилганларни бугунги ажойиб ғалаба билан табриклайман. Шубҳасиз, бундай учрашувлар футболнинг чинакам безагидир. Ўйлайманки, стадионга ташриф буюрган ва учрашувни кузатган барча мухлислар, энг аввало, ҳар икки жамоа намойиш этган ҳужумкор ўйиндан мамнун бўлишди. Ишқибозларимиз эса қўлга киритилган ушбу ғалабадан беҳад хурсандлар. Ушбу ўйин жамоамизнинг ўзига хос характерини ва нима мақсад йўлида курашаётганини яққол кўрсатиб берди.
– Ёш ҳужумчи Нурбек Сарсенбаев бугунги ўйинда гол уришга эришди, шунингдек, у кеча ёшлар лигаси баҳсида ҳам ўз ҳисобига гол ёздириб қўйган эди. Бундай масъулиятли ўйинда унга ишонч билдириб, майдонга туширганингизни қандай изоҳлайсиз? Агар бу қарорингиз ўзини оқламаганида, катта эҳтимол билан кучли танқидларга учрашингиз мумкин эди.
– Нурбекнинг бу муваффақиятидан жуда хурсандман. У келажаги порлоқ футболчи, фақат бунинг учун у ўз устида ишлашдан ва меҳнат қилишдан тўхтамаслиги лозим. Ушбу қарорга келадиган бўлсак, жамоамиздаги айрим жароҳатлар сабабли захира ўриндиғида бошқа номзод ҳужумчимиз йўқ эди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Нурбекнинг ўзи ҳам сўнгги пайтларда жароҳати борлигига қарамай ўйинларда иштирок этмоқда. Қийин вазиятда жамоага қўлидан келганича ёрдам беришга интилаётгани учун унга миннатдорчилик билдираман. Олдимда иккита йўл бор эди: ёки Алишер Одиловни марказий ҳужумга ўтказиб, қанотларга бошқа футболчини тушириш, ёки Нурбекка ишонч билдириш. Бироқ ҳар бир мураббийнинг ички сезгиси бўлади. Барчаси Яратганнинг иродаси билан бўлади, шу сабабли бу фикр кўнглимдан ўтди ва айнан шу қарорга келдим. Натижада қарорим тўғри бўлиб чиққани ва Нурбекнинг гол ургани барчамиз учун ёқимли ҳолат бўлди, деб ҳисоблайман.
– Ўйин якунига етгач, легионер футболчи Кофи Куао тиббиёт ходимлари кўмагида майдонни тарк этди. Унинг соғлиғи билан боғлиқ ҳолат қандай?
– Кофи Куаога келсак, у паспорт билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш мақсадида ўз ватанига жўнаб кетган эди ва қарийб саккиз кун давомида жамоа билан бирга бўлмади. У кечагина жамоа ихтиёрига етиб келди ва бугун майдонга тушишига тўғри келди. Маълумки, бундай танаффусдан сўнг футболчи тонусдан чиқади ва мушакларида зўриқиш юзага келади. Шунга қарамай, у бугун майдонда борини бериб, бутун кучи билан жамоага ёрдам беришга ҳаракат қилди. Буни чинакам матонат деб баҳолаш мумкин. Бир ҳафта машғулот ўтказмасдан, тўғридан-тўғри бундай оғир ва мураккаб ўйинда иштирок этгандан сўнг, футболчида бундай оғриқлар кузатилиши табиий ҳолдир. Умид қиламанки, барчаси жойида ва у кейинги учрашувларга яна тайёр бўлади.
– Учрашувнинг 90-дақиқасида ҳисоб 1:1 кўринишига келди. Шундай вазиятда ҳам жамоангизнинг ғалаба қозонишига ишончингиз комилмиди?
– Ишонч доимо ҳакамнинг сўнгги ҳуштаги чалингунга қадар сақланиб қолади. Халқимизда "умид сўнгги лаҳзаларгача сўнмайди" деган ибора бор. Мен жамоамизнинг иродаси ва характерига ишонган эдим. Албатта, буларнинг барчаси Яратганнинг иноятидир. Бундай мураккаб ўйинлардаги ғалаба фақатгина инсон омили билан қўлга киритилмайди. Кўрсатилган меҳнатларимиз эвазига бугун омад бизга кулиб боқди.
– Сўнгги вақтларда, хусусан "Пахтакор" ва бугунги ОКМК жамоаларига қарши кечган баҳсларда, "Нефтчи" ўйинда туб бурилиш ясаши учун дастлаб ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборишига тўғри келмоқда. Негадир жамоа кучли руҳий таъсирдан кейингина фаоллашмоқда. Бунинг сабаби нимада?
– Мен аввалги интервьюларимда ҳам таъкидлаган эдим: модомики биз ҳужумкор футбол намойиш этаётган эканмиз, яратилган вазиятлардан унумли фойдаланишимиз шарт. Акс ҳолда, рақиб ўз имкониятларидан фойдаланиб кетиши мумкин. Тўғри, бугун ОКМК жамоасининг ҳам йўқотадиган ҳеч нарсаси йўқ эди. Улар доимо очиқ ва чиройли футбол ўйнашга интилишади. У ерда ажойиб жамоа шаклланган ва малакали мураббий фаолият олиб бормоқда. Биз ўз майдонимизда, мухлисларимиз қаршисида ўйнаганимиз сабабли, ҳужумкор ўйин кўрсатишдан бошқа чорамиз йўқ эди. Биринчи бўлимнинг ўзидаёқ яққол голли вазиятлар яратдик, бироқ улардан фойдалана олмадик. Рақиб эса деярли кутилмаган вазиятда пенальти ишлаб олиб, имкониятдан унумли фойдаланди. Албатта, бу ҳолат жамоанинг руҳиятига таъсир қилади. Гол ўтказиб юборилгач, футболчилар ҳам йўқотадиган ҳеч вақоси қолмаганини англаб етишади.
Умуман олганда, ўйин бошида босим жуда юқори эди. Чунки чемпионлик қанчалик яқинлашгани сари масъулият ва босим ҳам шунчалик ортиб боради. Бу ҳолатни енгиб ўтиш ҳам футболчилар учун, ҳам мураббий сифатида мен учун осон кечмаяпти. Бироқ фурсатдан фойдаланиб, раҳбариятимизга ўз миннатдорчилигимизни билдираман. Вилоят ҳокими жамоани ҳар томонлама, айниқса руҳий жиҳатдан мунтазам ва кучли қўллаб-қувватламоқдалар. Айнан шундай далда ва жамоавий жипслик орқали биз мураккаб вазиятлардан чиқиб кетяпмиз ва бугун ҳам шундай бўлди. Келгуси ўйинларда эса учрашув аввалида гол ўтказиб юбормаслик устида жиддий ишлаймиз.
– Ёш ҳужумчи Нурбек Сарсенбаев кучли тўртликдаги жамоага қарши баҳсда ўзини йўқотиб қўймади ва ишончли ўйин намойиш этди. Унинг клуб билан амалдаги шартномаси қандай ва қанча муддатга тузилган?
– Нурбекнинг жамоа билан 2028 йилга қадар мўлжалланган шартномаси мавжуд. Худо хоҳласа, клубнинг у билан боғлиқ келажакдаги режалари жуда улкан. Унинг муваффақияти фақат битта ўйин билан чекланиб қолмаслиги керак. Масалан, у ҳозир ёшлар чемпионатида тўпурарлар рўйхатида пешқадамлик қилмоқда. Агар у бугун ҳам, аввалги ўйинлардаги каби, тўпурарлар пойгасида ўз ўрнини мустаҳкамласа ва мавсум якунида ҳам ёшлар жамоамиздаги, ҳам асосий таркибимиздаги ҳужумчиларимиз тўпурар бўлишса, бу жамоамизнинг қанчалик самарали ва ҳужумкор футбол намойиш этаётганидан далолат беради. Шу сабабли, Нурбек жамоа билан биргаликда ўзининг энг яхши жиҳатларини кўрсатишда давом этиши керак. Олдинда қилинадиган ишлар ҳали кўп, вақти келганда клуб раҳбарияти бу борада тегишли қарорларни кўриб чиқади.
– ФИФА кунлари доирасидаги танаффусларда ҳам жамоа машғулотларни давом эттирмоқда. Бу ҳолат жамоанинг ички муҳити ва кайфиятига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Умуман олганда, футболда узоқ муддатли дам олиш деган тушунчанинг ўзи йўқ. Агар сиз тўхтаб қолсангиз, ривожланишдан ортда қоласиз. Шунинг учун ФИФА кунлари бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, биз машғулотларни белгиланган режа асосида давом эттирамиз. Тўғри, футболчилар ва мураббийлар машғулотга келиб-кетишади, лекин биз машғулотдан ва клубдаги ишдан ташқари вақтда ҳам фақат футбол билан яшаймиз. Ишдан уйга қайтганимизда ҳам хаёлимиз футболда бўлади. Футболчиларнинг ҳам ҳаёт тарзи шундай: улар машғулотдан сўнг барибир ўз фаолиятига таъсир қилувчи ортиқча ҳаракатлар қила олишмайди. Уларнинг бутун ҳаёти футбол билан боғлиқдир. Модомики инсон профессионал футболда фаолият юритар экан, унинг узоқ муддатли дам олишга ҳаққи йўқ.
– ОЧЛ ўйинидан сўнг ижтимоий тармоқларда турли хил салбий фикрлар ва танқидий муносабатлар тарқалди. Бу ҳолат қайсидир маънода клуб учун, хусусан ОКМК билан бўладиган ўйинга тайёргарлик жараёнида ўзига хос мотивация вазифасини ўтадими ёки аксинча, руҳиятга салбий таъсир қилдими?
– Бу жуда мураккаб ва қил устида тургандек қалтис вазият эди. Ҳар бир инсоннинг ичида ўзига хос "мен"и бўлади. Бироқ жамоадаги ҳар бир шахс фақат ўзининг шу "мен"ини кўрсатишга ҳаракат қилса, у ерда жамоавийлик йўқолади. Қайсидир вазиятларда кимдир ўзининг ички ҳиссиётларини ва ғурурини енгиб ўта олиши керак. Бу борада юқорида айтиб ўтганимдек, вилоят ҳокимимиз жамоани ҳар томонлама ва жуда катта миқёсда қўллаб-қувватлади. У киши спортга бўлган эътиборлари ва билимларини ҳам амалда кўрсата олдилар. Ўйлайманки, қабул қилинган бу оқилона қарорлар ва кўрсатилган ёрдам якунда жамоамизнинг фойдасига ишлади.



