

Самимий ва очиқ мулоқотда жамоа олдида турган вазифалар, мавсумнинг ҳал қилувчи учрашувларига тайёргарлик, ҳамжиҳатлик ва масъулият масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда "Нефтчи" ўзининг шонли номи ва бой тарихи билан бирга, бугун халқаро майдонларда ўзбек футболи шаъни ва обрўсини ҳам ҳимоя қилаётгани таъкидланди. Бу эса ҳар бир футболчи ва мураббийдан юксак профессионаллик, фидойилик ҳамда умумий мақсад йўлида бирлашишни талаб этади.
— "Нефтчи" — миллионлаб мухлисларнинг меҳри, ишончи ва умидини мужассам этган жамоа. Майдонга тушган ҳар бир футболчи клубимиз тарихи, Фарғона фахри ва юртимиз шарафи учун курашаётганини чуқур ҳис қилиши керак. Бугун барчамизни бирлаштирадиган мезон — жамоа манфаати ва ғалабага бўлган интилишдир, — деди вилоят ҳокими.
Мулоқотда жамоа атрофидаги турли миш-миш ва муҳокамаларга ҳам тўхталиб, бор эътибор ва кучни машғулотларга, ўйин интизомига ҳамда майдонда натижа кўрсатишга қаратиш зарурлиги қайд этилди. Ўзаро ишонч, аҳиллик ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳал қилувчи паллада жамоанинг асосий таянчи бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Учрашувда “Нефтчи” бош мураббийи Ислом Исмоилов йўқ эди.
Эслатиб ўтамиз, “Трактор” ҳамда “Нефтчи” учрашувидан сўнг Ислом Исмоилов ҳамда Алишер Одилов ўртасида келишмовчилик юз берган эди.









