Шуҳрат Игамбердиев: "Вазифани уддаладик, Пролигада қолдик"

Iskandarov Abdulaziz
10 ноя 2026, 10:00
Пролига 26-турдан ўрин олган "Шўртан" – "БухДУ" учрашувидан сўнг "БухДУ" бош мураббийи Шуҳрат Игамбердиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Учрашувга тайёргарлик кўргандик. Қизил карточка олганимиз ўйинда туб бурилиш ясади. Иккита стандартдан иккита гол ўтказиб юбордик. Майдонда бир ўйинчи кам бўлиб қолганимизга қарамай охиригача курашдик.

- "БухДУ" жамоасида мавсум давомида учинчи марта бош мураббий ўзгарди. Аввалги мураббий кетиши натижалар билан боғлиқми?

- Буни раҳбарият билади. Мавсум якунига олтита тур қолганида жамоани қабул қилиб олдим. Биринчи ўйинимиз "Лочин" билан бўлганди.

- Сизнинг бошқарувингизда натижалар қандай кўриниш олди?

- Менга қўйилган вазифа жамоани Пролигада сақлаб қолиш эди. Буни уддаладик, биз Пролигада қолдик. Ўтказилган олтита ўйинда "Пахтакор фарм"ни мағлуб этдик ва "ТерДУ" билан техник ғалабага эришдик.

- Пролигада иштирок қанчалик тажриба берди?

- Жамоамиз асосан ёшлардан иборат. Муҳими, уларга имкон бериб кучли жамоаларга тайёрлашга ҳаракат қилдик. Йил бошида қандай мақсад қўйилганди, бундан хабарим йўқ. Бир қатор яхши ёшларимиз бор, насиб қилса уларни келаси йил кучли жамоаларда кўрамиз.

- Ислом Бойсариев доим шунақа қўпол ўйнайдими ёки "Шўртан"га қарши шундай бўлдими?

- Ҳар бир футболчининг ўз характери бор. Ҳеч ким майдонга тушиб ҳозир қизил карточка оламан демайди. Биз доим футболчиларга ҳиссиётларни жиловлаш керак, тартибли бўлиш керак деймиз. Менимча, бу вазиятдаги ҳолат қизил карточкага тортмасди. Бойсариев аввал "Шўртан"да ўйнаган, у собиқ жамоасига қарши ўзини кўрсатишни истаганди, лекин бунинг тескариси бўлди. Биз ҳар қандай вазиятда футболчини руҳан қўллаб-қувватлаймиз. Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради.

- Кейинги мавсум учун режа тузилганми?

- Режалар бор, бу борада раҳбарият билан яна гаплашамиз. 30 ноябрларда йиғин бошламоқчимиз.

- Кўп жамоалар бу мавсум пулдан қийналди. Сизнинг жамоангизда вазият қандай?

- Жиддий муаммо кузатилмади. Кам бўлса-да, вақтида ойликларни олиб турибмиз. Мукофот пулларимиз ҳам бор.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia