

– Ўйин ҳақидаги фикрларингиз?
– Бу жуда аламли мағлубият бўлди. Иккинчи марта ўйин сўнгида мана шундай аламли гол ўтказиб юборяпмиз. Учрашув охирида йўл қўйилган бу хато, умуман олганда, тушунарсиз ҳолат бўлди. Футболчимиз оддий вазиятда, ўйин давом этаётган бир пайтда нимани кўрсатмоқчи бўлганига ҳайронман. Ғалаба қозонишимиз мумкин бўлган ўйинда, яна оддий вазиятда сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбордик. Шу сабабли, бугун икки очкони бой бердик, деб ҳисоблайман.
– Ўйиндан қониқиш ҳосил қилмаганингиз кўриниб турибди.
– Албатта, бугунги баҳсдан умуман кўнглим тўлгани йўқ. Боиси, оддий вазиятларда иккита гол ўтказиб юбордик. Ўйин давомида тўлиқ устунлик қилдик, жуда кўп хавфли вазиятлар яратдик. Рақиб эса ўзига берилган иккита имкониятдан унумли фойдаланиб кетди. Бу жуда оғир ва аламли ҳолат. Чунки мазкур ўйин учун катта меҳнат қилган эдик. Бугун футболчилар майдонда катта ҳажмдаги ишни бажаришди. Аммо, минг афсуски, арзимаган хато сабаб сўнгги дақиқаларда яна гол ўтказиб юбордик. Бугунги учрашувда мағлубиятга мутлақо лойиқ эмасдик. Ҳозир ҳис-туйғуларимни ифодалаб беришим қийин. Бу вазиятни мураббий сифатида ўзим ҳам кечира олмайман. Бугун ғалабани қўлдан бой бердик. Бу жуда ачинарли ва афсусланарли ҳолат.



