Алишер Одилов Элит ОЧЛ ўйинидаги вазиятга изоҳ берди

Aslanov Jasurbek
4 ноя 2026, 13:57
Алишер Одилов "Трактор" ҳамда "Нефтчи" ўртасида ўтказилган Элит ОЧЛ учрашувида содир бўлган воқеаларга изоҳ берди ва кечирим сўради.

“Ассалому алайкум, қадрли футбол мухлислари!

Аввало, учрашувдан кейин юзага келган вазиятга бефарқ бўлмаган, мени қўллаб-қувватлаган ва тўғри тушунган барча инсонларга самимий миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.

Учрашувнинг сўнгги дақиқаларида жамоадошим, ошнам Иброҳимҳалил Йўлдошевнинг майдондаги ҳолатини энг яқиндан кўриб, унга ёрдам бердим ва буни ўзимнинг инсоний бурчим деб билдим ва биламан. Чунки баъзи вазиятларда футболчи сифатидаги мақоминг, жамоанг ёки ўйиндаги ҳисоб эмас, аввало, инсон эканлигинг муҳим аҳамият касб этади.

Футбол — ҳиссиётлар, кураш ва рақобат майдони. Унда ҳар ким ғалаба қозонишни истайди, ҳар бир очко учун бор кучини сарфлайди. Аммо ҳаётда шундай қадриятлар борки, уларни ҳеч қандай натижа билан ўлчаб бўлмайди. Инсон саломатлиги, ўзаро ҳурмат ва бир-бирига бўлган меҳр ана шундай қадриятлардандир.

Ушбу ҳолатга тўғри баҳо берган, мени турли танқидлардан ҳимоя қилган ва энг муҳими, вазиятга инсон кўзи билан қараган барча мухлисларга алоҳида раҳмат айтаман.

Иброҳимҳалилга эса тезроқ соғайиб, майдонларга янада кучли бўлиб қайтишини тилайман. Футболда ҳали биргаликда кўплаб ғалабалар, кубоклар ва унутилмас лаҳзалар олдинда! Футболкани эмоцияда ташлаворганим учун барча “Нефтчи” муҳлисларидан узур сўрайман бу қилган ишим нотўғри эди.

Зеро, инсоннинг буюклиги унинг майдондаги ғалабалари билан эмас, балки ҳаётнинг синовли лаҳзаларида қандай инсон бўлиб қолиши билан ўлчанади.

Футбол бизни рақобатга чорлайди, инсонийлик эса бирлаштиради!

Ҳурмат билан,

Алишер Одилов”.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: https://www.instagram.com/p/DfUBz_JNlkO/?xtok=MTU4Z3I5Y3g5eHNkdA==

Сўнгги янгиликлар

Барча ›