

Тошев Sport24 нашрига берган интервьюсида италиялик мутахассиснинг Ўзбекистон миллий терма жамоасидан кетиши ҳақидаги маълумотларни рад этди.
"Бу хабарлар шунчаки миш-мишдан бошқа нарса эмас. Фабио Каннаваронинг федерациямиз билан амалдаги шартномаси бор ва у миллий терма жамоа бош мураббийи бўлиб қолмоқда.
Осиё кубоги муддатининг ўзгартирилиши ҳақидаги сўнгги хабарларга келсак, мусобақа ўтказиладиган аниқ саналар бизга кейинроқ маълум қилинади.
Ҳозирча Каннаваронинг Ўзбекистон миллий терма жамоасидан кетиши ҳақида гап-сўз йўқ. Россияга қарши бўлажак ўртоқлик учрашувида ҳам жамоамизни айнан Фабио бошқаради", – деди Тошев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ таниқли инсайдер Фабрицио Романо Осиё кубоги-2027 мусобақасининг ўтказилиш муддати ўзгартирилганидан сўнг Каннаваро Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигидан кетиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди.
Шундан сўнг Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий баёнот эълон қилиб, мазкур хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Россия миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 12 ноябрь куни Тошкентдаги "Пахтакор" марказий стадионида бўлиб ўтади. Баҳс соат 20:00 да бошланади.


