

Шимолий Македония футбол федерацияси маълум қилишича, бош мураббий Гоце Седлоски УЕФА Миллатлар лигасининг ноябрь ойидаги учрашувлари учун 26 нафар футболчидан иборат рўйхатни эълон қилди. Ундан "Сўғдиёна" ярим ҳимоячиси Люпче Дориев ҳам ўрин олди.
Шимолий Македония миллий терма жамоаси 13 ноябрь куни Глазгода Шотландияга қарши майдонга тушади. Жамоа 16 ноябрда эса Скопьедаги "Тодор Проески" миллий стадионида Словенияни қабул қилади.
Шунингдек, "Сўғдиёна" ҳимоячиси Зоир Жўрабоев ҳам Тожикистон миллий терма жамоасига жалб қилинди.
Тожикистон футбол федерацияси хабар беришича, бош мураббий Игор Ангеловский Таиландда ўтказиладиган "King's Cup-2026" халқаро турнири учун 24 нафар футболчидан иборат якуний таркибни эълон қилди.
Тожикистон терма жамоаси 14 ноябрь куни мусобақанинг ярим финалида Уммонга қарши ўйнайди. Иккинчи ярим финалда Таиланд ва Бруней терма жамоалари ўзаро тўқнаш келади.
Мусобақанинг финали ва учинчи ўрин учун баҳс 17 ноябрь куни ўтказилади.



