Ислом Исмоилов: “Ҳеч қайси стадион “Истиқлол”га етмайди”

2 ноя 2026, 00:01
"Нефтчи" бош мураббийи Ислом Исмоилов "Трактор"га қарши Элит Осиё Чемпионлар лигаси 4-тур доирасидаги ўйиндан олдин матбуот анжуманида иштирок этди.

Ислом Исмоилов: Учрашувга етарлича тайёргарлик кўриш учун бизда вақт бўлди. Жамоа бўлажак учрашувга ҳар томонлама тайёр. Албатта, эртанги рақибимиз Осиёнинг кучли жамоаларидан бири ҳисобланади. Эрон клублари доимо ижобий таассурот қолдириб келган. Ўйлайманки, эртага бизни жуда қизиқарли учрашув кутмоқда.

— Эртанги баҳсда Кофи Куао ҳамда Икром Алибоевнинг йўқлиги қанчалик билинади? Жамоада уларнинг ўрнини тўлдиришга қодир муносиб ўринбосарлар борми?

Ислом Исмоилов: Албатта, жамоада ҳар бир футболчининг ўз ўрни бор. Эртага нафақат Икром Алибоев ва Кофи Куао, балки яна икки-уч нафар футболчимиз ҳам майдонга туша олмайди. Улар жамоамиз учун муҳим футболчилар ҳисобланади. Бироқ бизда тенг кучли ва мувозанатли таркиб шаклланган, барча футболчилар ўзларига билдирилган ишончни оқлай оладилар. Ўйлайманки, эртага майдонда ҳаракат қиладиган футболчилар сафда бўлмаган жамоадошларининг йўқлигини сездиришмайди. Худо хоҳласа, бу омил ўйинимизга салбий таъсир кўрсатмайди.

— Таъкидланганидек, рақиб анча кучли, халқаро майдонларда катта тажрибага эга ва футболчиларининг маҳорати ҳам юқори. Умуман олганда, эртанги учрашувда “Нефтчи”нинг асосий устунлиги нимада бўлади?

— Ўйиннинг боришидан келиб чиқиб, барча жабҳаларда устунлик қилишга ҳаракат қиламиз. Бироқ бу футбол — олдиндан айнан қайси жиҳатларда устунлик қила олишимизни қатъий айтиб бўлмайди. Шунга қарамай, эртанги ўйинда муваффақиятли қатнашиб, ижобий натижа қайд этиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз. Ўзингиз қайд этганингиздек, рақиб юқори савиядаги жамоа бўлиб, унинг таркибида Эрон миллий терма жамоасининг бир нечта аъзолари тўп суради. Шу боис бизни осон учрашув кутмаяпти. Умуман, ушбу Элит лигада бирорта ҳам ўйин осон кечмаётганини кузатяпмиз. Барча рақиблар муносиб қаршилик кўрсатмоқда. Шу сабабли ҳозирча қайсидир аниқ устунликни ажратиб кўрсата олмайман.

— “Нефтчи” мазкур учрашувни меҳмонда, аниқроғи нейтрал майдонда ўтказади. Фарғонадан 200 га яқин мухлис ташриф буюрди. Шунингдек, Дубай ва Уммондаги ватандошларимиз ҳам келишаётгани маълум бўлди. Жамоа эртага ўзини худди ўз майдонида ўйнаётгандек ҳис қила оладими?

— Албатта, бу жуда қувонарли ҳолат. Мухлисларимиз қанчалик кўп бўлса, бу бизнинг ютуғимиздир. Жамоани қўллаб-қувватлаш учун мухлисларга барча шароитларни яратиб бераётгани учун раҳбариятга миннатдорлик билдираман. Ўзимизни уйдагидек ҳис қилишга ҳаракат қиламиз, аммо ҳеч қайси стадион “Истиқлол”га етмайди. “Истиқлол” биз учун доимо қадрли. Шундай бўлса-да, эртага имкон қадар ўзимизни ўз майдонимиздагидек тутишга ҳаракат қиламиз.

— “Нефтчи”нинг ўйинлар тақвими анча тиғиз. Етакчи футболчиларнинг жароҳат олишига кетма-кет баҳсларда тўлиқ иштирок этиши қанчалик таъсир кўрсатди? Масалан, ижтимоий тармоқларда Кофи Куаонинг ҳар бир ўйинда тўлиқ майдонда бўлгани унинг жароҳат олишига сабаб бўлди, деган фикрлар билдирилмоқда.
— Бу табиий ҳолат ва, албатта, ўз таъсирини ўтказади. Сабаби, жамоа сўнгги пайтларда турли мусобақаларда иштирок этмоқда, турли давлатларга сафар қиляпмиз, ҳар хил иқлим ва шароитларда ўйинлар ўтказяпмиз. Баъзида ғалаба қозоняпмиз, баъзида мағлуб бўляпмиз. Бу ерда нафақат жисмоний, балки руҳий толиқиш ҳам бор. Айниқса, ҳозир мавсум охири бўлгани учун бу омиллар футболчиларнинг ҳолатига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Шуларни инобатга олган ҳолда, ҳар бир учрашувда зарур ротацияларни амалга оширишга ҳаракат қиляпмиз. Мавсум ҳали якунлангани йўқ, энг муҳим паллага кирмоқдамиз. Бу ерда ҳам натижага эришиш, ҳам футболчиларни жиддий жароҳатлардан асраш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу мураббий учун мураккаб жараён, аммо унга ечим топиш учун тинмай ҳаракат қиляпмиз. Ўйлайманки, режаларимиз мавсум сўнгида бу ҳолатдан муваффақиятли чиқиб кетишимизга ёрдам беради.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›