

25-турнинг энг яхши дарвозабони — Даврон Мерганов (“Сурхон”)
"Сурхон" ортда қолган турда сафарда "Бухоро" билан нурсиз дуранг қайд этди (0:0). Аммо мазкур баҳс термизликлар посбони Даврон Мерганов учун ҳақиқий бенефига айланди: дарвозабон 6 бор сэйв кўрсатиб, жамоасини муқаррар голлардан қутқариб қолди. Кўрсатган ишончли ўйини сабабли Мерганов Championat.asia талқинига кўра турнинг энг яхши дарвозабони деб топилди.

25-турнинг энг яхши мураббийи — Ислом Исмоилов (“Нефтчи”)
"Нефтчи" мазкур турнинг марказий тўқнашувида ўз майдонида "Пахтакор"ни 3:1 ҳисобида таслим этди ва "шерлар" билан орадаги фарқни 5 очкога етказиб, чемпионлик сари улкан қадам ташлади. Ёш мутахассис Ислом Исмоиловнинг пухта тактик режаси ва майдондаги юришлари Фарғона клубига ҳақли ғалаба келтирди ҳамда унга тур мураббийи мақомини тақдим этди.

25-турнинг энг яхши футболчиси — Стипе Перица (“Нефтчи”)
"Нефтчи"нинг илк голига муаллифлик қилган ҳамда учинчи голда пенальти ишлаб, баҳс тақдирини ҳал қилган хорватиялик тўпурар Стипе Перица ҳақли равишда турнинг энг яхши футболчиси деб эътироф этилди.

25-турнинг энг чиройли голи муаллифи — Улуғбек Абдуллаев (“Динамо”)
"Андижон" билан кечган кескин баҳсда (1:1) захирадан майдонга тушган қанот ҳимоячиси Улуғбек Абдуллаев чиройли гол уришга эришди. Унинг олис масофадан дарвозабон устидан ошириб ташлаган ақл бовар қилмас аниқ ва нафис зарбасидан кейин киритилган тўп ҳақли равишда турнинг энг чиройли голи деб тан олинди.




