

Бу ҳақда жамоанинг расмий сайти хабар бермоқда.
"Бугун, 4 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда "Реал Мадрид" футбол клуби директорлар кенгаши 67 778-рақамли аъзомиз Рафаэль Надаль Парерани янги кенгаш аъзоси этиб тайинлашни делегатларнинг умумий йиғилиши муҳокамасига киритишга қарор қилди.
"Реал"нинг фахрий аъзоси бўлган Надаль спорт тарихидаги энг буюк афсоналардан бири, шунингдек, дунёдаги энг ҳурматли ва таниқли испан спортчиларидан саналади. Шундай спорт ва инсоний миқёсдаги шахснинг клубимизнинг бугунги куни ҳамда келажагига ҳисса қўшиш учун директорлар кенгашига қўшилаётгани барча мадридисталар учун катта шарафдир.
92 та шахсий соврин, жумладан "Катта дубулға" турнирларидаги 22 та ғалаба, иккита Олимпия олтин медали, Испания терма жамоаси сафида Дэвис Кубогидаги бешта ютуқ ва жаҳоннинг биринчи рақамли тенничиси мақоми билан Рафаэль Надаль чиндан ҳам афсонавий фаолият олиб борди. Бироқ унинг шахси шунчаки спортдаги ютуқлардан кўра кенгроқ маънони англатади: истеъдоди, доимий ўз устида ишлаши, фидойилиги, рақобат руҳи, камтарлиги ва рақибларига бўлган ҳурмати уни ҳам кортда, ҳам ундан ташқарида ўрнак бўлишга лойиқ қилади. Бу қадриятлар "Реал" ўзига хослигининг ажралмас қисми ҳисобланади ва Рафаэль уларни бутун фаолияти давомида муносиб ҳимоя қилиб, бутун дунёдаги миллионлаб инсонлар учун кумирга айланди", — дейилади расмий баёнотда.



