Рўзиқул Бердиев: "Эртага ҳал қилувчи ўйинлардан бирини ўтказамиз"

Sherzod Nurmatov
27 окт 2026, 17:24
ОЧЛ 2 мусобақаси 3-туридан ўрин олган "Насаф" – "Ал Кувайт" (Кувайт) учрашувидан олдин матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев ва ярим ҳимоячи Ойбек Рустамов иштирок этди. 

“Тайёргарлигимизни одатдагидек олиб бордик. Ўтган сафарги ўйиндан кейин йигитларни тиклашга, бўлажак ўйинга тайёрлашга ҳаракат қилдик. Йигитларга керакли ахборотларни бердик. Ўйлайманки, ҳамма тарафдан бу ўйинга тайёрмиз. Эртага ҳал қилувчи ўйинлардан бирини ўтказамиз. Шунинг учун тайёргарлигимиз жиддий ва бу ўйинга ғалаба учун 100 фоиз, керак бўлса ундан кўп фоизда максимал ҳаракат қилишимиз керак”, – деди Бердиев.

“Рўзиқул ака айтиб ўтганларидек, эртанги ўйинга тайёргарлигимиз яхши бўлди. Худо хоҳласа, мухлисларимизни хурсанд қиламиз”, – деди Рустамов.

11.jpg

- Рақибни қай даражада ўргандингиз?

- Рақибни жуда ҳам яхши биламиз. Яқин йилларда уларга қарши ўйнагандик. Ўша таркибдан бизга қарши баҳс юритганлар ҳозир ҳам бор. Бу жамоада тажриба катта ва ўз мамлакатининг етакчи жамоаси ҳисобланади. Айни пайтда чемпионатида биринчи ўринда кетмоқда. Охирги ўйинларини йирик ҳисоблардаги ғалабалар билан тугатиб, Қаршига яхши кайфиятда келди. Улар 3 кун олдин келган. Об-ҳавога мослашиш учун машғулотларини Қарши шаҳрида олиб борди. “Ал Кувайт” — ўйинни яхши ташкил қиладиган, тезкор футбол ўйнайдиган жамоа. Шунинг учун эртанги баҳсга жиддий ёндашамиз.

- Рақибнинг қайси жиҳатлари “Насаф”га хавф туғдиради?

- Ҳозир айтиб ўтганимдек, рақиб анча тезкор, техникага ёндашиб ўйнайдиган футболчилари бор, жамоавий ўйини ҳам шунга яраша шаклланган. Ҳужум чизиғида малакали ва тажрибали ўйинчилар ўйнайди. Бу — уларнинг устун тарафлари. Йигитларга бу борада етарлича тушунча берганмиз.

12.jpg

- Суперлига ўйинларида Шароф Муҳитдинов билан Аденис Шалани захирадан майдонга туширдингиз. Уларни бу ўйин учун сақлаганмидингиз?

- Худди шундай. Уларни эртанги бўладиган ўйинга эътиборга олиб, нафақат иккаласига, бошқа ўйинчиларга ҳам кучимизни тежаган ҳолда дам берган эдик. Ўйлайманки, эртага майдонда уларнинг ёрдами тегади.

- “Насаф”нинг гуруҳдан чиқиш имкониятларини неча фоизга баҳолайсиз?

- Турнир муҳим палласига кирди. Мақсадга эришадиган, натижа қиладиган пайт келди. Албатта, шунинг учун бизни фақат ғалаба қониқтиради. Щйлайманки, йигитлар бор куч-маҳоратини ишга солишади. Албатта, баҳолашга ҳали эрта, лекин эртанги ўйин кўп нарсани ҳал қилади.

13.jpg

- Ойбекка савол: Сиз "Насаф"да биринчи йил ўйнаяпсиз. ОЧЛ 2 ўйинларининг қайси тарафлари сизга кучли ҳаяжон беряпти?

- ОЧЛ 2 турнирида ўйнаш ҳамма футболчининг орзуси деб ўйлайман. Ҳаяжон ҳаммада бўлиши мумкин. Бу лигага чиққандан кейин бизда ҳаяжон йўқолади. Ҳозирги кунда Суперлигамиз ҳам яхши даражада, рақобат кучли. Деярли кучсиз жамоа йўқ. Даражаси озгина фарқ қилади холос. Худо хоҳласа, эртага ғалабамиз орқали мухлисларни шод этамиз.

Эслатиб ўтамиз, учрашув 28 октябрь куни Қаршидаги “Марказий” стадионида 18:45 да бошланади.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia