Рўзиқул Бердиев: "Пенальтини Бобир амалга оширишини кутмагандим"

Aslanov Jasurbek
24 окт 2026, 22:23
Суперлиганинг 25-туридан ўрин олган "Насаф" – "Сўғдиёна" (2:1) ўйинидан кейин мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжмунида иштирок этди.

– Ўйин ҳақида фикрларингиз...
– Мухлисларимиз ва жамоамизни ғалаба билан табриклайман! Ҳисоб 2:0 кўринишига келганидан сўнг, йигитларга мавсум сўнги яқинлашаётганини таъкидладик. Натижани сақлаб қолиш ва кейинги баҳслар учун кучни тежаш талаб этиларди ва йигитлар бунга эътибор қаратишди. Бироқ, ўйин охирида "Сўғдиёна" яратган хавфли вазиятлар бизни бироз хавотирга солди. Шуни ҳисобга олмаганда, муҳим ғалабага эришдик. "Сўғдиёна" – кучли жамоалардан бири. Уларнинг таркибида индивидуал маҳорати юқори футболчилар кўп, айниқса, стандарт вазиятлардан унумли фойдаланишади. Буни бугунги ўйинда ҳам кўрсатишга ҳаракат қилишди. Биз шогирдларимизга айнан шундай вазиятларда хавфли ўйинчилардан эҳтиёт бўлишни уқтирган эдик ва улар бу вазифани уддалашди. Ўйин қийин кечган бўлса-да, ғалаба қозондик.

– Шароф Муҳиддинов ва Аденис Шаланинг майдонга тушиши ўйиннинг қайси жиҳатларини жонлантирди?

– Биласизми, баъзи йигитларда чарчоқ аломатлари сезилгани ва кейинги ўйинларга куч сақлаш мақсадида ротацияларни амалга оширдик. Майдонга тушганлар ўйинни кучайтириши керак эди. Бироқ, Шала илк бор захирадан майдонга тушгани учунми ёки ҳаяжон сабабми, ўйинга тўлиқ киришиб кета олмади. Асосий мақсадимиз футболчиларга дам бериш ва ўйин темпини янада ошириш эди. Аммо, юқорида таъкидлаганимдек, асосий эътиборни ҳимояга қаратиб қўйдик. Захирадан майдонга туширишнинг яна бир сабаби – учрашувлар орасидаги вақт жуда қисқа бўлиб, қаердадир кучимизни тежашимиз зарур эди. Шу боис Зафармурод, Шароф ва Шала каби футболчиларга дам бердик. Ўйлайманки, йигитлар ўзларида етарли мотивация ва кейинги ўйин учун куч топа олишади.

– Бу галги пенальтини Бобир Абдихолиқов ижро этди. Бу футболчининг шахсий ташаббуси бўлдими?
– Очиғи, Бобирдан кутмаган эдим. Лекин унга қойил қолиш керак – масъулиятни ўз зиммасига олиб, пенальтини ишончли тарзда амалга оширди. Албатта, бундан хурсандмиз. Унга сўнгги ўйинларда гол зарурлигини ўзига ҳам айтган эдим. Менимча, бу тўғри қарор бўлди ва у жамоа ғалабасига ўз ҳиссасини қўшди.

– "Насаф" бугун 4-ўринга кўтарилиб олди, мавсум якунланишига ҳам оз вақт қолмоқда. Сизнингча, жамоа 3-ўринни "Навбаҳор"дан тортиб олиш имкониятига эгами?
– Олдинда яна 5 та тур бор. 6 очколик тафовут, назаримда, анча катта фарқ. Шунга қарамай, имкон қадар юқорироқ ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Қолган 5 та учрашувни муносиб ўтказсак, турнир жадвалидаги ҳолатимиз анча яхшиланади. Кўриб турганингиздек, 5-6 та жамоа 4-5 ўринлар атрофида кетма-кет бормоқда. Биз асосий эътиборни ўйинларни сифатли ўтказиш ва юқорироқ натижа қайд этишга қаратишимиз лозим.

– Давралар оралиғида легионерларнинг трансфери омадсиз чиққанидан норози эканингизни билдирган эдингиз. Мавсум якунида улар билан шартнома масаласи қандай ҳал этилади? Масалан, бутун мавсум давомида уларнинг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилмадингиз, бироқ ҳозир Шалада ўзгариш бор, бугун Пата ҳам юқори балл олди. Умуман олганда, улар олиб қолинадими ёки жамоани тарк этадими?
– Мен норози бўлмаганман, шунчаки клубнинг имкониятларидан келиб чиқиб фикр билдирган эдим. Менинг мақсадим бундан-да кучлироқ легионерларни таклиф қилиш эди. Шала масаласига келсак, у майдонда жуда катта ҳажмдаги қора меҳнатни бажаради. Ўйлайманки, клуб уни олиб қолишга ҳаракат қилади. Легионерларимиз у қадар кўп эмаслигининг сабаби барчага маълум, буни қайта гапиришнинг ҳожати йўқ. Клубнинг кейинги режалари ва мақсадларидан келиб чиқиб, таркиб шакллантирилади. Кимдир қолиши, кимдир кетиши табиий ҳол. Шу боис ҳозирча бу борада аниқ бир фикр билдира олмайман.

– Навбатдаги саволим бевосита ўйинга эмас, балки "Насаф" тарихига тегишли. Яқинда "Насаф"нинг 2003 йилдаги таркиби эълон қилинганини ўқидим ва изоҳларда кўпчилик ўша пайтдаги ўйинларни шарҳлаган Ҳасан Темировнинг ибораларини ёдга олган экан. У киши сиз иштирок этган баҳсларни ҳам шарҳлаган. Ҳасан аканинг сизга нисбатан ишлатган қандай таъриф ёки терминлари ёдингизда қолган?
– Орадан анча йиллар, қарийб 25 йил ўтибди. Бироқ яхши эслайман, Осиё Чемпионлар Лигасидан олдинги мусобақа – Осиё Кубок эгалари кубоги турнирида гуруҳдан чиқиб, 4-ўринни эгаллаган эдик. Негадир шу натижани камдан-кам эслашади. Ўшанда Ҳасан аканинг мен ҳақимда айтган бир парча шарҳи бор эди: "Сардоримиз олдинга интиляпти, меҳнат қиляпти". Шу жойини кесиб олиб, ўзига ҳам ташлаб бергандим, бу видео ҳолигача телефонимда сақланади. Ҳасан Темиров биз учун фахрли инсонлардан бири, ўз овози ва услубига эга бетакрор шарҳловчи. Футболимиз ривожи ва уни ёритишга жуда катта ҳисса қўшган. Вақти келиб, мураббийлар сиз журналистлар ҳақида ҳам худди шундай илиқ фикрларни билдиришади, чунки бу жараёнда сизларнинг ҳам меҳнатингиз бор. Ҳасан акани ҳаммамиз яхши кўрамиз ва ҳурмат қиламиз. Айниқса, стандарт вазиятлардаги ҳаяжонли овози ҳанузгача қулоғимиз остида жаранглайди. Мухлислар унинг айнан мана шундай жўшқинлигини соғинишади. Унинг "Балли, Бердиев!" деган жумласи ҳамон ёдимда. Менда ўша пайтдаги эски кассеталар сақланиб қолган, вақт топиб, ўша лавҳаларни сизларга ҳам улашаман.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia