Остон Ўрунов жароҳатидан тикланди ва "Насажи"га қарши ўйинга тайёр

Оқил Абдубарноев
27 окт 2026, 15:57
Эроннинг "Персеполис" клубида тўп тепаётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов жароҳатидан тикланди ва жамоасининг навбатдаги учрашувида майдонга тушиши мумкин.

Эроннинг Varzesh3 нашри хабар беришича, ўзбекистонлик футболчининг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар бартараф этилган ва у "Насажи"га қарши ўйинда иштирок этишга тайёр.

Эслатиб ўтамиз, Ўрунов "Фулад"га қарши учрашувни ўтказиб юборганди. "Персеполис" бош мураббийи Меҳди Тартар футболчининг саломатлиги билан таваккал қилмаслик мақсадида уни ўйин қайдномасига киритмаган эди.

Эндиликда Ўруновнинг ҳолати яхшиланган ва у шанба куни бўлиб ўтадиган "Насажи"га қарши учрашувда жамоасига ёрдам бериши кутилмоқда.

Маълумот учун, "Персеполис" Эрон чемпионатининг сўнгги турида ўз майдонида "Фулад"га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Шунга қарамай, Меҳди Тартар шогирдлари турнир жадвалида пешқадамликни сақлаб турибди.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Varzesh3