

"Биринчи бўлимни ёмон ўтказдик. Рақибга имконият бериб қўйдик. Лекин вазиятлар бор эди, пенальтидан фойдаланганимизда бошқача бўлар эди. 0:2 ҳисоби рақиб учун яхши имконият. Иккинчи бўлимда эса яхшироқ ҳаракат қилди. Ҳужумга эътибор бериб, эркинроқ ўйнадик. Менимча, бизга омад етишмади. Иккинчи бўлим бўйича баҳо берсак, бугун мағлуб бўлишга лойиқ эмас эдик", - дея гап бошлади Рўзиқул Бердиев.
- Баҳромов ва Абдиҳолиқовни асосан асосий таркибда кўрар эдик, аммо улар бугун иккинчи майдонга ўйинга қўшилишди. Бунинг сабаби нимада?
- Сардорга бироз дам беришга қарор қилдик. Бунга қадар у жуда зич тақвим остида ўйнаганди. Бобирни эса сўнгги ўйинлардаги иштироки туфайли майдонга туширдик. Ҳужумчи ўз вазифасини яхши бажармаяптими, уни захирага олишимиз керак. Кейинги ўйинлар ҳақида ҳам ўйлашимиз керак эди.
- Пенальтини бошқа футболчи ижро этса бўлмасмиди?
- Мен Шароф тепса керак деб ўйлагандим. Машғулотларда ҳам кўп маротаба пенальти тепар эди. Негадир Абдувоҳид пенальти тепишга қарор қилди.
- "Насаф"да жуда кўп имкониятлар бўлди. Улардан унумли фойдалана олмаганингизга нима сабаб бўлди?
- Руҳий жиҳатдан тайёр бўлиш. Биринчи голдан сўнг йигитларда ҳаяжон сезилгандек. Билмадим, сабаб нимада. Жамоада бугун ҳаяжон бор эди. Оддий голларни ўтказиб юбордик. Бу ҳақда ҳар доим гапирамиз, аммо майдонга чиққанда барчаси унутилиб кетяпти. Эътибор берган бўлсангиз 0:2 ҳисобида ортга бўлган бўлсак ҳам танаффусдан сўнг кўп вазиятлар яратдик. Футболчилар шошилинч ҳолат ва ҳаяжон устида нотўғри қарорлар қабул қилишди. Стандартлардан яхшироқ фойдалансак бўларди. Бўйи узун йигитлар кўп-ку. Комбинациялр орқали ўйнайдиган вақти эса зарба йўллаяпмиз.
Рақиб ҳақида ҳам гапириб ўтишимиз керак. Рақиб анча маҳоратли жамоа эканлиги ва таркибида ўта иқтидорли футболчилар бор эканлигини исботлади. Лекин шунга қарамай, жамоамиз ўйини рақибникидан қолишмади. Иккита оддий голни ҳисобга олмаганда.
- Бир қарашда ўз дарвозасини ташлаб келиб, пенальти тепиш жуда катта таваккал. Вазият бўйича сизнинг фикрингиз қандай?
- Абдувоҳид сўнгги ўйинда пенальтини амалга оширгани балки бошқа футболчиларга ҳам таъсир ўтказгандир. Биз кўрсатма берганимизда, кимда ишонч бўлса, ўша тепиши керак деб айтамиз. Дастлаб тўпга Шароф келган эди, аммо якунда зарбани Неъматов ижро этди. Бу таваккалчилик. Агар пенальтидан гол урганида барчаси тўғри бўлиб чиқарди. Бу клубнинг ичидаги қарор. Йигитлар шундай қарор қабул қилишди.
- Неъматовга бўлган танқид кўпаяди. Неъматов МТЖда ҳам босим остида ўйнаб келяпти. Бугунги вазиятдан сўнг дарвозабон позициясига бўлган муносабатингиз ўзгарадими? Бошқа дарвозабонларга имкон бериладими?
- Абдувоҳидга ҳеч қандай босим йўқ. У барчасига бардош бера олади. Бизда захира бор. Вазиятга қараб қарор қабул қиламиз. Билмадим, балки сиз менга "комментария"даги фикрларни айтишингиз мумкин. Лекин футболчилар умуман "комментария"ларни ўқимайди. Биз жамоага ишонамиз. Неъматов кўплаб ўйинларни ютиб берган. Неъматовга биз тарафдан ҳеч қандай босим бўлмайди. Агар кимдир Абдувоҳидга "негатив" ёзса, бу бизнинг муаммо эмас.



