Рўзиқул Бердиев: "Ўйиндан кейин Алибекка, агарда гол урмаганингда, жазонинг зўрини олардинг, деб айтдим"

10 окт 2026, 00:11
Суперлиганинг 23-тури доирасида "Насаф" - "Динамо" (2:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ўз фикрларини билдирди.

- Қисқа қилиб айтганда очиқ ўйин бўлди. Бу иккала жамоа учун ҳам ҳос. Биз бунда чиройли ғалабага эришдик. Буни мухлислар ҳам кўрди. Ғалаба билан барчани табриклайман. Биринчи бўлимда "Динамо" жамоаси қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилди ва бир қанча вазиятларга эга бўлди. Агарда биринчи бўлимда битта гол урганимизда, иккинчи бўлим бошқача ўтарди. Балки "Динамо"нинг жисмоний тайёргарлиги сабабдир, иккинчи таймда биз кўпроқ имкониятга эга бўлдик. Бир икки вазиятдаги қарши ҳужумларни ҳисобга олмасак, "Динамо" кўпроқ ҳимояланди. Биринчи голимиздан кейин позицион хатоликка йўл қўйдик ва бунда "Динамо" футболчиси яхши ҳаракат қилди. Биз охиригача курашдик ва ғалабага эришдик.

- Бир вазиятда тўп "Динамо" футболчисининг қўлига теккандек бўлди ва стадион ларзага келди. Бу ҳолатни кўрдингизми?

- Бундай вазиятга ҳакамларнинг ўзини қарашлари бор. Одатда бундай вазиятларга ҳакамлар пенальти бермаяпти. Намангандаги ўйинимизда ҳам Норчаевнинг қўлига тўп текканда, масофа яқинлиги ва қўлини олиб қоча олмаслигини ҳисобга олишди ва ҳакамлар шундай қарор чиқаришди. Бу ҳолатни аниқ кўрмадим-ку, лекин доимо қарор бир хил бўлмоқда.

- Ўша ҳолатда ВАРга ҳам мурожаат қилинмади.

- Балки ВАРдагилар ҳам ҳолатни кўриб, ҳулоса чиқаришгандир.

- Ўйинда эътибор берсак, Муртозаев яхши ҳаракат қилди. Сардор Баҳромовда эса чарчоқ борлиги кўринди. Уни алмаштирсангиз керак, деб ўйлагандик.

- Сардор Япониядаги мусобақани тўлиқ ўтказди. Шу сабабли чарчоқ бўлиши табиий. Ўйинга қўйганимиз сабаби эса унда ўйин тонуси яхши. Чунки у ўша ўйинларда фаол ҳаракат қилди. Бугун ҳам тўпсиз ҳолатларда яхши ўйнади. Фақат шу дарвоза томон камроқ зарба берди. Лекин катта меҳнат қилди. Дилшод эса марказий ҳимоячи ёки қанот футболчиси бўлиб ҳам ўйнай олади. Унинг кучи кўп. Шу сабабли Шароф Муҳиддиновга дам бериб, уни ўйинга ташладик. Ҳа, айрим вазиятларда унинг паслари яхши бўлмади-ку, керакли пайтда голли пас амалга оширди.

- Учрашувнинг энг яхши футболчисини аниқлаш Сизга юклатилганида, кимни танлаган бўлардингиз?

- Ҳал қилувчи голни урган Алибек Давроновни айтсам, бизга урилган голда унинг хатоси бор эди. Шу сабабли ўйиндан кейин Алибекка, агарда гол урмаганингда, жазонинг зўрини олардинг, деб айтдим. Марказдаги футболчилар қора меҳнат бўйича катта меҳнат қилишяпти. Шу сабабли бугунги ўйин бўйича "Насаф"ни энг яхшиси деб қўя қолайлик. Бугун жамоа характер кўрсатди. Бу жамоанинг характерини кўрсатадиган жуда муҳим нарса. Бутун жамоани мақтаб қўяйлик.

- Юссуф Отубанжода сифат пайдо бўлгандек.

- Олдин ҳам айтганман у рақиб жарима майдонида кутилмаган ҳаракатлари бор. Унинг бугунги ғалабада фойдаси тегди. Ҳужумни кескинлаштиришда яхши ишлади. Унинг ҳаракатлари билан стандартлар ишладик. Ғалабада унинг ёрдами тегди.

- Паата Гудушаурининг ўйини бизга ёқди. Келажакда уни жамоада қандай кўряпсиз?

- Кўрамиз. Ҳали бунга вақт бор. Уларнинг кўпчилигини шартномаси йил охиригача. Шу сабабли вазиятни кўрамиз.

- "Насаф"нинг бир йўла иккала дарвозабони миллий термага жалб қилинмоқда. Бу кейинчалик жамоага қийинчилик туғдирмайдими?

- Ҳа, қийинчилик бўлади. Тайёргарлик олиб бордик-ку, лекин ярим жамоамиз бунда қатнашмади. Абдувоҳид ўйинга бир кун қолганда таркибга келди. Корея ва Японияда бўлган футболчиларга об-ҳавонинг қанчалик таъсир қилишини ҳам ўйлаб кўринг. Бу борада ҳавотир ҳам бор эди. Бугун курашганимизни натижа ва рақибдан устунлик қилганимиз билан кўрсатсак бўлади. Бу ўйин жисмоний тарафдан ҳам муҳим эди. Шу сабабли ғалаба билан табриклайман. Мухлислар барча ўйинларимизда стадионга келиб, қўллаб-қувватлаяпти ва бу футболчиларга куч бермоқда. Кейинги ўйинимиз халқаро ўйин. Бу учрашув учун барча қашқадарёликларни таклиф қиламан. Келинглар, ғалаба учун курашамиз.

- Абдувоҳид Неъматовга авваллари ҳориждан таклифлар бўлган. Ҳозирда унинг чет элга кетиш иштиёқи борми?

- Билмадим. Бу ҳақда у билан гаплашмадим. Вазият қандай бўлишига қараб, у билан гаплашамиз. Бунга қадар ҳам унга зўр таклифлар бўлган, буни шахсан биламан. Лекин у жамоадан кетишни истамаган. Клубига садоқат кўрсатадиган футболчилар бор ва улардан хурсанд бўламиз. Абдувоҳидни биласизлар, у кучли характерга эга футболчи. Хатолари ҳам бўлиб туради. Лекин у руҳан синиб қолгани йўқ. Бу футболчининг кучли характерга эга эканлигидан далолат. Барча футболчиларимизга омад тилаймиз.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia