Рўзиқул Бердиев: "Иккала жамоа ҳам иккита очкони йўқотди"

Aslanov Jasurbek
17 окт 2026, 21:46
Суперлиганинг 24-тури доирасида "Локомотив" - "Насаф" учрашувидан кейин "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида қатнашди.

- Бугунги ўйинда иккала жамоага ҳам ташаббусни олди, деб айтиб бўлмайди. Жамоамизда чарчоқ борлигини билардик ва уларга бироз енгиллик керак эди. Ўз навбатида "Локомотив" жамоаси ҳам "эконом" режимда ўйнади. Балки жамоа 20 октябрь кунги "Нефтчи"га қарши ўйинни эътиборга олгандир. Иккала жамоада ҳам вазиятлар бўлди. Дуранг натижаси ўйинга мос бўлди. "Локомотив" тажрибали футболчиларга эга ва барча ўйинларда яхши ўйин кўрсатмоқда, тўпни яхши назорат қилади. Биз "Локомотив"нинг кучли футболчиларини ёпишга ҳаракат қилдик. Чунки улар исталган вазиятдан фойдаланиб кетишлари мумкин эди. Бунга йигитлар анча эътиборли бўлишди ва иккала жамоа ҳам бир очко билан чекланди.

- Шунда "Насаф" бир очко ишладими ёки икки очко йўқотдими?
- Икки жамоа ҳам ғалаба учун ўйнади ва шу сабабли иккала жамоа иккита очкони йўқотди, десак тўғри бўлади.

- Жамоа олдига вазифа қўйилмаса, чиройли ўйин кўрсатади ва ёшларга кўп имконият берилади. "Насаф" кучли учликка яқинлашиб қолганида, очко йўқотди. Бугунги ўйинда кўп ҳолатларда Абдувоҳид Неъматов тўпни ушлаб олиб, ҳужумга тепиб юбораверди. Олдига вазифа қўйилганда "Насаф"нинг ўйини бироз соддалашади деган фикрга қанчалик қўшиласиз? Ўтган сафар жамоа 2:0 ҳисобида ютқазаётган бўлса-да, одам мазза қилиб томоша қиладиган ўйин кўрсатганди.
- "Локомотив"нинг барча маҳоратли футболчилари ҳужумда ўйнашади. Шу сабабли биз асосий эътиборни ҳимояга қаратиб, қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қилишимиз керак эди. Яхши вазиятлар яратдик, бироқ якунлашнинг иложи бўлмади. Сиз ҳам тўғри айтдингиз, биз яхши ўйин кўрсатяпмиз, лекин ҳужумда самарадорлик етишмаяпти. Самарадорлик яхши бўлган ўйинлар биз учун осон ўтмоқда ва улардан енгил чиқиб кетяпмиз. Ҳар доим йигитлардан очиқроқ футбол кўрсатишни талаб қиламиз. Бироқ чемпион бўлган йилимизда биз натижа учун ўйнаб, ҳимояга ҳам кўпроқ эътибор берганмиз. Ҳозир бизда талаб ёки босим йўқ. Лекин йигитлардан чиройли ўйин кўрсатишини сўраяпмиз. Улар ҳам имконияти ва маҳорати етгунга қадар ҳаракат қилишмоқда.

- "Локомотив"нинг кучли ва кучсиз томонларини айтсангиз.
- "Локомотив"нинг ҳужум чизиғида жуда яхши ижрочилари бор. Ҳар бир қанотдаги ёки ҳужумдаги футболчилари яримта вазиятдан гол уриб кетиши мумкин. Бу "Локомотив"нинг асосий қуроли эди. Жамоа таркибида ёши катта футболчилар кўп. Жисмоний тарафдан биз улардан яхшироқ бўлишимиз керак, деб ўйлагандик. Лекин бизда ҳам тез-тез ўйинлар бўлаётгани жисмоний тарафдан устунлик бермади.

- Сўнгги кунларда ёниб турган мавзуни сўрамасам бўлмайди. Абдувоҳид Неъматовнинг асосий таркибда тушиши - бош мураббийнинг қарори, бунга гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Ўтган ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Бобир Абдихолиқов ўйини чиқмаётгани учун захирада қолдирганини айтдингиз. Ва шунингдек, ким яхшироқ формада бўлиб турган бўлса, шу майдонга тушишини маълум қилдингиз. Ҳозирги "Насаф"нинг дарвозабонлари орасидаги фарқ каттами? Яъни, Неъматов ёмон ўйин ўтказса ҳам, бироз пасайиш бўлса ҳам у асосий таркибда тушади. Икки хил стандарт бўлиб қолмаяптими?
- Дарвозабонни бекорга ярим жамоа дейишмайди. Агарда ёш дарвозабонга имконият берсак, бу жуда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу ерда таваккалчилик кетмайди. Ҳужум чизиғидаги футболчиларни алмаштирсак, билинмаслиги мумкин. Абдувоҳид ва ҳужум чизиғидаги футболчиларнинг нуқталари умуман бошқа-бошқа.

- Сизни биламиз, ёшлар лигасидаги барча ўйинларни томоша қилиб борасиз. Кеча ушбу жамоаларнинг ёшлари ўзаро ўйнади. Бу икки жамоа ушбу мавсумдаги натижалари билан мақтана олмайди. Лекин Сиз "Насаф" таркибидаги футболчилардан асосий таркибга мос футболчини кўрдингизми? Ёки "Локомотив"да "Насаф"га олса бўладиган бирор футболчи борми?
- "Локомотив"нинг ёшларини яхши биламиз, улар яхши. Шодибоев майдонга тушди. 2007 йилда туғилган яна бир зўр футболчиси бор. Улар кечаги ўйинда майдонга тушишмади ва фақатгина ҳужумда Ибраимов ўйнади. У яхши тарафдан ажралиб турди. Шундай ўйинларга борганда биз нафақат ўзимизнинг футболчиларни, балки, рақиб жамоа футболчиларини ҳам кўрамиз. Тўғриси, жуда иқтидорли футболчиларни кўрмадим, ўрта савиядаги футболчилар бор. Умуман олганда кеча иқтидорли футболчиларни "Насаф"да ҳам "Локомотив"да ҳам кўрмадим. Шунга қарамасдан бизнинг футболда иқтидорли футболчилар бор. Фақат уларни топиш керак. Ўйинларни томоша қилишга борганда футболчиларнинг ўсаётгани ёки ўсмаётганини кўриб борамиз. Лекин "Насаф" бош мураббийи сифатида айтаман: ёшлар жамоамизнинг футболчиларидан ҳам кўрсатаётган футболидан ҳам эътирозларимиз бор. Албатта, буни клуб ичида муҳокама қиламиз.

- Дарвозабон - ярим жамоа ва у жамоани олиб чиқиб кетиши мумкин. "Насаф" чемпионлигидан кейин Рўзиқул Бердиевнинг ўзи ҳам прагматик футболга кетиб қолмадими? Ўзингиз ҳам айтдингиз, дарвозабонни алмаштирсам, хавфли бўлиши мумкин, лекин ҳужумчини алмаштирсам, ҳеч бўлмаса дуранг бўлади, деб. Купер ҳам шундай деганди, ҳимояда гол ўтказмасак, ҳужумда гол уриб оламиз. Сизнинг гапларингиздан шу маъно келиб чиқди.
- Бироз қийнадингиз. Бизнинг ўз қарашларимиз бор ва ундан чиқишга ҳаракат қилмаймиз. Буни сўнгги йилларда кўрсатиб келяпмиз. Ўзим ҳам ҳужумкор ва комбинацион ўйин бўлишини хоҳлайман. Лекин бу учун футболчиларнинг маҳорати ва савияси ҳам керак. Буни ўзим яхши тушунаман. Баъзи ҳолатларда футболчиларнинг даражасидан келиб чиқиб, Сиз айтган футболни ҳам ўйнашга мажбур бўламиз. Агар мураббий сифатида ўзингизни кўрсангиз, биласиз. Агарда футболчиларнинг маҳорати мен истаган футболга етмаса, нима ҳам қила олардим. Қаердадир тўғрироқ ва оддийроқ футбол ўйнашимиз керак бўлади.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›