“Ўзбек классикоси”да нотўғри пенальти белгиланди. Суперлиганинг 25-туридаги ҳакамлик таҳлили

Оқил Абдубарноев
27 окт 2026, 14:50
Championat.Asia сайтининг ҳакамлик бўйича эксперти, россиялик собиқ ҳакам Анатолий Синяев ("Алё, рэф!" Telegram-канали) ўз ҳакамлар жамоаси билан биргаликда Ўзбекистон Суперлигасининг 25-туридан ўрин олган баҳсли вазиятларни таҳлил қилди.

❌✅ "Бунёдкор" – "Машъал

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

"Бунёдкор" ҳимоячиси рақибнинг ахилл товони қисмига бутсасининг тишлари билан зарба бериб, унга жиддий жароҳат етказиш хавфини юзага келтирган ҳолда қоида бузмоқда. Тўғри қарор – пенальти ва қўпол қоидабузарлик учун қизил карточка. Бу вазиятда ҳужумкор футболчи томонидан симуляция ишлатилмаган. Бироқ "Машъал" футболчиси майдонга йиқилганидан сўнг дарҳол ўрнидан туриб, ўйинни давом эттиргани сабабли, якунда гол тўғри ҳисобга олинган.

✅ "Бунёдкор" – "Машъал"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

Ҳакам ўйинни давом эттириб, тўғри қарор қабул қилди. "Бунёдкор" ҳимоячисининг қўли танага яқин ва табиий ҳолатда эди.

✅ "Пахтакор" – "Нефтчи"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

Бу вазиятда товонга "босиш" ҳолатини кўрмаяпмиз, аммо "Нефтчи" ҳимоячисининг тиззаси рақиб бутсасига тегганини кўриш мумкин. Мазкур ҳолатда орқада турган футболчи ўз ҳаракатлари учун жавобгардир. Тўғри қарор – эҳтиётсизлик оқибатидаги қоидабузарлик учун пенальти белгилаш.

✅ "Пахтакор" – "Нефтчи"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

Дастлаб футболчилар қўлларидан фойдаланган ҳолда ўзаро кураш олиб боришмоқда, шундан сўнг "Пахтакор" ҳужумчиси ўзаро тўқнашувни кучайтирган ҳолда йиқилмоқда. Фикримизча, ҳакам ўйинни давом эттириш орқали тўғри қарор қабул қилди.

❌ "Пахтакор" – "Нефтчи"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

"Пахтакор" ҳимоячиси томонидан рақибни ушлаб қолиш ҳолати арзимас даражада бўлиб, "Нефтчи" ҳужумчисининг олдинга ҳаракатланишига ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Бизнингча, тўғри қарор – ўйинни давом эттириш.

❌ "Пахтакор" – "Нефтчи"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

Бундай можаролар огоҳлантиришсиз қолмаслиги керак. Мазкур видеога асосланиб, бизнингча, ҳакам тўртта сариқ карточка кўрсатиши лозим эди: "Пахтакор"дан 90 ҳамда 7-рақамли, шунингдек, "Нефтчи"дан 6 ва 20-рақамли футболчиларга.

❌ "Бухоро" – "Сурхон"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

Ҳакам спортга хос бўлмаган хулқ-атвори учун "Сурхон" дарвозабонига сариқ карточка кўрсатиши лозим эди. У жарима майдончасидан чиқиб ҳаракат қилганидан сўнг, тўпни қўлига олиб, майдонга улоқтирди ва шу орқали рақибнинг тўпни тезда ўйинга киритишига тўсқинлик қилди.

✅ "Бухоро" – "Сурхон"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

Ушбу вазиятда ҳакамнинг қарорини қўллаб-қувватлаймиз. Тўғри, тўқнашув кучли эмасди, бироқ бу "Сурхон" ҳужумчисининг олдинга силжишига таъсир қилди. "Бухоро" ҳимоячиси тезликда олдга бораётган ҳужумчини қўли билан "буриб юборди". Бу эса уни мувозанатдан чиқариш учун етарли бўлди. Рақибни яққол гол уриш имкониятидан маҳрум қилгани учун – қизил карточка.

✅❌ "Насаф" – "Сўғдиёна"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

"Сўғдиёна" футболчиси рақибини очиқчасига ушлаб қолиб, унга тўп билан ўйнаш имконини бермаяпти. Тўғри қарор – пенальти ва сариқ карточка.

P.S. Сариқ карточка кўрсатилмаган.

❌ ОКМК – "Қўқон-1912"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

Вазият дарвозадан жуда узоқда, марказда эмас ва тўп тўлиқ ҳужумкор футболчи назоратида бўлмаган ҳолатда содир бўлди. Ушбу яккакурашдан сўнг ОКМК ҳужумчиси тўпни қабул қилиб, дарвозагача яна тахминан 50 метр масофани босиб ўтиши керак эди. Биз учун бу истиқболли ҳужумни барбод қилгани сабабли кўрсатилиши лозим бўлган сариқ карточкадир.

❌ "Динамо" – "Андижон"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

"Динамо" футболчиси юқори тезликда дарвозабонга урилиб кетди ва шу билан бирга тўпга ўйнамади. Бу қўпол ўйин учун бериладиган сариқ карточка ҳисобланади.

❓ "Динамо" – "Андижон"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

Агар "Динамо" футболчиси мазкур вазиятда гол урганида, тўпга қўл билан ўйналганлиги сабабли уни бекор қилиш лозим бўларди.

✅ "Динамо" – "Андижон"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

Ҳакам ўйинни давом эттириб, тўғри қилди. "Андижон" ҳимоячисининг қўли танадан ғайритабиий равишда узоқлашмаган эди ва бу қоидабузарлик саналмайди.

✅ "Қизилқум" – "Локомотив"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

Тўп майдонни тўлиқ тарк этмагани яққол кўриниб турибди, демак, ҳакам ёрдамчиси тўп чиқиб кетмаганлигини қайд этиб, тўғри қарор қабул қилган. "Қизилқум"нинг голи қоидаларга мувофиқ урилган.

✅ "Қизилқум" – "Локомотив"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

ВАР вазиятга тўғри аралашди. Ўйиндан ташқари ҳолат нотўғри қайд этилган, "Қизилқум" ҳимоячисининг ўнг оёғи дарвоза чизиғига яқинроқ эди. Тўғри қарор – гол.

❌❓ "Хоразм" – "Навбаҳор"

БАҲСЛИ ВАЗИЯТ ВИДЕОСИ

Ҳакам голни бекор қилгани йўқ, балки тўп "Хоразм" дарвозасидан жой олгунига қадар бўлган қоидабузарликни қайд этди. ВАР тизими ишлаб турган бир вақтда, тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтганидан сўнг ҳуштак чалиш ва видеоассистентга вазиятни текшириш учун имконият яратиш тўғрироқ бўларди. Ушбу ракурслар орқали ҳакамнинг хато қилганини исботловчи далиллар йўқ. Умумий камерадан ўзаро тўқнашув кўринмоқда, бироқ биз у "Хоразм" ҳимоячисининг йиқилиши, натижада, "Навбаҳор" футболчиси томонидан қоида бузилиши учун етарли ёки етарли эмаслигини тасдиқлай олмаймиз.


Шу тариқа, Суперлиганинг 25-тури учрашувларида ҳакамлар томонидан 8 та хатога йўл қўйилди.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia