Ўзбекистон Кубоги 2-босқич учрашувларидан сўнг мураббийлар фикри

Sherzod Nurmatov
27 мар 2026
Кеча Ўзбекистон Кубогида 2-босқич беллашувлари поёнига етди.

“Оқ-тепа” “Шердор” устидан, “Ҳавоқанд” эса “Жиззах ФА” устидан пенальтилар сериясига кўра ғолиб чиқди ва кейинги босқичга йўл олди.

Беллашувлардан сўнг жамоалар бош мураббийлари фикрларини билдирди.

Ферузбек Маҳмуджонов (“Шердор” жамоаси бош мураббийи):

“Оқ-тепа жамоасини ғалаба билан табриклайман. Қизиқарли ўйинга гувоҳ бўлдик. Биз пенальтилар сериясига тайёргарлик кўрмаган эдик. Рақибимиз эса ушбу жараёнга тайёргарлик кўрган экан. Бу нарса яққол сезилди.

Жамоамиз йиғилганига кўп бўлмади. Ҳатто Кубок мусобақасидан 3 кун олдин жамоамизга келганлар бўлди. Лекин нима бўлганда тақдирда ҳам мусобақада ёмон иштирок этганимиз йўқ. Ўз устимизда ишлашда давом этамиз”.

2.jpg

Сервер Жепаров (“Оқ-тепа” бош мураббийи):

“Йигитларга бугунги ўйин учун раҳмат айтаман. Кўрсатмаларимизнинг деярли барчасини амалга оширишди. Учрашув назоратимиз остида ўтди, деярли 70 фоиз тўп назорати бизда бўлди. Рақиб ҳимояда яхши ҳаракат қилди. Айниқса, қанотда ўйнайдиган икки футболчисини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Биз эса айнан қанотларни ёпишга урғу қаратдик. Албатта, хатоларсиз ўсиб бўлмайди, бу ҳам уларга тажриба бўлди.

Ўтган йилдаги каби бу йил ҳам Кубокнинг гуруҳ босқичида иштирок этишни мақсад қилганмиз. Жиддий рақибларга  қарши баҳслар орқали ёш футболчиларимиз янада тобланишади. Бу клубимизнинг ҳам асосий мақсади”.

1.jpg

Самандар Мелибоев (“Ҳавоқанд” жамоаси бош мураббийи):

“Бугун биринчи ўйиндан ҳам қизиқроқ ўйин гувоҳи бўлдик. Бу гал ҳам омад бизга кулиб боқди. Рақибимиз анча кучли эди. Биз эса энди шаклланаётган жамоамиз. Ҳар бир ўйиндан ўзимиз учун тажриба йиғиб борамиз. Ғалабадан хурсандман.

Футболчиларим пенальтилар сериясига ҳам тайёргарлик кўриб боришганди. Аммо бугун пенальтилар серияси бўлади деб ўйламаган эдик. Мақсадимиз асосий вақтнинг ўзида ғалаба қозониш эди. Бироқ ўйин сериягача чўзилди”.

3.jpg

Достон Орипов ("Жиззах ФА" жамоаси бош мураббийи):

“Жуда эмоцияларга бой ўйин гувоҳига айландик. Ғалаба қозониш ҳам, мағлуб бўлиш ҳам мумкин эди. Афсуски, ғалаба қозона олмадик.

Биз ўйин олдидан жиддий хатога йўл қўйдик. Яъни, пенальтилар сериясига тайёргарлик кўрмадик ва бу бизга ўйинда панд берди. Лекин умумий олганда жамоам ўйинидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилдим.

4.jpg


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia