

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мадрид клуби футболчилари 7 май кунги машғулотда муштлашиб кетишгани, натижада уругвайлик ярим ҳимоячи шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди — унда бош мия жароҳати аниқланиб, чоклар қўйилган. Жамоадошлар ўртасидаги келишмовчилик бундан бир кун олдин бошланган эди. Клуб ҳар икки футболчини 500 минг евродан жаримага тортди.
– "Реал" кийиниш хонасидаги муҳит бузилганми?
– Мен буни билмайман, чунки у ерда эмасман. Кўпчилик "муштлашувлар бўлиб туради, аммо бу ҳақдаги маълумот матбуотга чиқиб кетгани нонормал ҳолат" деб айтди. Менимча, муаммо маълумот тарқалиб кетганида эмас. Асосий муаммо — бундай вазиятларнинг содир бўлиши ва кийиниш хонасида уларнинг оддий ҳолдек қабул қилинишидадир.
Тизимда нимадир нотўғри ишлаяпти. Шу сабабли биз барча жабҳаларни — ҳам спорт, ҳам молиявий томонларни профессионал даражага олиб чиқишимиз керак. Ҳар бир бўлимда ўз ишининг усталари фаолият юритадиган, аниқ иерархия ва унга нисбатан ҳурмат мавжуд бўлган профессионал клубда бундай воқеалар юз бермаслиги лозим.
– Яъни, сиз иерархияга амал қилинмаяпти, демоқчимисиз?
– "Реал" мухлиси сифатида шуни айта оламанки, ҳозирги кунда клубга иерархия, профессионаллар, қадриятлар ва "Реал"нинг ҳақиқий руҳи етишмаяпти. Буларнинг барчаси тансиқ бўлиб қолган.
– Вальверде ва Тчуамени ўртасидаги муштлашув билан боғлиқ вазиятни сиз қандай ҳал қилган бўлардингиз?
– Мен ушбу жанжалнинг барча тафсилотларини билмайман. Фақат матбуотга чиққан гаплардан хабардорман ва уларнинг қанчалик ҳақиқат эканлигига ишончим комил эмас. Барча деталлар ва воқеанинг келиб чиқиш тарихини билмай туриб, аниқ бир фикр билдириш учун менда маълумот етарли эмас, – деди Рикельме.



