

Championat.asia сайти турнинг энг яхшиларини аниқлади.
Тур мураббийи — Неъматилла Қутибоев (“Арал”)
“Арал” ортда қолган турда Тошкентда “Ғазалкент” меҳмони бўлиб, ишончли ғалабага эришди — 2:0. Учрашувда Қутибоевнинг барча ишланмалари иш берди ва “Арал” майдонда катта устунлик қилган ҳолда завар қучди. Шундай қилиб, Championat.asia сайти қорақалпоғистонликларнинг де-факто бош мураббийини тур устози дея эътироф этди.

Тур футболчиси — Азизбек Абдумўминов (“Металлург”)
“Металлург”га янги қўшилган Ўзбекистон U-17 терма жамоаси аъзоси Азизбек Абдумўминов “Лочин” билан беллашувда (5:0) дублни расмийлаштириб, жамоаси ғалабасида муносиб ҳиссасини қўшди. Championat.asia ижодкорлари 17 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячини тур футболчиси деб топди.

Тур дарвозабони — Дилшод Ёқубов (“ФарДУ”)
“ФарДУ” бу турда “Яйпан” майдонига сафар уюштириб, минимал ҳисобда ғалаба қозонди (1:0). Мазкур баҳсда 24 ёшли дарвозабон бир қатор вазиятларда ўз маҳоратини намойиш этди ва дарвозани “қуруқ” сақлади. Шундай қилиб, айнан Дилшод Ёқубов тур дарвозабони номига лойиқ кўрилди.

Тур голи — Асадбек Мустафақулов (“ҚМУ Жайхун”)
“ҚМУ Жайхун” бу турда “БухДУ”ни 5:1 ҳисобида тор-мор этди. Мезбонларнинг иккинчи голини 47-дақиқада Асадбек Мустафақулов урди. Ҳимоячининг чап оёқда олисдан йўллаган кучли зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсинига тегиб тўрдан жой олди. Айнан шу гол турдаги энг чиройлиси сифатида қайд этилди.




