Илҳом Мўминжонов: "Мақсадимиз битта - фақатгина чемпионлик"

1 авг 2026, 01:04
Пролиганинг 12-тури доирасида "Металлург" - "Лочин" учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Илҳом Мўминжонов матбуот анжуманида қатнашди.

- Футболчиларни, мухлисларни, раҳбариятни ғалаба билан табриклайман. Барча ўйинларда ғалаба учун майдонга тушамиз. "Ғазалкент"га қарши аламли тарзда мағлуб бўлдик. Бир ҳафта мобайнида ўша хатолар устида ишладик. Бугун йигитлар барча вазифаларни бажаришди ва ғалабага эришдик.

- Суҳроб Султонов ва Саидумархон Саиднуруллоевларнинг захирада қолиши сабаби нимада?

- Бизда 23 нафар футболчи бор, ротация қилдик ва бошқаларга ҳам имконият бердик. Иккала дарвозабонимиз яхши ҳолатда. Шу сабабли Моҳирбекка имконият тақдим қилдик. У ўзини оқлади. Бошқа футболчилар ҳам ўзларини кўрсатишди. Мақсадимиз битта - Суперлигага чиқиш. Раҳбариятга катта раҳмат айтаман, мураббийлар штабига ишонч билдиришяпти ва жуда катта ёрдам беришяпти. Улар олдида юзимиз ёруғ бўлиши учун ҳам ўз устимизда ишлаяпмиз. Ҳар бир ўйинда ғалаба учун чиқиб, очколар йиғиш. Мақсадимиз битта - фақатгина чемпионлик. Имконият ҳали бор. Буни футболчилар ҳам тушуниб туришибди ва чиройли голлар уриб, чиройли ғалабага эришдик.

- Яқиндагина жамоага келиб қўшилган 17 ёшли Азизбек Абдумўминов ҳақида нима дейсиз? У бугун иккита гол урди.

- Унинг жамоага келганига икки ҳафтагина бўлди. Ёрқин ўйинлари билан жамоада ўзини кўрсата олди. Бугунги ўйинда у асосий таркибда тушишга лойиқ эди ва буни иккита голи билан исботлади. Бу боланинг потенциали жуда юқори. Мана у тажрибали футболчилар билан ўйин амалиётини оширяпти. Тезлиги ҳам бор, у бу кетишда яхши футболчи бўлиб етишади.

- Азим Аҳмедовнинг йўқлиги сабаби нима?

- Унинг жароҳати бор ва у тикланиш жараёнида. Шунингдек, Мирзоҳид Ғофуровда ҳам жиддий жароҳат бор, бу жиддий йўқотиш. Улар ҳам ўз жисмоний ҳолатига қайтиб, жамоага ёрдам беришади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia