"Футбол сотилмайди!" - УЕФА ФИФА раҳбариятига ишончи йўқолганини маълум қилди

1 авг 2026, 15:22
УЕФА ФИФАга жиддий баёнот билан чиқди.

Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) ФИФАнинг Жаҳон чемпионати ва бошқа мусобақаларга бўлган тижорат ҳуқуқларининг бир қисмини хусусий инвесторларга сотиш ғоясидан воз кечганини олқишлади. Шу билан бирга, ташкилот ФИФА раҳбариятига бўлган ишонч жиддий равишда йўқолганини таъкидлади.

УЕФА баёнотида айтилишича, мазкур таклиф Европа миллий ассоциациялари томонидан бир овоздан рад этилган. Шунингдек, дунёнинг турли минтақаларидаги кўплаб футбол федерациялари ва конфедерациялари ҳам ушбу ташаббусга қарши чиққан.

"Футбол сотилмайди. Бу ғояга қарши чиққан барча мухлислар, лигалар, клублар, футболчилар, федерациялар ва ҳатто қатор давлат раҳбарларига миннатдорчилик билдирамиз.

Футбол келажагига дахлдор қарорлар яширин тарзда, шошилинч равишда ва шубҳали манфаатлар учун қабул қилинмаслиги керак.

Ҳозирги ФИФА раҳбарияти нафақат УЕФА, балки жаҳон футболидаги кўплаб ташкилотлар ишончини ҳам йўқотди.

Бундай ёпиқ эшиклар ортида тайёрланган, шубҳали манфаатларга асосланган қарорлар яна такрорланмаслиги керак. Айбдорлар аниқланиши ва жавобгарликка тортилиши лозим", - дейилади баёнотда.

УЕФА шунингдек, яқин ҳафталарда бошқа конфедерациялар билан биргаликда юзага келган вазиятни атрофлича таҳлил қилиш ва бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун янги механизмлар ишлаб чиқилишини маълум қилди.

Баёнотда ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг 2016 йилги сайлов олдидан берган ваъдалари ҳам эслатилди. УЕФА фикрича, Инфантино ташкилот фаолияти шаффоф бўлиши ва ФИФА маблағлари миллий ассоциациялар ҳамда футбол ривожи учун хизмат қилиши ҳақидаги ваъдаларини бажармаган.

Шунингдек, УЕФА ФИФА захирасидаги 5 миллиард доллардан ортиқ маблағни тижорат ҳуқуқларини сотмасдан туриб ҳам оммавий футбол ва миллий ассоциацияларни ривожлантиришга йўналтириш мумкинлигини таъкидлади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: uefa.com