

Ислом Аҳмедов: “Икки мағлубиятдан сўнг ютмасак бўлмас эди. Баҳс осон кечмаслигини билар эдик. “Машъал” иккинчи даврада тажрибали мутахассис билан яхши ўйнаётган эди. Йигитлар бошида бироз бўшашишди, аммо ғалабага эриша олдик. Уларга раҳмат айтаман”.
- Жамоангиз ўйинидан қониқдингизми?
- Футболчиларнинг потенциалини ҳисобга олиб гапирадиган бўлсам, йўқ, қониқмадим. Натижадан мамнунман, аммо ўйинимиз устида ишлашимиз керак.
- Рақиб турнир жадвалида охирги ўринда эканлиги таъсир қилди деб ўйлайсизми?
- Ҳа, бу нарса озгина бўлсада таъсир қилиши мумкин. Лекин ҳозир “Машъал” яхши ўйин кўрсатмоқда.
- Иккинчи бўлимдаги ўзгаришлар вазиятдан келиб чиқиб амалга оширилдими ёки бу баҳсдан аввалги режамиди?
- Драган Черан 3-4 та ўйиндан бери иккинчи бўлимда майдонга тушяпти. У ўз тажрибаси билан шошмасдан ҳужум ташкил этишга ёрдам беради. Биринчи бўлимда майдонда шундай футболчимиз йўқ эди. Шошқалоқлик бўлди. Драган майдонга тушганидан сўнг ўз маҳорати билан керакли пасларни берди.
- Нега бугун “Андижон” мухлислари (ультрас) кўриниш беришмади?
- Уларга ўрганиб қолган эдик. Охирги баҳсларда ғалаба қозона олмаганимиздан хафа бўлишгандир. Зафарларимиз билан уларни қайтаришга умид қиламиз.



