

Лига 1 нинг 1-туридан ўрин олган ўйин 23 август куни "Парк де Пренс"да бўлиб ўтиши керак эди. Аммо бу ёзда Париж минтақасида кузатилган навбатдаги иссиқлик тўлқини "Пари Сен-Жермен" уй стадиони майдони ҳолатини ёмонлаштирди. Франция профессионал футбол лигаси (LFP) майса сифатини баҳолаб, ҳозирги ҳолат ўйинни қониқарли шароитда ўтказишга ва футболчилар саломатлиги учун хавфни бартараф этишга имкон бермайди, деган хулосага келди. Якунда клублар давраларни алмашишга келишиб олишди – 1-тур ўйини Ренндаги "Роазон Парк" стадионида ўтказилади, жавоб баҳси эса Парижда бўлиб ўтади. ПСЖ бўлажак ўйинлар олдидан "Парк де Пренс" майдони майсасини алмаштиради. Жамоанинг кейинги уй ўйини – "Монако"га қарши баҳс Лига 1 нинг 3-тури доирасида 4 сентябрь куни бўлиб ўтади.



