Ислом Аҳмедов: "Биз ўз фалсафамиздан кечмадик, лекин "Пахтакор" – кучли рақиб"

1 авг 2026, 23:09
Суперлиганинг 15-тури доирасида "Андижон" - "Пахтакор" учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Ислом Аҳмедов ўз фикрларини билдирди.

– Ўйин ҳақида…

– Бугунги ўйиннинг қийин кечишини билардик. Лекин барибир, "Пахтакор" – ўзига хос гранд жамоа, буни ҳаммамиз биламиз. Унинг сафи жуда ҳам кучли футболчилардан ташкил топган, шунингдек, жамоа кучли мураббийга эга. Шунинг учун ўйин қийин кечишини билиб, шунга қараб тайёргарлик кўрдик. Биз ўз фалсафамиздан кечмаган ҳолда, яъни иложи борича тўпни назорат қилишга ва ҳужумкор ўйин намойиш этишга ҳаракат қилдик. Бироқ "Пахтакор" бунга кучли қаршилик кўрсатди ва, очиғи, биз ўзимиз хоҳлагандек ўйин кўрсата олмадик. Рақиб ҳақиқатан ҳам жуда кучли эди. Мақсадимиз – ўз майдонимизда ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд қилиш эди, аммо ўйин дуранг натижа билан якунланди.

– Битта ўйинда иккита қизил карточка олиниши ҳаммамиз учун ўйлаб кўриладиган, тарбиявий масала ҳисобланади. Ушбу қизил карточкалар кўрсатилган ҳолатлар бўйича қандай изоҳ берасиз?

– Биринчи вазиятга келадиган бўлсак, ҳимоячимиз тўпни узатма орқали олиб чиқиб кетмоқчи эди. Биз футболчиларимизга доим шошилмасдан, қисқа узатмалар орқали ҳаракат қилишни уқтирамиз. Айнан шу вазиятда қаердадир хатога йўл қўйилди. Бу ҳолат футболда "сўнгги умид қоидабузарлиги" дейилади. У ерда ҳеч қандай тажовузкорлик йўқ эди. Шунчаки, футболчи эмоцияга берилиб, ўзини тўхтата олмаган ёки вазиятни бошқара олмаган бўлиши мумкин. Охирги ҳимоячи дарвозага гол кириб кетишининг олдини олиш мақсадида ҳаракат қилди ва ўз-ўзидан пайдо бўладиган рефлекс сабабли шундай ҳолат юзага келди.

Иккинчи вазиятни эса оқламаган бўлардим. Бу вазиятни қайта кўриб чиқиб, албатта, тегишли чораларни кўрамиз.

– Бугун мухлислар ҳам, журналистлар ҳам майдонга тушган Ҳамидулло Каримовдан гол кутишган эди. Унинг белгиланган вақтдан кечроқ туширилганига қандай фикр билдирасиз?

– Йўқ, аввалги ўйинларда биз уни ўйиннинг анча охирроғида туширардик. Бугун эса ўйинни янада кучайтиради, деган мақсадда одатдагидан эртароқ майдонга туширдик. Унга кўпроқ ўйин амалиёти бермоқчи эдик. Лекин ўйинда мажбурий ўзгаришлар юзага келиб қолди. Баъзи футболчиларимиз жароҳат олгани сабабли ўйинни охиригача давом эттира олишмади. Шу билан бирга, хоҳлаймизми-йўқми, Ҳамидуллога қарши рақиб жамоанинг кучли ҳимоячиси ҳаракат қилди. Бундай вазиятда ўз имкониятини тўлиқ намоён этиш қийин бўлади, чунки кўп нарса рақибнинг ҳаракатларига ҳам боғлиқ.

– Майдон марказини кучайтириш мақсадида Шоҳмалик Комиловни майдонга тушириш тўғрироқ бўлмасмиди?

– Шоҳмаликни тушириш мумкин эди, лекин у жамоамиз сафига эндигина қўшилди. Унга ўзимизнинг ўйин фалсафамизни секин-аста тушунтириб, ўргатиб боряпмиз. Вақти келиб, уни ҳам майдонга туширамиз.

– Қанот ҳимоячиси Маҳмуд Маҳаммаджонов ўйин давомида ўзини яхши томондан кўрсатаётган эди, бироқ захирага олинди. Бунга нима сабаб бўлди?

– Бу мажбурий ўзгариш бўлди. У жароҳат олгани туфайли ўзини захирага олишимизни сўради. Футболчининг ўзи сўрагани ва жароҳати борлиги сабабли уни алмаштиришга мажбур бўлдик.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia