

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Аламли мағлубият бўлди, бунинг учун мухлислардан узр сўраймиз. Футболчимиз қизил карточка олгунга қадар ҳаммаси назоратимиз остида эди. Ўйин назорати ҳам, ҳужумларимиз ҳам яхши эди. Қизил карточка режаларимизни ўзгартириб юборди. Йўқотиш ўринини тўлдиришга улгурмай гол ўтказиб юбордик. Шундан сўнг ўйин тизгинини бериб қўйдик.
- Мағлубиятнинг асосий сабабчиси ким деб ўйлайсиз?
- Футболда мағлубиятга айбдор мураббий бўлади. Жамоани қўлдан келганча ўйинга тайёрладик. Ёмон бошламадик, ҳужумларимиз кўп бўлди. Иккинчи тайм бошидаги қизил карточка ҳамма режаларимизни бузиб юборди. Ўша вазиятда футболчимиз атайин қилмади, балки эмоция ёки бошқа сабаб биланми ўзини тўхтата олмагандир. Футболчилар профессионал бўлиши, ўзини бошқаришни билиши керак.
- Охирги баҳсларда қизил карточкали ҳолатлар кўпайиб қолди. Футболчилар қизил карточка олмаслиги учун иш олиб бориляптими?
- Футбол ҳиссиётларга бой спорт тури. Биз доим футболчиларга интизомли ўйнашни гапирамиз. Четдан туриб гапириш осондир, лекин ўйин пайти ҳамма ўзини ўйинга бағишлаган бўлади. Футболчилар майдонда ўзларини бошқара билиши керак.
- Таътилдан сўнг олтита тур ўтган бўлса, "Андижон" беш очко жамғарди. Бу натижа мураббийлар штабини ўйлантиряптими?
- Биз ҳам изланяпмиз, камчиликлар устида ишлаяпмиз. Ўйин томонлама ёмон эмасмиз, лекин якуний натижа ўхшамаяпти. Яқинда ҳужумчи олдик, тез орада ҳаммаси жойига тушади деб ўйлайман.
- Ўйиндан олдин Шоҳмалик Комилов билан суҳбатлашганимизда ҳеч қандай жароҳати йўқлигини айтди. Лекин уни учрашув қайдномасида кўрмадик.
- Қайдномага 20 нафар футболчини киритамиз. Ҳамма ўйинчиларга имкон берамиз. Футболчиларни машғулот жараёнида кузатамиз ва ўйин кун кимдир тушиб қолади. Ўрта чизиғимизда рақобат кучлилиги боис Шоҳмаликка дам беришга қарор қилдик. Қолаверса Шоҳмалик Комилов йиғинимизнинг охирги кунларида таркибга қўшилди ва ҳозирча ўйин услубимизни тўлиқ тушуниб етгани йўқ.
- Бугунги мағлубиятни омадсизлик билан боғлайсизми? Чунки хавфли вазиятлар кўп бўлди.
- Буни омадсизликдан кўра тақдир деган бўлардим. Ҳаракат қилдик, охиригача курашдик, мағлубият пешонамизга ёзилган экан.
- Трансфер ойнаси пайтида Нодирхон Неъматхонов жамоага жалб қилинди, аммо орадан кўп ўтмай шартнома бекор қилинди. Бу нима билан боғлиқ? Бундан ташқари иқтидорли ёшлардан Неъматжон Рустамжоновнинг жамоадан кетиш сабаби нима?
- Нодирхон Неъматхоновга "Қизилқум"дан яхши таклиф тушди, бизда рақобат юқорилиги учун футболчи таваккал қилмасдан кўпроқ йин амалиётига эга бўлиш мақсади бошқа вариантни ўзи танлади. Рустамжонов билан билишимча, клубимиз раҳбарияти олти ой муддатга келишган экан. Шу муддат тугади ва у ўз жамоасига қайтиб кетди.
- Трансферлардан кўнглингиз тўлдими?
- Рўйхатимизда футболчилар кўп эди ва уларнинг барчасини қўлга кирита олмадик. Сўнгги кунларга қадар ўйинчилар билан алоқада бўлдик, уларни олишга ҳаракат қилдик, лекин ололмадик. Рустам Турдимуродов трансфери яхши бўлди деб ўйлайман.
- "Нефтчи"га Иззатилла Пўлатовни олиш бўйича таклиф билан чиқилган, бунга "Нефтчи"нинг ўзи ҳам рози бўлган, лекин "Андижон" рад этибди.
- Трансфер билан боғлиқ ишларни клубимиз раҳбарияти ҳал қилади. Шунинг учун бу саволга мен жавоб бера олмайман. Бу ўйинчини таркибга қўшиб олиш бўйича ҳаракатлар бўлди, лекин айрим сабабларга кўра трансфер ўхшамади.



