

– Ўйин ҳақида фикрларингиз қандай?
– Ўйинга келадиган бўлсак, бугун икки очко йўқотдик. Йигитлар борини беришга ҳаракат қилишди, машғулотларда ишланган тактик кўрсатмаларни майдонда қўллашга уриндик, аммо омад келмади. Ўйлаб қарасак, ўйинда унчалик хавфли вазиятларни юзага келтира олмадик. Рақиб ҳимояда жуда тартибли ҳаракат қилди. Уларни ҳам қўлга киритилган бир очко билан табриклайман, лекин такрор айтаман – биз икки очко йўқотдик, деб ҳисоблайман. Кураш давом этади, чемпионат ҳали олдинда – эндигина 8-тур ўтди. Хатолар устида ишлаб, кейинги ўйинга тайёргарлик кўрамиз.
– 70-рақамдаги футболчини эрта ўзгартириш сабаби нимада?
– Ҳимоядаги қўпол хатолари, анчадан бери ўйин амалиётига эга эмаслиги ва яқиндагина жароҳатдан фориғ бўлгани сабабли уни захирага олишга мажбур бўлдик. Натижада, унинг ўрнига бошқа ўйинчини туширдик.
– Суперлига йўлланмаси учун асосий рақиблар бўлган "Арал" ва "Шўртан" 5 очкога илгарилаб кетди. Уларга етиб олиш қанчалик қийин кечади?
– Тўғри, улар ҳозирча 5 очкога ўзиб кетишди. Бироқ ҳали биз улар билан тўқнашамиз. Биринчи даврада фақат "Шўртан" билан ўйнасак, иккинчи даврада "Арал" билан яна икки марта куч синашамиз. Менимча, бу унчалик катта йўқотиш эмас. Олдимизга барибир чемпионлик вазифаси қўйилган. Изланишда давом этамиз ва кейинги ўйинларга янада жиддий тайёргарлик кўрамиз.
– Жамоани ярим ҳимояда боғловчи вазифасини бажарувчи Саидумархоннинг алмаштирилиш сабабини изоҳлай оласизми?
– Саидумарни 70-дақиқада алмаштирдик. Чунки у бу ўйиндан кейин ёшлар терма жамоаси йиғинига жўнаб кетади. Қолаверса, Тожиддинов ҳам жароҳатидан тузалганини инобатга олдик. Шунингдек, Саидумар иккинчи бўлимда фаол ўйин кўрсата олмагани учун ҳам захирага олинди.
– Ёзги трансфер ойнасида айнан қайси чизиқларни кучайтиришни режа қиляпсиз? Сир бўлмаса, қайси клублардан футболчиларни кутсак бўлади?
– Бу борада музокаралар олиб борилган. Ҳозир олдимизда яна иккита тур бор, дастлаб бор эътиборимизни шунга қаратамиз. Лекин имконият топилса ва раҳбарият рухсат берса, ҳужум ва ярим ҳимоя чизиқларига камида бешта янги ўйинчи олишга мажбурмиз. Бизга сифатли футболчилар керак. Малакали ўйинчиларгина ўйин тақдирини ҳал қила олади. Мавсум олдидан селекцияни бироз кеч бошладик, шу сабабли вақт тиғизлигида мавжуд футболчиларни таркибга жалб қилдик. Бироқ мақсадимизга етишиш ва чемпион бўлиш учун марказий ҳамда олдинги чизиқларга юқори савияли ўйинчиларни олиб келишимиз шарт.



