

Ўйиндан кейин "Металлург" бош мураббийи Илҳом Мўминжонов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Тенг курашларга бой учрашув бўлди. Голгача ўйин бўлди, хавфли вазиятлар унчалик кўп бўлмади. Стандартлар бўлди, лекин буни хавфли вазият демаган бўлардим. Ҳимояда қўпол хатога йўл қўйиб гол ўтказиб юбордик. "Шўртан"ни ғалаба билан табриклайман. Энди кейинги учрашув ҳақида ўйлашимиз лозим, чунки "Арал" билан "Шўртан" илгарилаб кетяпти. Биринчи давра тугашига битта тур бор, шу ўйинни яхши ўтказиб олишга ҳаракат қиламиз.
- Ўтказиб юборилган голдан кейин шогирдларингизнинг ҳафсаласи пир бўлдими ёки толиқиб қолишдими? Чунки ҳали олдинда вақт бор эди.
- Ўзи ўйин голгача деярли вазиятларсиз кетаётганди, голдан кейин ҳам шу руҳда давом этди. "Шўртан" ҳимояни мустаҳкам ушлади, бизда эса захирадан тушганлар ўзларини кўрсата олишмади. Балки шунинг ҳам таъсири бўлгандир.
- "Шўртан"да заиф нуқталар кўриндими?
- "Шўртан" яхши кучли жамоа. Менга жамоанинг заиф томони кўринмади.
- Ўйин давомида кўпроқ қайси чизиқдан кўнгил тўлмади?
- Ҳужум чизиғимиздан.
- Пролигада чемпионликка қайси жамоаларнинг имконияти юқори деб ўйлайсиз?
- "Арал", "Шўртан" ва "Металлург". Шу учта жамоадан бошқани кўрмаяпман. Лекин қолганлар ҳам жиддий қаршилик кўрсатади деб ўйлайман. Биз учун ҳар бир баҳс қийин ўтяпти. Биринчи давра тугагани йўқ, энг қизиғи ҳали олдинда деб ўйлайман. Ким чемпион бўлишини вақт кўрсатади.
- Иккинчи даврага қандай футболчиларни таклиф этмоқчисиз?
- Бизга ярим ҳимоячи ва ҳужумчи керак.



