

– Бугунги учрашув ҳақидаги фикрларингиз қандай?
– Биринчи бўлимни жуда ҳам яхши бошладик. Кўплаб вазиятларга эга бўлдик, ўйинни назорат қилдик ва гол урдик. Биринчи бўлимнинг сўнггида дарвозамиз томон пенальти белгиланди. Билмадим, видеотакрорни кўрганимизда, у ерда ҳатто "симуляция" бор эди ва ҳужумчига нисбатан сариқ карточка берилиши керак эди. Бироқ ҳакам вазиятни қандай кўрди, билмадим, лекин пенальти белгилади. Шу сабабли танаффусга тушкунлик билан чиқиб кетдик.
Иккинчи бўлимни ҳам яхши бошлаган эдик, аммо дарвозабонимиз хатога йўл қўйди. Ўйин асабий руҳда ўтди, тўхталишлар кўп бўлди. Шуни айтган бўлардимки, ҳакам қаердадир ўйин назоратини қўлдан чиқарди ва бу ҳолат ўйинимизга таъсир ўтказмай қолмади. Умуман олганда, йигитлар жуда ҳам яхши ҳаракат қилишди, борини бериб ўйнашди. Ўйин учун йигитларга раҳмат айтаман.
– Учрашувга икки кун қолганда бош ҳакам алмашди. Бунга қандай қарайсиз?
– Бунинг сабабини билмадик. Тўғриси, бу ҳақда ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Ҳакам алмашганини эшитдим, лекин нима учунлиги бизга қоронғи. Аммо ҳакам қаердадир ўйин назорати ва тизгинини қўлдан чиқарди. Бу эса, айниқса, иккинчи бўлимда ўйин суръатига жуда катта таъсир қилди.
– Захирадан майдонга тушган футболчилар ўзларини оқлай олишдими?
– Захирадан икки нафар ўйинчимиз майдонга тушди. Асосий таркибдаги футболчиларимиз қандай ҳаракат қилаётган бўлишса, улар ҳам майдонга тушиб, худди шундай ўйнашди. Ўйинни тубдан ўзгартириб юбориш учун уларда вақт ҳам, бундай вазиятнинг ўзи ҳам бўлгани йўқ.


