БухДУ бош мураббийи: "Имкониятни бой берган бўлсак-да, ўйин томонлама ютқазмадик"

15 авг 2026, 23:58
БухДУ бош мураббийи Азамат Шарипов Пролига 15-тур доирасида "Арал"га қарши ўйиндан сўнг (0:2) матбуот анжмунида иштирок этди.

– Бугунги ўйин ҳақида фикрларингиз қандай?

– "Арал" жамоасини ғалаба билан табриклайман. Жуда ҳам қизиқарли ва кескин курашларга бой ўйин бўлди. Йигитлар яхши ҳаракат қилишди. Биринчи бўлимда яхшигина имкониятларимиз бўлди. Футболда: "Сен урмасанг, сенга уришади", деган гап бор. Биринчи бўлимнинг ўзида бизда кўплаб имкониятлар юзага келди, бироқ улардан фойдалана олмадик. Натижада ўзимиз гол ўтказиб юбордик. Бу камчиликлар устида ишлашимиз керак. Иккинчи бўлимни ҳам яхши бошладик. Пенальти масаласини муҳокама қилмоқчи эмасман, ҳакамларимиз вазиятга яқин эди. Мутасаддилар бунга ўз баҳосини беришади. Умуман ўйинга келадиган бўлсак, йигитлар яхши ўйнади, яхши курашди. Шуни таъкидламоқчи эдимки, биз ўйин томонлама ютқазганимиз йўқ.

– Жамоа биринчи бўлимда яхши ҳаракат қилди, босим уюштирди. Иккинчи бўлимнинг 60-дақиқаларидан кейин жамоа чарчаб қолгандек таассурот уйғотди. Йигитларда жисмоний жиҳатдан камчиликлар кузатилгандек туюлди. Бунга қандай изоҳ берасиз?

– Фақат бизнинг жамоа эмас, рақиблар ҳам чарчади. Чунки улар ҳам ўзгаришларни амалга оширишди. Ҳар икки жамоада ҳам 5 тадан футболчини алмаштириш имконияти бор. Уларнинг захирадан майдонга тушган ўйинчилари чарчаганларнинг ўрнини яхши тўлдира олди. Захирадан майдонга тушган айрим ўйинчиларимиз эса ўйинга киришиб кета олмади: кимдир яхши ҳаракат қилди, кимдир эса ўз ўйинини кўрсата олмади. Шу сабабли бизда шундай муаммо юзага келди.

– Жамоанинг биринчи бўлимдаги ўйинини кузатдик. Озгина қулай вазият бўлиши билан кўпроқ узоқдан берилган зарбаларга гувоҳ бўлдик. "Шўртан"га қарши ўйинда ҳам, адашмасам, узоқдан иккита гол урилган эди. Бу ўйинда ҳам айнан шу усулдан фойдаланилдими ёки "Арал" жамоаси ҳимоясини ёриб ўтиш қийин кечдими? Бунга қандай баҳо берасиз?

– Иккала фикрингиз ҳам тўғри. Айрим вазиятларда ҳимояни ёриб ўтиш қийин кечади, баъзан эса ўйинчиларимиз ўзларига ишонишади. Таркибимизда узоқ масофадан яхши зарба бера оладиган футболчиларимиз бор. Ҳужумни албатта якунлаш керак эди. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам шу эди – ҳужумларни якунлаш. Майдонда қарорни ўйинчиларнинг ўзлари қабул қилишади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia