

Анталияликлар Истанбулда меҳмон
Ўтган турда, мавсумни жуда яхши бошлаган "Йени Малатьяспор"ни йирик ҳисобда енгган "Антальяспор" айни пайтда, 2-ўринни эгаллаб турган "Фенербахче" майдонига сафар қилади. Мезбонлар якунланган ҳафтада чемпионат дербиси доирасида азалий рақиби амалдаги кубок соҳиби "Галатасарой"ни мағлуб эта олишмади ва муҳим очколарни бой беришди.
"Сенсациячи" ва дебютант баҳси
"Йени Малатьяспор" қақшатқич мағлубиятдан сўнг, ўз майдонида узоқ вақтлик танаффусдан кейин Суперлигага қайтган ва муҳлислари қаршисида ютқазиб қўйган "Денизлиспор"ни қабул қилади. Жамоалар орасидаги очколар тафовути бор йўғи бир очкони ташкил қилмоқда. Кўрамиз, Серген Ялчин ва Ючел Йилдиз ўртасида бўладиган маҳаллий мутаҳассислар тўқнашувида кимнинг қўли баланд келаркин.
Бир-бирига ўхшаш клублар беллашуви
Якунланган турда, чиройли ўйинлар намойиш этган ва мавсумдаги иккинчи ғалабаларини расмийлаштирган "Қосимпошо" ва "Коньяспор" жамоалар энди уч очко учун кураш олиб боришади. Эртанги учрашувларни бошлаб берувчи ўйин нисбатан барвақт бўлиб ўтишини ҳам таькидлаб ўтиш жоиз.
Қуйидагилар тўқнашуви
Мусобақа жадвалининг сўнгги поғоналарида бораётган жамоалар ўзаро баҳс олиб боришади. Унда, ўтган тур етакчилар қаторидан тушмаётган "Газиантеп"ни дурангга имзо чекишга мажбурлай олган "Гёзтепе" ўз уйида мавсум бошидан бери ҳали бирон марта ғалаба қозонмаган Хикмет Караман бошчилигидаги "Қайсариспор"ни меҳмон қилади.
Истанбул шаҳри бош жамоаси Анқарага сафар қилади
Мусобақа жадвалида яққол аутсайдерликни ҳеч кимга бермай келаётган ва ўтказилган олти ўйиндан тўрттасида мағлуб бўлиб, атиги иккитасида дуранг қайд этган "Генчлербирлиги" мавсумни ўз номига муносиб бошлай олмаган чемпион "Галатасарой"га қарши баҳс олиб боради. Мустафо Қоплон шогирдларига қийин бўлиши аниқ. Чунки, айни пайтда истанбулликларни кўпчиликка маьлум ва машҳур бўлган, шунингдек, Туркия миллий терма жамоаси билан бош мураббий сифатида бир неча мундиаллларда қатнашган тажрибали Фотиҳ Терим бошқармоқда.
Ўртамиёналар қарама-қаршилиги
Якунланган турда, мусобақа карвонбошиси билан сулҳ тузишга эришган ва етакчи ўринлардан бирига кўтарилиб олган "Сивасспор" клуби ўз майдонида яна бир Анқара шаҳри жамоасини қабул қилади. "Анқарагюжю" эса, чемпионатнинг энг қолоқ иштирокчисини ортиқча қийинчиликсиз ишончли ҳисобда мағлубиятга учратганди.
Омадсиз пешқадамни меҳмон қилади
Жорий мавсум бошидан бери ҳеч ўзига кела олмаётган ва ўз тарихида биринчи бор жуда ёмон старт олган машҳур ишбилармон Фикрет Орман президентлигидаги "Бешиктош" бу сафар ўз мухлислари қаршисида чемпионатнинг мағлубиятга учрамаган ягона жамоа бўлиб турган "Аланьяспор" билан беллашиб кўради. Ха, Аланья шаҳри клуби барчани бирдек ҳайратга солмоқда.
Рақобатчилар жанги
Якунланган ҳафтани шарманда бўлиб, аянчли тугатган "Ризеспор" Истанбул шаҳри бош клуби майдонига сафар қилди ва йирик ҳисобли мағлубиятни қабул қилиб олди. Улар бу турда, ўтган ўйинда турк футболининг байроқдор жамоасини ер тишлатган "Трабзонспор" билан кураш олиб боришади. Бу учрашув ҳам кескин курашларга бой ўтиши кутилмоқда.
Таъқибчи истанбулликлар Газиантепга учишади
Ўтган турда ўз уйида аутсайдерга очко улашиб, муҳим очколарни йўқотган "Газиантеп" клуби ўз уйида Истанбул шаҳри бош жамоасини меҳмон қилади. "Истанбул Башакшеҳир" рақибидан фарқли ўлароқ, жимжимадор ғалабадан сармаст ва улар ўйинга ўзгача кайфиятда ташриф буюришади. Агар меҳмонлар ғалаба қозонадиган бўлишса, мусобақа жадвалида рақибларини қувиб етишлари мумкин. Ҳозирда, жамоаларни бор йўғи уч очко ажратиб турибди.
Туркия Суперлигаси. Мусобақа жадвали

Хондамир Ҳакимов тайёрлади



