Якобс 27 ёшида Сенегал терма жамоасидаги фаолиятини якунлаганини эълон қилди

Sherzod Nurmatov
29 окт 2026, 19:55
"Галатасарой" ҳимоячиси Исмоил Якобс ижтимоий тармоқларда Сенегал терма жамоасидаги халқаро фаолиятига нуқта қўйганини маълум қилди.

Август ойида футболчи 27 ёшга тўлганди.

"Миллий терма жамоага гўдакликда келиб, энди уни етук эркак сифатида тарк этмоқдаман. Унутилмас хотиралар, умрбод давом этадиган дўстлик ва қалбимда абадий муҳрланиб қолувчи миннатдорлик туйғуси билан кетяпман.

Германияда улғайган бўлсам-да, Сенегал мени қучоқ очиб, чексиз меҳр билан қабул қилди. Бу мамлакат, мухлислар, жамоадошларим ва маданият жуда тез орада ўзимни ўз уйимдагидек ҳис қилишимга имкон яратди.

Сенегал туфайли болаликдаги орзуларимни рўёбга чиқара олдим ва қалбимда абадий сақланиб қолувчи лаҳзаларни бошдан кечирдим. Сенегаллик отанинг фарзанди сифатида мен учун нафақат шахсий орзумни, балки отамнинг орзусини ҳам рўёбга чиқариш беқиёс бахт бўлди.

Бугун янги саҳифани очиш вақти келди. Эътиборимни клубдаги фаолиятимга қаратмоқчиман ҳамда ўзим ва оилам учун кўпроқ вақт ажратмоқчиман. Зеро, вақт бебаҳо, баъзи лаҳзалар эса ҳеч қачон такрорланмайди. Сенегал терма жамоаси либосидаги майдондаги саргузаштим ўз ниҳоясига етмоқда, аммо ушбу мамлакат билан боғлиқ ришталарим ҳеч қачон узилмайди", – деди Якобс.

Якобс Сенегал терма жамоасида 2022 йилда дебют қилган эди. У 33 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та голли узатмани амалга оширди. ЖЧ-2026 да у жамоаси билан 1/16 финалга қадар етиб борди.

Ўхшаш янгиликлар


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: foot-africa.com