

Championat.asia сайти турнинг энг яхшиларини аниқлади.
Тур мураббийи — Неъматилло Қутибоев (“Арал”)
“Арал” бу турда ёрқин ўйин кўрсатиб, “ФарДУ”ни ишончли ҳисобда мағлуб этди (2:0). Нукусда кечган баҳсда 52 ёшли мутахассис шогирдлари мухлисларга ёқадиган ўйин намойиш этди ва рақибдан устунлигини кўрсатди. Championat.asia ижодкорлари тажрибали мутахассисни тур мураббийи деб топди.

Тур футболчиси — Саидумархон Саиднуруллаев (“Металлург”)
“Металлург” ортда қолган турда Тошкентда “Пахтакор фарм”ни тор-мор этди (5:0). Учрашувда Саидумархон Саиднуруллаев маҳоратини кўз-кўз қилди ва “1+1” натижа кўрсатди. Ҳужумкор ярим ҳимоячининг голи ва голли узатмаси бекободликларга йирик ғалабани тақдим этди десак адашмаймиз. Шундай қилиб, Саиднуруллаев Championat.asia талқинида 5-турнинг энг яхши футболчисига айланди.

Тур дарвозабони — Суҳроб Султонов (“Металлург”)
Тажрибали дарвозабон “Металлург” “Пахтакор фарм”ни 5:0 ҳисобида доғда қолдиришида муносиб ҳиссасини қўшди. У баҳс мобайнида бир қатор сэйвлар намойиш этди ва дарвозасидан тўп олиб чиқмади. Сайтимиз ходимлари айнан 36 ёшли посбонни тур дарвозабони сифатида эътироф этди.

Тур голи — Абдуғофур Ҳайдаров (“Олимпик-MobiUz”)
“Олимпик-MobiUz” бу тур сафарда “БухДУ”дан 4:1 ҳисобида устун келди. Ҳужумчи Ҳайдаров баҳснинг 66-дақиқасида жарима майдончаси ичида тўпни шеригидан қабул қилиб олди ва чап оёқдаги кучли зарбаси орқали дарвоза юқори бурчагини нишонга олди. 21 ёшли футболчининг мазкур голи турдаги энг чиройлиси сифатида қайд этилди.




