

Биринчи бўлимда жамоалар ўйинни фаол бошлаб, дастлабки дақиқалардан ташаббусни ўз қўлларига олишга интилишди. 25-дақиқада "Пахтакор фарм" ҳисобни очди — Муҳаммадризо Парпиев бош билан дарвозани ишғол қилди. "Ғазалкент" жавоб қайтариш учун имкониятлар излашда давом этди, аммо танаффусга қадар ҳисоб ўзгармади — 0:1.
Иккинчи бўлимда майдон эгалари дарҳол босимни оширишди ва 48-дақиқадаёқ мувозанатни тиклашди. Диёрбек Тожиев узатган тўпни Владислав Набатов дарвозага йўллади — 1:1.
Бироқ "Пахтакор фарм" ҳисобдаги устунликни тезда ўз томонига қайтариб олди. 51-дақиқада Акбар Муҳаммадов меҳмонларнинг иккинчи голини урди — 1:2.

"Ғазалкент" яна олдинга ташланди ва 65-дақиқада ўз ниятига етди: Набатов Абдураҳмон Абдуллаевнинг узатмасидан сўнг бош билан гол уриб, дублни расмийлаштирди — 2:2.
Асосий вақт якунигача ҳисоб бошқа ўзгармади. Ҳакам уч дақиқа қўшиб берди ва айнан компенсация қилинган дақиқаларда баҳснинг кульминацион нуқтаси юз берди.
90+2-дақиқада "Ғазалкент" пенальти тепиш ҳуқуқини қўлга киритди. Озод Ибодуллоев нуқтадан берилган зарбани ишончли тарзда амалга оширди — 3:2!
Финал ҳуштаги! "Ғазалкент" шиддатли баҳс якунида ғалабани илиб кетиб, ўз ҳисобига уч очкони ёзиб қўймоқда.
Шаҳзода Тожиева



