

Хусусан, Беҳруз Каримов ҳаракат қилаётган "Лугано" жамоаси Швейцария чемпионатининг навбатдаги турида "Тун" жамоаси меҳмони бўлди. Учрашув меҳмонларнинг 2:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. "Лугано" сафида Беҳруз Каримов асосий таркибда майдонга тушди. "Лугано" айни вақтда турнир жадвалида 31 очко билан биринчи ўринда бормоқда.
Озарбайжон чемпионатининг навбатдаги турида "Сабаҳ" "Қорабоғ"ни меҳмон қилди ва учрашув 0:0 ҳисобида якунланди. Мезбонлар сафида Умарали Раҳмоналиев тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди. Айни вақтда "Сабаҳ" 20 очко билан турнир жадвалини бошқариб бормоқда.
Россия чемпионатининг 12-турида "Динамо Махачкала" турнир етакчиси "Зенит"га қарши баҳс олиб борди ва 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. "Динамо" сафида Маҳмуд Маҳамаджонов асосий таркибда майдонга тушди ва 83-дақиқада захирага олинди. Айни вақтда Махачкала жамоаси турнир жадвалида 13 очко билан 10-ўринда боришмоқда.
Эрон чемпионатининг навбатдаги турида "Персеполис" ўз уйида кутилмаганда "Фулад"га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Мезбонлар сафида Игор Сергеев иккинчи бўлим ўрталарида захирадан майдонга тушган бўлса, Остон Ўрунов умуман майдонга тушмади. "Персеполис" кечаги учрашувдаги мағлубиятга қарамасдан 20 очко билан турнир жадвалини бошқариб турибди.



