

Ушбу рўйхатда Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Остон Ўрунов ва Игорь Сергеев асосий ўрин тутади. Улардан ташқари, жамоада Даниэль Гуэра, Тьеви Бифума ва Марко Бакич каби легионерлар ҳам ҳаракат қилмоқда.
Клуб раҳбари спорт дастуридаги чиқишида молиявий масалалар очиқ олиб борилишини таъкидлади. "Биз шаффоф клубмиз ва барча ҳужжатларимиз қайд этилади. 5 нафар легионеримизнинг умумий шартномаси (маош ва бонуслар) 4 миллион 800 минг доллар. Қанийди, мамлакатимиздаги бутун футбол муҳити "Персеполис" каби шаффоф бўлса", – деди Ҳаддодий.
Шунингдек, доллар курсининг ошиб бораётгани сабабли, Эрон клуби қишки трансфер ойнасида бошқа хорижлик ўйинчиларни жалб қилмаслигини, қолаверса, легионерлар лимити аллақачон тўлганини билдирди. Катта эҳтимол билан, ёзги трансферлар вақтида ҳам янги чет эллик футболчилар сотиб олинмайди. Клуб эндиликда асосий эътиборни ва маблағларни маҳаллий эронлик футболчиларни харид қилишга ҳамда академияга сармоя киритишга қаратади.
Ҳаддодий мавсум бошида хорижлик эмас, балки маҳаллий мураббий Меҳди Тартарнинг жамоага олиб келиниши ҳам бевосита мана шу иқтисодий сабаблар ва доллар курсининг ўсиши билан боғлиқлигини тушунтириб, бу қарор ўзини оқлаганини таъкидлаб ўтди.



