"Олимпик Мобиуз" бош мураббийи Фарҳод Нишонов: "Жамоамизда ички муҳит жуда яхши"

26 апр 2026, 01:31
Пролига 5-турдан ўрин олган "БухДУ" – "Олимпик Мобиуз" баҳси 1:4 ҳисобида якун топди.

Ўйиндан кейин "Олимпик Мобиуз" бош мураббийи Фарҳод Нишонов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Кўрганингиздек, баҳс жуда қийин кечди. Йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсак-да, қийин бўлди. Учрашувни режа бўйича бошладик ва тезкор гол уриб олдик. Шундан сўнг хотиржамликка берилдикми ёки ҳавонинг иссиқлиги таъсир қилдими, кўплаб хатоларга йўл қўя бошладик. Буни албатта таҳлил қиламиз. Рақиб ҳужумлар уюштирди, стандартлар амалга оширилди. Муҳими, ғалаба қозондик. Рақиб бизга гол ургач, футболчиларимиз яна уйғониб иккита гол билан жавоб бердик.

- Иккинчи таймда нима учун Жўраевга дакки бердингиз?

- Жўраев бизда анчадан бери ўйнаяпти. Жуда иқтидорли футболчи, бироқ ўз иқтидоридан тўлиқ фойдаланмаяпти. Унинг асосий иши хавфли вазиятларни яратиш. Лекин хавф ярата олмаяпти. Бу футболчидан кўпроғини кутамиз. Машғулотларда жуда яхши, бироқ ўйинга келганда ўзига бўлган ишончни йўқотиб қўйяпти. Агар руҳий ожизликни енгиб ўтса янаям яхши ўйин кўрсатади. Шу маънода унга гапирдим.

- Мураббий ва футболчи ўртасида муаммо йўғ-а?

- Йўқ, ундай нарса йўқ. Жамоамизда ички муҳит жуда яхши. Тўғри, баъзан уришамиз, бу нарса футболчиларга ёқмайди, орқамиздан гапиришади. Буни спортда нормал ҳолат деб ўйлайман. Бу ҳам футболнинг бир қисми. Лекин ҳамма гап кийим алмаштириш хонасида қолади, у ердан чиққач кейинги ўйинни ўйлаймиз.

- Майдон ҳолати бўйича фикрингиз?

- Майдон яхши ҳолатда экан. Бизга шунақа майдонлар керак. Кеча университет майдонида машғулот ўтказдик, у майдон билан буниси ўртасида фарқ жуда катта. Муборакда ҳар доим яхши майдон бўлган.

- Шу йил университетлар жамоаси Пролигага қўшилди. Бу борада фикрингиз қандай? Пролига бу билан кучайдими?

- Олийгоҳ жамоалари Пролигани кучайтирди деб ўйлайман. Масалан, "Нефтчи", "Навбаҳор", "Андижон" каби клублар Суперлигада кучли таркибга эга. Лекин шундай яхши маҳаллий футболчилар борки, улар четда қолмасдан Пролигада ўйнаяпти. Масалан, "Лочин", "ФарДУ" каби жамоаларда яхши ўйинчилар бор.

- Иккинчи таймда майдонга тушганлар тактикага қанчалик қўшилиб кета олди?

- Ҳамон оптимал таркибга эга эмасмиз. Ҳар ўйинда ротация қиляпмиз. Турдан турга янаям жипслашиб кучайиб борамиз. Футболчиларимизга озроқ вақт керак.

- Ҳар учрашувда битта таркибга суянган афзалми ёки ротация қилган маъқулми?

- Ротация қилиш яхши, лекин бу доим ҳам иш бермайди. Биз барибир футболчиларнинг маҳоратига муҳтожмиз. Қийин эпизодларда, катта ўйинларда кичик деталлар ҳал қилади. Мана шу майда эпизодларни кучли футболчилар ҳал қилади. Бирданига бутун жамоани ротация қилиб бўлмайди.


Манба: championat.asia