Мирко Йеличич: "Мундиалда Австралия ва Ўзбекистонга мухлислик қиламан"

12 июн 2026, 23:41
Мана, Жаҳон чемпионатини ҳам бошлаб олдик.

Буёғига маза қилиб ўйинларни кўрамиз. Мундиал ўз навбатида мураббийлар учун ҳам катта воқелик бўлади. Негаки мураббийлар асосан ўз ҳамкасблари ишини кузатиб боришади.

"Локомотив" бош мураббийи Мирко Йеличич сайтимизга берган интервьюсида Жаҳон чемпионатидан нималар кутаётгани ҳақида гапирди, шунингдек бошқа саволларга жавоб қайтарди.

- Жаноб Мирко, навбатдаги Жаҳон чемпионати бошланди. Сиз ушбу мундиалдан нималар кутяпсиз?
- Мусобақа жуда қизиқ бўлади деб ўйлайман. Жамоалар сони ошди, янги жамоалар кўпайди. Бу ҳам қизиқишни оширади. Менимча, мураббийлар томонидан янгича методика ва усуллар қўлланилса керак. Албатта, мураббий сифатида мен учун янгиликларни кузатиш қизиқарли бўлади.

- Қайси жамоаларга мухлислик қиласиз?
- Ўз ватаним Австралия ва албатта Ўзбекистон терма жамоасига. Ҳар икки жамоа ўзини кўрсата олади деб ўйлайман.

- Австралия дастлабки учрашувни Туркияга қарши ўтказади.
- Бу жуда қийин ўйин бўлади. Австралиянинг ғалаба қозониш имконияти нисбатан паст, барибир туркларда ўйин услуби яхши йўлга қўйилган. Бу ўринда дуранг ҳам биз учун яхши натижа бўлади.

- Ўзбекистон терма жамоаси илк турда Колумбияга қарши майдонга тушади.
- Бу ҳам қийин ва қизиқ ўйин бўлади. Менимча, Ўзбекистон ҳимоявий усулни танлайди ва қарши ҳужумларда ҳаракат қилади. Менимча, дуранг қайд этилса ҳеч ким хафа бўлмаса керак. Барибир яхши натижага умид қилиб қоламиз.

- Ҳозирги Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида фикрингиз?
- Футболчиларни биламиз, уларни миллий чемпионат баҳсларида кўп кўрганмиз. Энди жаҳон чемпионатида қандай ўйин кўрсатиши қизиқ бўлади. Жаҳон чемпионати бошқа даража, мундиалда ҳамма ўзини кўрсатишни хоҳлайди.

- Австралия ҳозир қандай кучга эга?
- Олдинги йиллар каби Европанинг кучли клубларида ўйнаётган футболчиларимиз деярли йўқ. Маҳаллий ўйинчилар кўп, таркибда 3-4 нафар яхши футболчилар бор. Жамоада авлодлар алмашинуви рўй берди ва ёшлар терма жамоага кириб келди.

- Сизнингча, мундиал фаворитлари ким?
- Доимгидек Франция, Португалия, Аргентина, Германия ва Бразилия деб ўйлайман.

Ҳайрулла Холиқов суҳбатлашди

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia