Азамат Шарипов: "Кўз тегмасин, ҳозир футболчиларимизда иштиёқ жуда юқори"

Aslanov Jasurbek
11 июн 2026, 00:25
Пролига 10-турдан ўрин олган "БухДУ" – "ТерДУ" учрашуви 2:0 ҳисобида якун топди.

Ўйиндан кейин "БухДУ" бош мураббийи Азамат Шарипов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Бу ғалаба барчамизники. Бугун жуда чиройли баҳс гувоҳи бўлдик. Лекин иссиқ об-ҳавонинг ҳам таъсири бўлди, футболчиларимиз биринчи бўлимда толиқиб қолишди. Иккинчи таймда рақиб анча фаол ҳаракат қилди, натижада биз қарши ҳужум усулига ўтдик.

- Иккита ўйиндан бери кузатяпмиз, Саиджон Ашуров жамоа сардори бўлиб тушяпти ва яхши ўйин кўрсатяпти. Нега олдинги ўйинларда бундай бўлмаган?
- Чемпионатга яхши ҳозирлик кўриш учун вақтимиз етарли бўлмади, жамоа Пролигага тайёр эмасди. Саиджон Ашуровни анчадан бери биламан, у билан биринчи лигада ҳам ишлаганман. Охирги тўртта турдан бери асосий таркибда ўйнаб келяпти ва доим ўйнашига мен ҳам тарафдорман. Аммо Пролига бу Биринчи лига эмас, ўйинлар ораси қисқа ва сифат даражаси ҳам баланд. Мен унга камчиликларини кўрсатдим.

Футболда ҳаммаси бирданига бўлиб қолмайди. Ҳозир Ашуровнинг ривожланган ҳолатини кўряпмиз, олдин бироз бошқача эди. Бунинг ортида эса меҳнат ётибди. Кўз тегмасин, ҳозир футболчиларимизда иштиёқ жуда юқори. Бухородаги стадионга қайтганимиз ҳам яхши бўлди. Мухлислар кела бошлади, йигитларимиз ўйинида ҳам ўзгариш кўринди. Бунинг учун вилоят ҳокимлигига ва Бухоро давлат университети раҳбариятига раҳмат айтиб қоламиз.

- Нима учун Акобир Тўраев олдинги ўйинларини намойиш қилмаяпти? У билан алоҳида машғулот ўтказмаяпсизми?
- Машғулотлар бўляпти. Жамоамизда марказий ҳужумчи борасида муаммолар талайгина. Икки нафар ҳужумчимизда жароҳат бор. Акобир Тўраевнинг яхши фойдаси тегяпти, бўйдор экани ҳам фойда беряпти. Ундан фойдаланиб бизда қанотлар ҳам яхши ишлаяпти. Ҳар ўйинда гол урмаслиги мумкин, лекин бошқа томондан фойдалана оляпмиз.

- Жамоаннгизнинг кейинги мақсади?
- Фалончи ўрин учун курашамиз деб айта олмайман, лекин ҳар бир ўйинга ғалаба учун чиқамиз. Ҳеч қачон майдонни курашсиз тарк этмаймиз. Роҳатланиб футбол ўйнашни хоҳлаймиз. Ғалаба футболчиларга қўшимча иштиёқ беради.

Ўхшаш янгиликлар


Aslanov JasurbekМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›