

“А” гуруҳи
Илк турнинг икки мағлуб ва ғолиб жамоаси ўзаро тўқнаш келади. Дастлаб, Чехия ЖАР билан очколарни бўлишиб олса, сўнг мезбон Мексика Жанубий Корея синовидан ўтади (ёхуд тескариси).
Кимдир муддатидан аввал мундиал билан хайрлашса, яна кимдир плей-офф йўлланмасини ҳал қилиши мумкин. Корея Европа жамоасига қарши камбэк қайд этганди, навбат Жанубий америкаликларгами? Мезбон мақоми рол ўйнайдими, Мексика буни иккинчи ўйинда ҳам намоён этиши керак.

ЖАР эса жорий чемпионатга ҳам шунчаки келмаганини кўрсатишга интилади, чехлар эса мухлисларига илк турдаги натижа тасодифлигини исботлашга уринади.
18 июнь, 21:00. Чехия - ЖАР
19 июнь, 06:00. Мексика - Жанубий Корея
“B” гуруҳи
Мазкур гуруҳда барчаси қайтадан бошланади. Тўрталасида ҳам имконият тенг, ҳақиқий кураш шу ердан бошланади.
Қатар Швецарияга қарши баҳсда сенсация қайд этмаганини мезбон Канадага қарши ўйинда исботлаши керак. Ўз навбатида, канадаликлар футбол улар учун ҳам биринчи рақамли бўлиб бораётганини кўрсатишга шай. Ҳақиқий интрига иккинчи ўйинга қараганда шунисида кўпроқ.

Швецария эса ҳамқитъаси Босния билан ўйин ўтказади. Айни шу икки терма жамоа плей-оффга чиқишда устунликка эга дея баҳоланганди. Мазкур баҳс кўп нарсага ойдинлик киритиши турган гап.
18 июнь, 23:59. Швецария - Босни
19 июнь, 03:00. Канада - Қатар
“C” гуруҳи
Бразилия ким аслида кимлигини кўрсатадиган вақт келди, назаримизда. Неймар машғулотларга қайтди, Анчелотти энди Винисиус билан бирга туширишни ўйлаб, боши қотиб турган бўлса керак. Рақиб эса - Гаити. Уларга осон бўлмаслиги аниқ.
Шотландия - Марокаш эса беш карра ЖЧ ғолибларининг ўйинидан ҳам қизиқарли бўлиши аниқ. Сабаби, Европа терма жамоасида уч очко бор ва улар тезроқ плей-оффни ҳал қилишга интилишади. Агар мағлуб бўлса, сўнгги турда Бразилияга дуч келади ва бу оғир бўлади.

Африка чемпионлари эса жорий мундиалда сюрприз эмас, балки чиндан фаворит эканини исботламоқчи. Улар камида дурангга умид қилишади, ҳарқалай келаси турдаги рақиб - Гаити.
20 июнь, 03:00. Шотландия - Марокаш
20 июнь, 05:30. Бразилия - Гаити
“D” гуруҳи
Мезбон АҚШ барчага салом йўлламоқда. Улар имкон қадар шу турда плей-офф масаласини ҳал этишга уринади. Австралия эса ЖЧга бекорга келмаганини эслатган ҳолда меҳмонликни бир четга суриб туради. Улар ҳам масалани сўнгги турга қолдиришни истамайди.

Парагвайнинг нима айби бор эдики, улар бу турда кўзи қонга тўлган Туркияга дуч келмоқда. Гюлер етакчилигидаги жамоа нима қилиб бўлса-да мухлисларини шод этишга интилади. Бўлмаса охирги турда АҚШ билан ўйин, агар уларнинг ҳам масаласи 3-турга қолса, “оловли” стадионда қолиб кетишлари аниқ.
19 июнь, 23:59. АҚШ - Австралия
20 июнь, 08:00. Туркия - Парагвай
“E” гуруҳи
Кот-д’Ивуарнинг эси бўлса, Германияга қарши ортиқча ҳаракат қилиб ўтирмайди. “Немис машинаси”нинг сўнгги икки мундиалдан бери кўзи қонга тўла. Бу сафар уларга гуруҳда қолиб кетишга ҳеч нима тўсиқ бўла олмайдиганга ўхшаяпти, ҳатто, илон ҳам. Африка терма жамоаси эса кучини тежаб, Кюрасаони кута қолган яхши. Айтишларича, голлар улашиляпти экан.

Эквадор кўп эҳтимол 3-ўрин учун курашга киради ва нима қилиб бўлса ҳам йирик ғалабага интилади. Охирги турда Германия билан амаллаб дуранг ўйнаса, улар плюсда.
21 июнь, 01:00. Германия - Кот-д’Ивуар
21 июнь, 05:00. Эквадор - Кюрасао
“F” гуруҳи
Швецияда сенсация қилиш учун зўр имконият. Нидерландияни мағлуб эт ва пешқадамликни нақд қил, йўли осон. Бироқ Куман шогирдлари бунга йўл қўйишлари бироз саволли. Улар Япония билан дурангни кутмагани каби, бу ўйиндан ҳам ютуқдан бошқа нарсани исташмайди.

Кунчиқар юрт вакиллари эса Тунис билан ўйнайди. Кўп эҳтимол 2-ўринни ҳал этадиган баҳс сўнгги турда бўлади. Швеция - Япония ўйинини ҳозирдан кутиш мумкин.
20 июнь, 22:00. Нидерландия - Швеция
21 июнь, 09:00. Тунис - Япония
ЖЧ-2026'ни Allplay'да томоша қилинг — CHAMPIONATASIA промокоди билан 45 кун бепул
Промокодни фаоллаштириш ҲАВОЛАСИ



