

Мундиалнинг илк турида Осиёнинг 9 жамоаси 10 очко тўплади. Жанубий Корея билан Австралия ўз ҳисобларига уч очкодан ёзиб қўйган бўлса, Қатар, Япония, Эрон ва Саудия Арабистони дуранг қайд этди. Лекин қолган уч ўйинда қитъамиз вакилларидан омад юз ўгирди. Ўзбекистон ва Иордания бир хил 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Ироқ эса Норвегияга битта гол уриб, ўз дарвозасидан тўртта гол ўтказди.
1-тур натижалари:
Жанубий Корея - Чехия 2:1
Қатар - Швейцария 1:1
Австралия - Туркия 2:0
Нидерландия - Япония 2:2
Эрон - Янги Зеландия 2:2
Саудия Арабистони - Уругвай 1:1
Ироқ - Норвегия 1:4
Австрия - Иордания 3:1
Ўзбекистон - Колумбия 1:3
Биринчи турда Осиё ҳартугул ўзини кўрсата олганди, бу эса қитъамиз футболи ривож топаётганидан дарак эди. Аммо иккинчи тур бошланди ҳамки, мағлубиятлар кўпайиб кетди. Аввалига зерикарли баҳсда Жанубий Корея Мексикага 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Кейин Канада Қатарни 6:0 ҳисобида "сочиб ташлади". Осиёнинг кетма-кет икки карра чемпиони Қатардан очиғи бундай натижа кутмагандик.
Илк турда Туркияни мағлуб этган Австралия бу гал шу ҳисоб билан АҚШга енгилди. Япония терма жамоаси мағлубиятсиз юришини давом эттириб, Тунисдан 4:0 ҳисобида устун келди. Эрон эса Европанинг энг яхши жамоаларидан бири Бельгия билан дуранг қайд этди. Лекин Саудия Арабистони Испанияга қарши йирик мағлубиятни қабул қилиб олди.

2-тур натижалари
Мексика - Жанубий Корея 1:0
Канада - Қатар 6:0
АҚШ - Австралия 2:0
Тунис - Япония 0:4
Бельгия - Эрон 0:0
Испания - Саудия Арабистони 4:0
23 июнь. Франция - Ироқ
23 июнь. Иордания - Жазоир
23 июнь. Португалия - Ўзбекистон
Иккинчи турда ўз ўйинини ўтказмаган Осиёнинг уч жамоаси қолди. Қолган уч беллашувдан иккитаси биз учун кўпроқ диққат-марказда туради. Ироқ навбатдаги турни Францияга қарши ўтказса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Португалия билан кураш олиб боради ва ҳар иккала ўйин мухлислар учун ниҳоятда қизиқарли бўлади. Қитъамизнинг яна бир вакили Иордания бу турни Жазоирга қарши ўтказади.
Катта мусобақаларда Осиё жамоаларини кузатиш мароқли. Биз ОФК вакили эканмиз ўзимиз қатори табиийки бошқаларни ҳам кўриб борамиз. Ушбу мундиалда Япония алоҳида даража эканини намойиш эта оляпти. Эрон ҳам анойилардан эмас ва ҳозирча ҳисобида икки очко бор. Япония ва Эронда футбол анча ривожланган. Жанубий Корея ҳам учинчи турда ўзини кўрсата олиши мумкин.

Ҳозирча мундиалнинг иккинчи турида фақат Япония тўп кирита олади. Эрон ҳам Бельгия дарвозасига жуда чиройли гол урганди, лекин ўйиндан ташқари ҳолат сабаб гол ҳисобга олинмади. Иккинчи турнинг 6та учрашувидан сўнг Осиё жамоалари ҳисобида ҳозирча тўрт очко бор. Буёғига яна учта баҳс бўлиб ўтишини ҳисобга олсак, неча очко жамғариш эҳтимолини айтиш жуда қийин бўлади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси эртага кеч соат 22:00да Португалия билан куч синашади. Португалиянинг илк турда Конгони мағлуб эта олмагани ҳеч нарса эмас. Португалия ҳамон гуруҳ фаворити ва ўйлашимча, Колумбиядан кучли.
Эртага бизнинг йигитларни Криштиану Роналдуга қарши ажойиб баҳс кутмоқда. Бу ўйин ниҳоятда қийин бўлади, терма жамоамизга охиригача курашишни тилаб қоламиз. Роналду, Бруноси бор Португалия билан расмий ўйинларда майдонга тушишни яқин орада тасаввур қила олмасдик, бугун эса шундай кунлар келди. Бу жамоани ўртоқлик учрашувига кўндира олмасмиз, лекин расмий тақвим ҳар қандай жамоани ҳар қандай рақибга рўбарў қилиб қўяди. Футбол шуниси билан қизиқ. Эртага Роналдунинг ашаддий ишқибозлари ҳам унга қарши турса ажаб эмас.
Х.Холиқов.



