Виктор Карпенко: "Колумбиядан қўрқмай ўйнадик, Португалия билан ижобий натижа кутиш мумкин"

Iskandarov Abdulaziz
22 июн 2026, 11:30
Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги навбатдаги баҳсига тайёргарликни давом эттирмоқда.

Мундиалнинг очилиш учрашувида вакилларимиз Колумбияга қарши жиддий қаршилик кўрсатиб, мухлисларда илиқ таассурот қолдирди. "Оқ бўрилар"нинг тарихий қадами, ва олдинда турган масъулиятли учрашувлар ҳақида терма жамоамизнинг собиқ аъзоси, кўп йиллар давомида ўзбек футболи ривожига муносиб ҳисса қўшган тажрибали мутахассис Виктор Карпенко Абдулазиз Искандаровга фикрларини билдирди.

Жаҳон чемпионатидаги биринчи ўйинимиз кутилмаларни қанчалик оқлади ва футболчилар ўз зиммаларидаги масъулиятни қай даражада уддалай олишди?

— Менимча, умумий олиб қараганда, терма жамоамиз кутилмаларни оқлади. Тўғри, натижа мухлислар кутгандек бўлмагандир, бироқ бу Ўзбекистон учун тарихдаги илк Жаҳон чемпионати учрашуви эканини унутмаслик лозим. Йигитлар майдонда чўчиб туришмади, аксинча, дадил ҳаракат қилиб, ўз ўйинларини сингдиришга интилишди ва характер кўрсатишди. Албатта, хатолар ҳам бўлди ва бундай даражадаги рақиб уларни ҳеч қачон кечирмайди — бу катта тажрибанинг бир қисми. Энг муҳими, жамоа ушбу турнирда муносиб равишда иштирок этаётганини исботлай олди. Шу боис, футболчилар ўзларига билдирилган ишончни оқлашди, айниқса, бор кучларини бериб ўйнашгани ва майдондаги муносабатлари таҳсинга лойиқ. Энди тўғри хулосалар чиқариб, олдинга ҳаракат қилиш керак.

Ўнг қанотда ҳаракат қилган Беҳруз Каримовнинг ўйини сизда қандай таассурот қолдирди?

— Беҳруз Каримов жуда яхши таассурот қолдирди. Ёш футболчи учун бундай юқори даражада йўқолиб қолмай, ишончли тўп тепиш — катта кўрсаткич. У ўз қанотида катта ҳажмдаги ишларни бажарди, ташаббусни ўз қўлига олишдан чўчимади ва мураббийлар штабининг кўрсатмаларини бажаришга ҳаракат қилди. Албатта, унда ҳали ишлайдиган, хусусан, ҳал қилувчи вазиятларда қарор қабул қилишни мукаммаллаштирадиган жиҳатлар бор, аммо салоҳияти жуда юқори. Энг муҳими — унда ўсишга ва жамоага фойда келтиришга бўлган хоҳиш яққол кўриниб турибди. Ўйлайманки, Беҳрузда келажакда терма жамоа етакчиларидан бирига айланиш учун барча сифатлар мужассам.

Иккинчи бўлимда жамоа ҳаяжонни енга олдими ёки ўйиннинг ўзгаришига бошқа омиллар сабаб бўлдими?

— Менимча, учрашув бошида ҳаяжон ўз сўзини айтди. Барибир Ўзбекистон терма жамоаси учун бу тарихий дебют эди ва барча футболчилар учун бутунлай янги муҳит ҳисобланарди. Бироқ баҳс давомида жамоамиз турнир атмосферасига ва рақиб даражасига мослашиб борди. Иккинчи бўлимда футболчилар анча ишончли ҳаракат қила бошлашди, тўп назоратини яхшилашди ва дадилроқ олдинга интилишди. Шу боис, ўйин фақатгина ҳаяжон йўқолгани учун эмас, балки жамоа ўз кучига ишонгани ва бизни Жаҳон чемпионатига олиб чиққан ўша чиройли футболини кўрсата олгани эвазига ўзгарди, деп айта оламан.

Португалияга қарши бўлажак баҳсдан нималар кутяпсиз? Зеро, португаллар ҳам биринчи турда очко йўқотишди…

— Португалия барибир гуруҳимиз фаворити бўлиб қолаверади ва уларнинг илк турдаги дуранги рақибни хавфини камайтирмайди. Бундан ташқари, очко йўқотилганидан кейин португаллар бизга қарши янада каттароқ мотивация билан майдонга тушишлари аниқ. Бироқ бу бизнинг терма жамоамиз учун ўз даражасини кўрсатишга жуда яхши имконият. Колумбия билан ўйинидан кейин йигитлар Жаҳон чемпионати ҳавосини ҳис қилишди, зарур тажрибага эга бўлишди ва кейинги баҳсга янада ишонч билан ёндашишлари керак. Тўғри, Португалия — фаворит, аммо бундай мусобақаларда кўп нарсани характер, интизом ва ўз кучига бўлган ишонч ҳал қилади. Агар Ўзбекистон терма жамоаси тартибли ўйнаб, ўз вазиятларидан унумли фойдалана олса, ижобий натижага умид қилса бўлади.

Ўхшаш янгиликлар


Iskandarov AbdulazizМуаллиф
Манба: Championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›