

Жума ва шанба кунлари тушдан кейин телеканалларда Палм-Бичдаги бўронлар ҳақида огоҳлантирувчи хабарлар пайдо бўла бошлади. Уларда одамлардан ўз уйларида қолиш ва деразалардан узоқроқ бўлиш сўралган.
Шунингдек, сув тошқинлари эҳтимоли ҳақида ҳам огоҳлантиришлар берилиб, айрим ҳудудлардаги аҳолига зарурат туғилганда баландроқ жойларга чиқиб олиш тавсия этилмоқда.
Ноқулай об-ҳаво Палм-Бичдаги тайёргарликнинг дастлабки кунларидаёқ Португалия терма жамоасига ўз таъсирини ўтказди: момақалдироқ сабабли машғулотлардан бири бекор қилинди, ҳатто оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам ҳудудни тарк этиб, ўз автомобилларига яширинишга мажбур бўлишди.
Ўша куни Португалия терма жамоаси машғулотларни ФИФА томонидан айнан шундай вазиятлар учун ажратилган тренажёр залида ўтказишга мажбур бўлди.
Мазкур воқеадан сўнг, мутасаддилар дастлабки режани ўзгартиришди ва юқори ҳарорат кузатилаётганига қарамай, машғулотларни эрталаб ўтказа бошлашди.
Португалия терма жамоаси жойлашган меҳмонхонада ҳам футболчилар ва мураббийлар штаби бошқалар қатори бир хил хавфсизлик чораларига амал қилишмоқда. Бўрон ҳақида огоҳлантириш берилган вақтларда уларга меҳмонхона ташқарисига чиқиш тақиқланади ва бу ҳолат ҳар 30 дақиқада баҳолаб борилади.
Куннинг асосий қисмида ҳарорат 30 даражадан юқори ва намлик даражаси баланд бўлишига қарамай, бўронлар тезлик билан пайдо бўлмоқда, ҳарорат пасайиб, ёмғир ва момақалдироқ ўзининг бор кучини кўрсатмоқда.



