

Икки давлат номи ёнма-ён келганда, кўпчилик футбол таҳлилчилари ва мухлислар яшил майдондаги шиддатли баҳсларни эмас, балки 2018 йилда юз берган, футбол тарихидаги энг шов-шувли ва ғалати келишувлардан бирини ёдга олади. Бу воқеа "Саудия экспресси" номи билан тарихга муҳрланган.
2018 йилги Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати арафасида Саудия Арабистони спорт раҳбарияти терма жамоа ўйинчиларининг тажрибасини ошириш ва Европа футболи ҳавосидан нафас олиши учун ноанъанавий йўл танлади. Саудия Арабистони футбол федерацияси ва Испаниянинг Ла Лигаси ўртасида кўп миллионлик тижорий шартнома имзоланди.
Келишувга кўра, қишки трансфер ойнасида тўсатдан 9 нафар саудиялик футболчи Испаниянинг турли клубларига – ҳам юқори дивизион, ҳам Сегунда жамоаларига ижарага берилди. Хусусан, Салим Ал-Довсари "Вильярреал", Фаҳад Ал-Муваллад "Леванте", Яҳё Ал-Шеҳри эса "Леганес" таркибига бориб қўшилди. Бошқа ўйинчилар эса қуйи лиганинг "Спортинг Хихон", "Нумансия", "Райо Вальекано" ва "Вальядолид" каби клубларига тақсимланди.
Мақсад эзгу эди – саудиялик юлдузларни дунёнинг энг кучли лигаларидан бирида тоблаш ва уларни Жаҳон чемпионатига юқори формада олиб бориш. Аммо амалда бу жараён соф тижорий маркетинг юриши бўлиб чиқди. Испан клублари бу трансферлар учун каттагина молиявий ҳомийлик пуллари олишди, бироқ жамоа мураббийлари тайёргарлиги паст ва тил билмайдиган бу футболчиларни майдонга туширишга умуман шошилишмади.
Оқибатда нима бўлди? Саудия футболининг ўша вақтдаги асосий юлдузлари Испанияда ойлаб захира ўриндиғини "иситиб" ўтиришди. Масалан, Салим Ал-Довсари мавсум сўнгида "Реал Мадрид"га қарши фақат бир мартагина, у ҳам бўлса сўнгги дақиқаларда майдонга тушди. Фаҳад Ал-Муваллад эса "Леванте" сафида атиги иккита ўйинда қатнашди. Қолган аксарият футболчилар асосий таркиб у ёқда турсин, ҳатто ўйин қайдномасига ҳам киритилмади.
Футболчилар Европа футболи ҳавосидан нафас олишди, бироқ 6 ой давомида ўйин амалиётисиз қолиб кетганлари сабабли жисмоний спорт формаларини йўқотишди. Натижада Жаҳон чемпионатининг очилиш ўйинида Саудия Арабистони мезбон Россияга 0:5 ҳисобида йирик кўринишда мағлуб бўлди.
Бундай "тажриба алмашиш" дастури испан мухлислари ва маҳаллий ОАВ томонидан кескин танқид қилинди. Кўпчилик буни "пул эвазига таркибдан жой сотиб олиш" деб баҳолади ва спорт принципларига зид эканлигини таъкидлади. Шунга қарамай, бу ғалати лойиҳа икки мамлакат футбол раҳбариятлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Кейинчалик Испания Суперкубогининг айнан Саудия Арабистонида ўтказилиши ва бунинг ортидаги миллиардлик шартномаларнинг пойдевори айнан ўша "Саудия экспресси" даврида қурилган эди.
Бугунги кунга келиб эса вазият тубдан ўзгарган. Саудия Арабистони энди ўз ўйинчиларини Европага "мажбуран" жўнатмаяпти, аксинча, Европанинг энг олди юлдузларини миллиардлаб маблағ эвазига ўз чемпионатига олиб келмоқда.
ЖЧ-2026'ни Allplay'да томоша қилинг — CHAMPIONATASIA промокоди билан 45 кун бепул
Промокодни фаоллаштириш ҲАВОЛАСИ
Оқил Абдубарноев тайёрлади.



