

"Севилья"да молиявий муаммолар чиқса ёки "Лестер" қуйи лигага тушиб кетса, бунинг бизга иссиқ-совуғи йўқ. Хориж клубларига ишқибозлик қилмайдиган ва маҳаллий футбол билан нафас оладиган ҳар бир мухлис учун уларнинг тақдири бир тийин.
Лекин ўз уйингда, ўз кўзинг олдида миллий футбол байроқдорларидан бири чўкаётган бўлса-чи?

Ўзбек футболининг яқин ўтмишдаги ташриф карточкаси, Осиё майдонларида мамлакат шаънини муносиб ҳимоя қилган "Бунёдкор" бугун жар ёқасида турибди.
Клубнинг ҳатто навбатдаги сафар ўйинига бора олмайдиган даражага тушиб қолгани — шунчаки молиявий танқислик эмас, бу бутун футболимиз тизими учун ҳақиқий шармандалик.
Юзадаги хотиржамлик ва сув остидаги инқироз
Сўнгги вақтларда терма жамоаларимизнинг турли даражадаги муваффақиятлари фонида ҳаммаси жойидадек туюлиши мумкин. Аммо бу шунчаки сув юзидаги хотиржамлик. Ичкарида эса ички чемпионатимиз, клублар аҳволи борган сари тубга шўнғимоқда.
Яқинда "Бунёдкор" раҳбарияти томонидан берилган интервьюда бир қатор саволларга жавоб изланди. Лекин сатр ораларидан бир аччиқ ҳақиқат бўй кўрсатиб турибди: клуб мутлақо ёлғизлатиб қўйилган.
"Ўлсанг, ўлиб кетавер" деган бепарво муносабат кўзга ташланмоқда. Бу жараёнлар ўзбек футболи тепасида турганларни заррача безовта қилмаётгандек.
Бозор иқтисодиёти ва аччиқ реаллик
Кимдир айтиши мумкин: "Клублар ўзини ўзи боқиши, маркетингни йўлга қўйиши керак" деб. Аммо келинг, баландпарвоз гапларни бир четга суриб, аччиқ реалликка тўғри қарайлик:
Маркетинг ва реклама: Бугунги шароитда қайси йирик инвестор ёки бренд "Бунёдкор"га ҳомийлик қилиш учун навбатда турибди? Ҳеч ким.
Чипталар тушуми: "Бунёдкор" Водий клублари каби кенг кўламли, ҳар ўйинда стадионни тўлдирадиган мухлислар армиясига эга эмас. Тошкент шароитида фақат чипта сотиб, клуб бюджетини ёпиш — утопия.
Атрибутика ва хизмат кўрсатиш: Клуб атрибутикасини сотиш ёки бошқа қўшимча манбалар топиш — бу денгиздан тонгги шудрингдек гап. Улар билан миллионлаб долларлик харажатларни, академия таъминотини ва жамоа қарзларини ёпиб бўлмайди.

Ечим қаерда?
Ҳозирги шароитда "Бунёдкор" каби инфратузилмаси улкан, аммо молиявий манбасиз қолган клубларни фақат ва фақат давлатнинг тизимли кўмаги ва тўғри йўналтирилган эътиборигина бу жарликдан олиб чиқа олади.
Ўзбек футболи раҳбарлари, иссиқ ва муздек кабинетларда ўтирган мутасаддилар бир нарсани англаб етишлари шарт: Ўзбек футболи дегани фақат миллий терма жамоалардан иборат эмас. Кучли терма жамоа — бу кучли ва оёқда мустаҳкам турган ички чемпионат маҳсулидир.
Академиялари ишлаб турган, тарихи ва ўз ўрнига эга бўлган клубларнинг бирин-кетин сунъий равишда "ўлишига" томошабин бўлиб туриш — келажакка қилинган энг катта ҳиёнатдир.
Вақт бой берилмоқда. Кабинетлардан чиқиб, реал футбол аҳволига қарайдиган вақт аллақачон келган.
Муаммонинг энг оғриқли томони шундаки, гап шунчаки бир мавсумлик таркиб йиғиб, пул тугагач тарқалаб кетадиган оддий жамоа ҳақида кетаётгани йўқ.

Келинг, холис савол берайлик: бугун ўзбек футболида ўз академик тизимига, замон талабларига жавоб берадиган инфратузилмасига ва шаклланган футбол фалсафасига эга бўлган нечта клубимиз бор? Саноқли! Булар — "Насаф", "Машъал" ва "Бунёдкор".
Қолган клубларимиз, минг афсуски, ҳали бу даражага етиб келгани йўқ. Уларнинг аксарияти йиллик бюджетни "еб битириш", хориждан ёки маҳаллий бозордан тайёр футболчиларни ижарага олиш ва мавсумни амаллаб якунлашдан ортиғига ўта олишмаяпти.
Шундай шароитда, ўзи шундоқ ҳам бармоқ билан санарли бўлган, йиллар давомида минглаб ёш истеъдодларни тарбиялаб чиқарган, миллий ва ёшлар терма жамоаларимизнинг асосий ўзагини таъминлаб бераётган тайёр тизимга эга клубларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш — бу шунчаки бепарволик эмас, бу миллий футбол пойдеворига болта уришдир.
"Бизда янги академиялар барпо этиш, инфратузилмани европача андозаларга келтириш ҳақида баландпарвоз нутқлар сўзланади. Аммо амалда бор тизимни, тайёр академияларни сақлаб қола олмаяпмиз. Бу мантиқсизликнинг чеки-чегараси борми?"
"Бунёдкор" каби клубларнинг инқирози — бу фақат катталар жамоасининг мағлубияти эмас. Бу — шу академияда келажак умиди билан тўп тепаётган юзлаб ўзбек ўғлонларининг орзулари, уларнинг келажаги хавф остида қолгани деганидир.
Аввалроқ "Бунёдкор"да пул йўқлиги учун клуб Навоийга бора олмаслиги маълум бўлган эди.



