Катанец ёрдамчиси: "Европача интизом билан Осиёда муваффақиятга эришиб бўлмайди" (катта интервью)

Оқил Абдубарноев
18 сен 2026, 18:05
Ўзбекистон терма жамоаси собиқ ёрдамчи мураббийи, словениялик мутахассис, Сречко Катанецнинг узоқ йиллик ёрдамчиси Алеш Чех Осиё футболидаги тажрибалари билан ўртоқлашди.

2013 йил Словения терма жамоасига қўшилдингиз ва бош мураббий ёрдамчисига айландингиз. Сречко Катанецнинг 2017 йилгача давом этган терма жамоадаги иккинчи даври, биринчисидан фарқли ўлароқ, йирик турнирларга йўлланма бера олмади.

Бундай бўлганидан афсусдаман. Биз жуда яқин эдик, айниқса Евро–2016 йўлланмаси учун курашда (Словения плей-офф босқичида Украинага ютқазган, таҳр.). Аммо бошқа давлатлар ҳам қанчалик ҳаракат қилаётганини англаш керак. Бошқалар ҳам ривожланмоқда. Ҳамма футболга сармоя киритяпти, шунинг учун доим ҳам муваффақиятга эриша олмайсиз. Яхшиямки, Словенияга, турли авлодларимизга буни тўрт марта уддалаш насиб қилган (Евро–2000, ЖЧ–2002, ЖЧ–2010 ва Евро–2024, таҳр.). Агар шундай давом этса, биз бундан фақат мамнун бўламиз. Яъни, ҳар иккинчи ёки учинчи йирик мусобақага чиқишни назарда тутяпман. Албатта, ҳар бирига чиқишни хоҳлардик, лекин, афсуски, бунинг иложи йўқ.

Аммо сиз Сречко Катанецнинг ёрдамчиси сифатида (кейинчалик саралашда унинг ўрнини Тимур Кападзе эгаллаган) барибир йирик турнирга йўлланма олдингиз. Бу қувонч ва шарафни Ўзбекистон билан бирга ҳис қилдингиз. Бироқ, Ўзбекистон билан боғлиқ ҳикоя қандайдир аччиқ таассурот қолдирмайдими? Чунки Сречко Катанец кетганидан сўнг, сиз унинг ўринбосари Тимур Кападзенинг ёрдамчиси сифатида жаҳон чемпионатида иштирок этишингиз кутилаётганди. Аммо кейин ўзбекистонликлар янги мураббийлар штабини олиб келишди ва машҳур италиялик Фабио Каннаварони бош мураббий қилиб тайинлашди.

Бу бироз аччиқ тажриба бўлди, лекин инсоний нуқтаи назардан буни кутиш ҳам мумкин эди. Уларнинг бу ишидан жаҳлимиз чиқмади. Ўзбекистон биринчи марта жаҳон чемпионатига чиққан эди, Сречко эса орада йўқ эди. У, афсуски, кетишга мажбур бўлди, биз эса футболчилар билан қолдик. Кейинчалик билдикки, Ўзбекистон ҳукумати жаҳон чемпионатидаги илк иштирок учун бош мураббийлик лавозимига катта номдаги мутахассис келишини, шу орқали дунёга кўпроқ танилишларини белгилаб берган экан. Уларни ҳам тушуниш керак. Шунинг учун ҳеч кимдан гина сақламайман. Ўзбекистондаги тўрт йил энг гўзал хотира бўлиб қолди.

Айниқса, саралашнинг сўнгги ўйинидаги маросим жуда шов-шувли бўлди, ўшанда стадионнинг ўзида сизларга ҳатто автомобиллар совға қилишган эди.

Ҳа. Бунинг ортидан улар катта жарималар тўлашди, чунки бунгача рухсат сўрашмаган эди. Стадионга шунчаки автомобилларни олиб кириб, уларни реклама қилиш мумкин эмас. Аммо уларнинг иштиёқи жуда баланд эди. Қандай бўлмасин, буни кўрсатишни хоҳлашди. Бошқа томондан қараганда, улар бизга ҳам, футболчиларга ҳам тўғри ва ҳалол муносабатда бўлишди. Бу биринчи жаҳон чемпионатига чиқиш эди, ҳаммаёқни эйфория эгаллаб олганди.

Ўзбекистон ЖЧ–2026 йўлланмасини БААдаги ўйиндан олдинги турдаёқ нақд қилиб улгурганди. Шу сабабли уйдаги сўнгги ўйин кўргазмали аҳамиятга эга бўлди. Бу мухлислар келиб, тарихий ютуқни нишонлаши учун ташкил қилинганди. Стадионга олиб келинган машиналар уларни бироз ҳаяжонга солиб юборди. Жаримага тортилишди, майли. Аммо Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) кейинчалик ЖЧдаги иштирок учун уларга анча кўпроқ пул ажратди.

Ўшанда Сречко Катанец ўзига совға қилинган автомобилни таржимонга ҳадя қилган эди. Бу олижаноб иш Словенияда ҳам катта резонанс келтириб чиқарди.

Даврон Аҳмедов тўрт йил давомида бизнинг таржимонимиз бўлди. У бизнинг ўнг қўлимиз эди. У бизни Ўзбекистонда содир бўлаётган барча воқеалардан ва ўзимиз билмаган ҳамма нарсадан хабардор қилиб турарди. У жуда ҳалол инсон эди ва бизга ёрдам беришни яхши кўрарди. Миннатдорчилик сифатида Сречко ўзига берилган машинани унга совға қилди. Бу ҳақиқатан ҳам жуда гўзал иш бўлди. Мен ҳам автомобил олдим. Мураббийлар бироз оддийроғини, футболчилар эса яхшироғини олишди (кулади, таҳр.).

Ҳали ҳам ундан фойдаланяпсизми?

Йўқ, қаёқда. Уни Словенияга олиб келмадик-ку.

Ўзбекистон йўлларида ҳақиқатан ҳам Хитойдан келтирилган электромобиллар кўпми?

Тўлиқ шундай деса ҳам бўлади. Давлат Хитой ишлаб чиқарувчилари билан келишув тузган. Агар ўзбекистонлик Европада ишлаб чиқарилган машина сотиб олса, юз фоизлик солиқ тўлайди, лекин хитойликларнинг машинасини олса, давлатлараро келишув сабабли фақат 30 фоиз солиқ тўлайди. Шунинг учун бундай машиналар жуда кўп. Асосан Хитойнинг электромобиллари кўп, шунингдек, қизиғи шундаки, Chevrolet русумидаги машиналар ҳам кўп. Сабаби у ерда уларнинг заводи бор. Ҳозир Хитой машиналари энг кўп. Ўзбекистонда, хусусан, электромобиллар борасидаги автопарк Люблянадагидан деярли яхшироқ. У ерда машҳур автомобилларнинг турли хил нусхаларини кўрасиз, бу эса кўзни қувнатади. Европада умуман йўқ бўлган моделларни кўрасиз.

Умуман олганда, Ўзбекистонда яшаш қандай бўлди? Бир пайтлар Собиқ Иттифоқ таркибида бўлган олис Осиё давлатида ҳаёт сифати қандай?

Ажойиб эди. Биз доим ҳам Ўзбекистонда яшамаганмиз. Тўғри, ишимизнинг бошланишида кўпроқ ўша ерда бўлдик, кейинчалик эса терма жамоа йиғинларидан фақат бир ой олдин Ўзбекистонга бориб, йиғиндан сўнг уйга қайтадиган бўлдик. Йиғинлар кўп бўлгани учун ҳаммаси яна шундай такрорланарди. Ҳаётимиз мана шундай эди. Меҳмонхонада яшардик, ҳеч нарсадан камчилигимиз йўқ эди.

Энг катта муаммо транспорт билан боғлиқ эди, чунки Ўзбекистонда йўллар ёмон. Уларда жуда чиройли ва ажралиб турадиган тезюрар поезд бор, аммо йўлларда автомобилда саёҳат қилмасликни маслаҳат берган бўлардим. Йирик шаҳарларда бунинг иложи бор, лекин бошқа барча йўналишлар… Ёзда энг иссиқ тўрт ой келганда ва ҳаво ҳарорати 40–50 даражагача кўтарилганда асфалт эриб кетади. Шундай вазиятларда қандайдир ўйинларга борганимизда, 100 километрлик йўлни босиб ўтиш учун икки-уч соатлаб вақтимиз кетарди. Автомагистраллар йўқ. Фақат асфалти ёмон бўлган тезкор йўллар бор. Шунинг учун, агар иложи бўлса, биз кўпинча тезюрар поездда саёҳат қилишни афзал кўрардик.

Давлат гўзалликлари билан танишишга вақтингиз бўлдими?

Бўлди. Бухоро, Самарқанд… Биз доим фақат футбол билан чекланиб қолмадик, баъзан сайёҳ сифатида ҳам бўлиб, у-бу нарсаларни кўришга муваффақ бўлдик. Бухоро мен учун энг гўзал шаҳар. Унинг марказида улкан қалъа девори бор. Улар сайёҳлик маркази сифатида ривожланишга кўп маблағ сарфламоқда ва эски биноларни қайта тикламоқда. Агар кимдир тарихга қизиқса ва Буюк Ипак йўли қаердан ўтгани ҳамда ундан нималар қолгани ҳақида ўйласа, у ҳолда Ўзбекистон – ташриф буюриш учун идеал жой. У ерда жуда кўплаб қадимий ёдгорликларни кўриш мумкин. Уларнинг аксарияти Самарқанд ва Бухорода жойлашган, пойтахт Тошкентда эса бундай жойлар камроқ. Бу тўрт миллион аҳолиси бор шаҳар. У ерда масжид ва ибодатхоналар кўп, аммо бошқа тарихий жойларни кўп ҳам кўрмайсиз.

Дунёнинг энг йирик мусобақасига тарихий йўлланмани қўлга киритиш орқали сиз кўтарган футбол эйфориясидан сўнг, одамлар сизни Ўзбекистон кўчаларида таний бошлашдими?

Ҳа, албатта. Одамлар орасига чиққанимизда, атрофдагиларнинг бир-бирига "Қаранглар, булар бизни жаҳон чемпионатига олиб чиққан мураббийларимиз", деган гапларини тез-тез эшитардик. Бизни ҳамма жойда танишди, чунки телевидениеда кўп чиқардик. Қаерга бормайлик, кимдир бизни танир эди. Жуда ёқимли туйғу.

Ўзбекистонда тинч муҳит ҳукм сурган. Эҳтимол, бундан олдинроқ шиддатли ва қонли ўтмишга эга, тўқнашувларга тўла Ироқда вазият янада нотинч ва мавҳумроқ бўлгандир?

Шуни таъкидлаш керакки, биз Ироқнинг жуда ривожланган ва тинч қисмида яшадик. Биз Курдистоннинг пойтахти Арбилда (Ироқнинг бир ярим миллион аҳолиси бор тўртинчи йирик шаҳри, таҳр.) жойлашган эдик. Ироқнинг бу қисми энг ривожланган ҳудуд ҳисобланади. Гўёки Словениянинг собиқ Югославия давридаги ҳолатига ўхшайди. Арбилга келганингизда Осиёда эканлигингизни ҳис қиласиз, аммо шу билан бирга, аҳолиси Европа моделига яқинлашишга қанчалик ҳаракат қилаётганини ҳам кўрасиз. Унчалик катта фарқ йўқ эди ва бу бизга маъқул келарди. Словенияга парвоз ҳам Ўзбекистондагидан кўра қисқароқ эди. Самолётда Истанбулгача икки соат, кейин эса Люблянагача яна шунча. Ҳаммаси хавфсиз эди, шунинг учун ҳеч қандай муаммога дуч келмадик.

Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида Ироқ ва Яқин Шарқдаги қўшни давлатларда хавфсизлик масаласига кўп эътибор қаратилмоқда.

Шундай. Ироқдаги энг катта тартибсизликлар Боғдодда кузатилган. Айниқса давлатларнинг элчихоналари жойлашган "яшил ҳудуд"да. У ерда, ҳатто биз Ироқда ишлаган давримизда ҳам бир неча бор портлашлар содир бўлган. Боғдодга борганимизда ҳар 300 ёки 400 метрда назорат-ўтказиш пунктлари турарди, у ерда текширувдан ўтиш учун тўхташга мажбур эдик. Атрофимизда фақат автомат кўтарган аскарлар бўларди. Бундай муҳитга тушиб қолганда одамнинг бироз юраги сиқилади, аммо бахтимизга бирор марта ёқимсиз вазиятга тушиб қолмадик. Бундан ташқари, биз Боғдодда жуда кўп бўлмаганмиз. Асосан бирор сафарга чиқиш олдидан тўпланганда бордик. Қолган вақтда эса тинч ва ташвишсиз Арбилда яшадик.

Маданий фарқларга кўника олдингизми?

Бошида маданий шокни бошдан кечирдим, шунинг учун европача фикрлаш тарзидан тезда воз кечиб, уларнинг турмуш тарзига мослашишга тўғри келди. Агар бундай қилмасангиз, фарқлар жуда катта бўлиб кетади. Масалан, у ерда ҳарорат жуда баланд, шунинг учун футболчилар кечаси ухламайдилар. Улар бунга ўрганиб қолишган, чунки кундузи ҳарорат юқори бўлганда ташқарида юришнинг иложи йўқ. Ўша пайтда улар кўпроқ ухлашади, ҳақиқий ҳаёт эса тушликдан кейин бошланади. Улар шунингдек кунига беш маҳал ибодат қилишади, биринчиси эрталаб соат тўрт ёки бешларда бошланади. Кўпинча улар бомдодгача кутишади, шунинг учун тунда умуман ухлашга ётмайдилар. Чунки шу пайтда улар фаол бўла оладилар, ҳаво ҳарорати эса чидаш мумкин бўлган даражада бўлади, биринчи намоздан кейин эса ухлашга ётишади. Агар мураббий сифатида машғулотларни эрталабга белгиласангиз, футболчилар сизни дарҳол лавозимингиздан "олиб ташлашади". Уларни биринчи марта соат бирларда тушликда кўрасиз. Шунинг учун уларни ухлашга қўйиб берган маъқул. Биз бу хулосага жуда тез келдик.

Агар Осиёнинг унчалик иссиқ бўлмаган бошқа бирор давлатига сафарга борсангиз, машғулотларнинг вақт жадвали ўзгарармиди?

Бошқа жойларда ҳам деярли шундай. Бу фақат Ўзбекистон ёки Ироққа хос эмас. Тўққиз ой давомида ҳарорат юқори бўлади, шунинг учун одамлар фақат тунда фаол бўлишади. Охир-оқибат, бу ритмни сақлаб қолиш учун уларга нонуштага чиқишлари шарт эмаслигини, фақат тушликда кўришишимизни айтдик. Чунки уларни ўзгартириб бўлмайди. Агар европача ритмни, футбол оламида нормал ҳисобланган қадриятларни киритмоқчи бўлсангиз, муваффақият қозона олмайсиз, чунки футболчилар сиздан юз ўгиришади. Сречко буни олдиндан биларди, чунки бунгача БААда ҳам ишлаган эди. У европача интизом билан муваффақиятга эришиб бўлмаслигини биларди.

Ироқ билан хайрлашувингиз унчалик дўстона руҳда кечмади. Бош мураббий Сречко Катанец ижтимоий тармоқлардаги баёнотлари орқали федерация барча тўловларни амалга оширмаганини ва Ироқни ҳафсаласи пир бўлган ҳолда тарк этаётганини маълум қилди.

Қатарда бўлиб ўтган ЖЧ–2022 саралашида Ироқ билан сўнгги 16 та терма жамоа қаторига кирганимизда, бундан бироз олдин федерация президенти алмашган эди. Бизни Ироққа олиб келган президент ўз лавозимини тарк этганди. Сречко эса ҳар доим шундай инсонки, у футболчилар учун курашади. Ўшанда ҳам у йигитлар камида қандайдир мукофот пулларини олишлари учун курашди. Нега улар мукофот пулларини олишмагани унга тинчлик бермас эди. У президентга футболчилар учун ваъда қилинган мукофот пулларини тўлашни очиқчасига талаб қилди. Президент бундан ранжиди, кейин эса биз шунчаки хайрлашдик.

Терма жамоада дарвозабонлар мураббийи вазифасини бажарган Сречко Катанец ва Ниҳад Пейкович билан ҳали ҳам алоқадамисиз?

Сречко билан ҳафтасига икки марта қаҳва ичиб турамиз. Пейко (Ниҳад Пейкович, таҳр.) билан ҳам алоқани узмаганмиз, барчаси жойида.

Бу учлик йилдан-йилга янада ғалаба қозонадиган комбинацияни намоён этиб борди. Сиз Словенияда, кейин Ироқда ва Ўзбекистонда бирга ишладингиз. Келажакда яна қачондир кучларингизни бирлаштирасизларми?

Менимча, Сречко энди футболда ишламайди. У мураббийлик фаолиятини Ўзбекистон билан якунлади. Биз уни футболчи ва бош мураббий сифатида кўрдик. Баъзи журналистлар учун, айниқса Словениядаги иккинчи даври ҳақида гапирадиган бўлсак, бу бироз ёмонроқ бўлгандир, аммо майли… Сречко – ўз принципларига эга инсон. Ўз принциплари билан у катта натижаларга эришмоқда ва бутун дунёда қадрланмоқда. У ҳеч қачон нарсаларни безаб кўрсатмайди, балки журналист буни эшитишни истамаса ёки қарама-қарши фикрда бўлса ҳам, нимани ўйласа шуни гапиради. У ўз принципларига содиқ. Жамоага нисбатан ҳам шундай муносабатда, шунинг учун футболчилар уни доимо ҳурмат қилишади. Улар иш мана шу принциплар асосида олиб борилишини ва Сречко уларга нисбатан ҳалол эканлигини билишади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистондаги футболчилар унга қўнғироқ қилиб, қайтишнинг бирон иложи бор-йўқлигини сўрашди. Афсуски, бунинг имкони йўқ эди. Барча жамоаларда унга нисбатан катта ҳурмат ҳукм сурар эди. Чунки футболчилар ҳам унинг уларни максимал даражада ҳурмат қилишини кўришарди. Ироқ ва Ўзбекистонда ҳеч қачон бўлмаганлар эҳтимол у ерда демократия бор деб ўйлашар, лекин ундай эмас. У ерда ҳамон иерархия ҳукмрон. У ерда худди Югославия ёки Россиядагидек бир партиявий тизим сақланиб қолган. Ким кимлиги аниқ маълум. Федерациядагилар ва футболчилардан юқори турувчи одамлар бу давлатларда футболчиларга унчалик ҳурмат билан қарашмайди. Футболчиларни кераклича қадрлашмайди. Хўш, биз келганимизда эса бу йигитларга ҳурмат кўрсатдик. Футболчилар бу ҳақда кўп ўйлашади. Улар фарқни сезишди ва бизга ҳам ҳурмат билан жавоб қайтара бошлашди. Мустаҳкам ришталар пайдо бўлди. Шу тарзда Ироқ ва Ўзбекистонда тезда жипслашган жамоа туза олдик. Футболчилар билан ҳеч қачон муаммо туғилмаган. Ироқда ҳам, Ўзбекистонда ҳам Сречко кетганида барча йигитларнинг қалбида оғир ҳис қолди.

Ўзбекистондаги фаолиятингиз давомида шов-шувли трансферлар борасида ҳам даражани анча кўтардингиз. Ўтган йили ёш ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов 20 ёшида "Манчестер Сити"га ақл бовар қилмас 40 миллион евро эвазига ўтди! Бу Сречко Катанецнинг хизматимиди?

Ҳа, албатта. Биз келишимиздан олдин Ўзбекистонда ҳамма терма жамоа ишларига аралашарди. Менежерлардан тортиб федерациягача. Ҳар кимнинг ўз одами бор эди. Ёш футболчилар биз келишимиздан олдин ўйнаш учун умуман имконият олишмас эди. Улар учун бу қийин эди, чунки ёши катта футболчилар турли хил таниш-билишчиликлар орқали албатта ўйнашлари керак эди. Ўзбекистоннинг ёшлар тоифасидаги футбол жамоаларида ажойиб натижалар бор. Улар Осиё чемпионатларида доим кучли тўртликка киришади. 20 ёшгача бўлган терма жамоа Осиё чемпиони бўлди. Ўшанда биз икки ёш футболчини асосий терма жамоага чақирдик. Одамлар бунга ҳайрон қолишди, бундай нарсага ўрганишмаган эди. Биз уларга имконият берган биринчи мураббийлар бўлдик. Илгари бунинг иложи йўқ эди. Биз баъзи ёш футболчилар қанчалик яхши эканлигини кўрганимизда, уларга имконият бериш керак қарорига келдик. Шундай қилиб, Ҳусанов ва Файзуллаев юзага чиқишди. Бири "Сити"да ўйнайди, иккинчиси эса "Истанбул Башакшехир"да. Биз уларга имконият бердик, энди улар А терма жамоасининг алмаштириб бўлмас ўйинчиларидир.

Ўзбекистон ЖЧ–2026 да бирорта ҳам очко ололмади. Улар Колумбия (1:3), Португалия (0:5) ва Конго ДР (1:3) термаларига мағлуб бўлишди, аммо Фабио Каннаваро муваффақиятсизликка қарамай, бош мураббий сифатида қолди. Бу натижа Ўзбекистонда қандай акс-садо берди?

Мухлислар норози эди. Мен Ўзбекистондаги бир қанча одамлар билан алоқадаман ва маълум маълумотларни олиб тураман. Жумладан, келаси йил январь ойида Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Осиё кубоги олдидан Каннаварога гап-сўзлар етарли бўлганини, энди эса амалий ишлар кераклигини айтишди. Буни федерация айтаётгани йўқ, мухлислар шундай фикрда. Журналистларда ҳам худди шундай. Улар шундай катта маош оладиган мураббийдан натижа талаб қилишмоқда. Ҳар бир мураббий натижаларга боғлиқ. Ҳатто пули камроқ бўлган кичик футбол мамлакати – Ўзбекистонга келган мураббий ҳам.

Ўзбекистон ўзи бой давлат ҳисобланадими?

Ҳа. Футболга кўп маблағ сарфлайди. У бой мамлакат, пахта ва олтини кўп, лекин шунга қарамай халқи камтарона яшайди. Ўртача ойлик маош 500–600 долларни ташкил қилади. Аҳолининг 90 фоизи оддий яшайди, аммо давлат сифатида бой. Сайёҳлар кўп, Ўзбекистон пахтанинг асосий экспортчиси, сабзавотлар борасида эса умуман муаммо йўқ. У ерда йил бўйи сабзавотлар ўсади. Озиқ-овқат жиҳатидан бу ўзини ўзи таъминлайдиган давлат, янги узилган мевалар ва помидорларни ҳатто декабрь ойида ҳам топиш мумкин. Афсуски, аксарият мамлакатларда бўлгани каби, асосий бойлик одамларнинг фақат ўндан бир қисмида мужассам. Аҳолининг ўн фоизи жуда бой. Аммо Ўзбекистонда ишсизлар йўқлиги мени ҳайратда қолдирди. Агар ишингиз бўлмаса, қўлингизга супурги бериб, сизни паркка юборишади, у ерда атрофни супуриб, тозалаб юрасиз. Сиз учун албатта қандайдир иш топиб беришади ва 300 доллар маош тўлашади. Жуда катта пул ишлаб топмасангиз ҳам, ой давомида яшашга етадиган маблағ оласиз.

Тошкентда бунинг кўп гувоҳи бўлдим. У ерда парклар жуда кўп. Умуман олганда, бу жуда яшил ва обод шаҳар. Одамларни паркларга юборишади, уларга сариқ нимчалар кийгизишади. Улар орасида айниқса қария момолар кўп эди. Хуллас, давлат ишсиз қолганлар учун ҳар куни саккиз соат қандайдир юмуш билан шуғулланишларини таъминлайди. Шунинг учун уларнинг кўпчилиги паркларни тозалайди. Тошкент жуда тоза шаҳар, Люблянадан анча тозароқ. У ерда жиноятчилик ҳам йўқ. Ҳар бир бурчакда, ҳар бир чорраҳада полициячи туради. Ўзингизни хавф остида ҳис қилишингизга ҳеч қандай сабаб йўқ. Ўзбекистонда вақтим жуда яхши ўтди. Бироқ, уйда доим энг яхши эканлиги ҳам ҳақиқат. Мен буни доимо таъкидлашни яхши кўраман. Словения – менинг уйим. Ироқ ва Ўзбекистондаги етти йилдан сўнг, мана ўн ойдирки уйдаман. Хориждаги шундай узоқ муддатдан сўнг, очиғини айтсам, уйда бўлиш менга жуда ёқяпти. Оилам ҳам бундан хурсанд. Барчамиз бу дам олишга ҳақли эдик, деб айта оламан.

Ўхшаш янгиликлар


Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Sio1NET

Сўнгги янгиликлар

Барча ›