

– Ўйин ҳақида фикрларингиз...
– Жуда қийин учрашув бўлди. Биз асосан қарши ҳужумларга таянган ҳолда ҳимоявий ўйин намойиш этдик. "Навбаҳор"нинг қандай ҳаракат қилишини билардик ва бунга жиддий тайёргарлик кўрган эдик. Умуман олганда, жамоам ўйинидан қониқдим. Баъзи вазиятларни ҳисобга олмаганда, натижа ва ҳаракатлардан хурсандман, йўл қўйилган хатоларни эса албатта таҳлил қиламиз. Биринчи навбатда, йигитларга миннатдорчилик билдирмоқчиман – улар майдонда охиригача курашишди, бу жуда қийин бўлди. Нима бўлганда ҳам, уларга катта раҳмат. Шунингдек, бизни қўллаб-қувватлаш учун стадионга келган мухлисларимизга ҳам ташаккур айтмоқчиман.
Мавсум энди қизғин паллага кирмоқда. Шу сабабли ҳар бир ўйин қийин кечади. Турнир жадвалининг қуйи қисмидаги жамоаларни кузатсангиз, улар ҳам жон сақлаш учун сўнгги сонияларгача кураш олиб боришмоқда. Осон ўйинларнинг ўзи қолмади. Буни аввал ҳам айтганман ва яна қайтараман: иккинчи давра бошланди, энди ҳар бир жамоа ҳар бир очко учун охиригача жанг қилади.
– ФИФА кунларидан кейинги иккита ўйинда жамоа атиги бир очко тўплади. Ёзги йиғинларни ҳам кузатдик: жамоа тўртта ўртоқлик учрашуви ўтказиб, бирортасида ғалаба қозона олмади ва ўз дарвозасидан кўп тўп олиб чиқди. Умуман олганда, ёзги йиғиндан қанчалик кўнглингиз тўлди?
– Ҳа, бу трансфер ойнаси вақтидаги танаффус эди. Афсуски, бизда тўлиқ таркиб билан тайёргарлик кўриш имкони бўлмади. Деярли кўплаб футболчиларимиз жароҳатланган ёки бетоб эди. Тўлиқ таркибда йиғилганимизга эндигина иккинчи ўйин бўляпти, жами 20-22 киши бўлиб шуғулланяпмиз. Бу натижаларга турли сабаблар таъсир қилди. Афсуски, таркибни сезиларли даражада янгилашга мажбур бўлдик, янги йигитлар келиб қўшилди. Уларга жамоага мослашиш учун маълум вақт керак бўлади. Ўйлайманки, улар ўйиндан ўйинга киришиб боришади ва мен талаб қилаётган тактикани майдонда тўлиқ намойиш этишади.
– Ўйин бошидаёқ позицион ёки индивидуал хато туфайли тезкор гол ўтказиб юбордингиз. Ундан кейин ҳам "Навбаҳор"да вазиятлар бўлди, лекин гол ура олишмади. Очиғини айтсам, "Қизилқум" умуман таслим бўлгани йўқ. Кейинчалик ўзингизга келиб, ҳисобни тенглаштирдингиз ва иккинчи бўлимда ҳатто уч очко олишингиз ҳам мумкин эди. Бу ниманинг ҳисобига амалга ошди?
– Биринчи навбатда, биз "Навбаҳор" илк дақиқаларданоқ агрессив ҳужумга ўтишини билардик. Кўриб турганингиздек, тезкор гол ўтказиб юбордик. Бу вазиятда ҳимоячиларимиз ўз позициясини эгаллашга улгурмай қолди, рақиб узатмани амалга оширди... Иккинчи бўлимда эса тактикамизга бироз ўзгаришлар киритдик. Тўғриси, биринчи бўлимда футболчиларимизда бироз ҳаяжон ва тушунмовчилик кузатилди. Иккинчи бўлимда ўйинимизни қайта қурдик ва анча мазмунлироқ ҳаракат қилдик. Ҳа, гол уриш учун қўшимча вазиятлар бўлди, аммо, афсуски, улардан фойдалана олмадик. Ҳакамлар қарорига келсак, майдондаги вазиятни аниқ кўра олмадим. Йигитларга эса ҳеч қандай эътирозим йўқ. Бошида 10-15 дақиқа босим остида қолдик ва гол ўтказиб юбордик. Аммо жавоб тўпини киритганимиздан сўнг, ўзимизга бўлган ишонч қайтди, хотиржам тортдик ва диққатимизни кўпроқ жамлай олдик.
– Бироз аввал жароҳатлар ҳақида гапирдингиз. Ислом Кенжабоевнинг ҳам якка тартибда шуғулланаётгани ҳақида хабарлар чиққан эди. У бугунги ўйинга тайёрмиди? Чунки унинг эрта алмаштирилиши сиздаги режаларни бузиб юборгандир?
– Ислом Кенжабоев деярли барча ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиб юборди ва мана шу ўйиндан бир ҳафта олдингина умумий таркибга қўшилган эди. Уни биринчи бўлимдаёқ алмаштирганимнинг асосий сабаби шуки, у ўйинолди чигалёзди машғулотидаёқ жароҳат олиб, ўзида ноқулайлик ҳис қилганди. Биз шифокорлар билан маслаҳатлашиб, керакли муолажаларни қилдик, аммо у ўйинни охиригача давом эттира олмади. Кўрамиз, Худо хоҳласа, кейинги ўйингача тикланиб, майдонга тушади. Унинг жароҳати даражаси ҳақида ҳозирча аниқ бир нарса дея олмайман, буни вақт кўрсатади. Малакали шифокорларимиз бор, улар бу масала билан жиддий шуғулланишади.

– Бундан аввал ҳам "Қизилқум"да фаолият олиб боргансиз ва ўшанда "мақсадимиз – кучли ўнликга кириш" деб таъкидлаган эдингиз. Турнир жадвалидаги ҳозирги мураккаб ҳолатни инобатга олиб, жамоанинг ҳозирги мақсади ҳам аввалгиси сингари ўзгармаганми?
– Бу менинг "Қизилқум"га иккинчи бор келишим. Агар жамоа бундай қийин аҳволда бўлмаганида, эҳтимол, мени чақиришмаган бўларди. Ўзингиз тушуниб турибсиз, иккинчи давра – биз учун жон сақлаб қолиш йўлидаги курашдан иборат. Тақвим жуда зич жойлашган. Шунинг учун, бундай вазиятда жамоани қабул қилиб олган ҳар қандай мураббийнинг биринчи галдаги вазифаси – жамоанинг Суперлигадаги ўрнини сақлаб қолишидир. Қолганини эса вазиятга қараб, ўйиндан ўйинга кўриб борамиз. Яна бир бор қайтараман, турнир жадвали зич: икки-учта кетма-кет ғалаба сизни мутлақо бошқа ўринга олиб чиқиши мумкин. Ҳар бир жамоа ҳар бир очко учун охиригача курашади ва бунга ўзингиз гувоҳ бўляпсиз. Жон сақлаб қолиш учун кураш жуда кескин кечади.
– ФИФА кунларидан кейин яна тиғиз тақвим юзага келди. Жамоалар тўрт-беш кунда бир майдонга тушишмоқда. "Навбаҳор"га қарши ўйинда ҳам кўп куч сарфланди. Кейинги рақиб эса "Насаф". Жамоа бу ўйинга жисмоний жиҳатдан қанчалик тайёр бўла олади?
– Албатта, имкон қадар тезроқ тикланишга ҳаракат қиламиз. "Насаф" ўз ўйинини биздан бир кун олдин ўтказди, демак, уларда тикланиш учун кўпроқ вақт бор. Аммо биз бор имкониятимизни ишга солиб, кейинги тургача "Насаф"га қарши яхши спорт формасида етиб боришга ҳаракат қиламиз.
– Ўтган мавсумлар якунларига кўра, Ўзбекистондаги энг бой компаниялардан бири Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) ҳисобланади. Иккинчи ўринда эса Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) туради. ОКМК сўнгги 3-4 мавсум давомида доим медаллар учун курашяпти. Лекин нима учун НКМК бюджети бўйича ОКМКдан қолишмаса-да, Навоий жамоаси доим фақат жон сақлаш учун курашади?
– Мен сизга нима дейишим мумкин? Бу савол ҳақиқатан ҳам менга тегишли эмас. Жамоа раҳбарияти бор, буни улардан сўраш керак. Бу ерда мен очиқлай олмайдиган баъзи нозик жиҳатлар бор.
– Ғиёсжон Ризақулов ҳақида сўрамоқчи эдим. У ўнг қанотда жуда илиқ таассурот қолдирди...
– Ризақулов – ёш ва келажаги порлоқ истиқболли йигит. Ҳа, у ҳимоя марказида ва ўнг қанотда яхши ҳаракат қилади. Энг муҳими, у ҳар бир ўйинда ўз устида ишламоқда ва биз кутган умидларни оқламоқда.



