

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Икки ойлик танаффусдан кейин яна катта футболга қайтдик. Афсуски, биринчи таймни ёмон ўтказдик. Ҳаво иссиқ деяпмиз, бошқа гапларни айтяпмиз, лекин барибир биринчи таймда ҳеч нарса ўхшамади. Қўпол хатолар сабаб иккита гол ўтказдик. Иккинчи таймда ҳартугул ўзимизга келиб олдик. Вазиятлар яратдик, лекин ҳисобни тенглаштира олмадик. Ишлашда давом этамиз, ўйиндан ўйинга хатолар камайиб боради деб ўйлайман. Тез орада очколарни қўлга киритамиз.
- Кейинги баҳсларда жамоа олдига қандай вазифа қўйилади?
- Тақвим осон эмас, ҳар бир ўйин қийин кечади. Мавсумнинг биринчи ярмида аксар клублар бир-бирини ўрганиб чиқишди. Иккинчи ярмида энди ҳамма очко олишга ўйнайди. Айниқса турнир жадвалининг қуйи ўринларида қаттиқ кураш кечади. Кеча "Машъал" ютди, бугун "Динамо". Биз ҳам ҳаракат қиламиз.
- "Қизилқум" таркиби ёмон эмас. Трансфер ойнаси эса ҳали очиқ. Янги футболчиларни кўрамизми?
- 2-3 нафар футболчини кўз остимизга олиб қўйганмиз. Трансфер 10 августгача очиқ бўлади ва бу орада янгилар келиб қолиши мумкин. Бу борада ишлаяпмиз.
- Биринчи таймни "Қизилқум" ҳимояда ўтказди. Рақибнинг иккита аниқ зарбаси гол билан тугади. Иккинчи таймда жамоа ўйини ўзгарди. Танаффусда футболчиларга нима дедингиз?
- Сизга шуни айтишим мумкин, ўзим ҳам биринчи таймдаги жамоани таний олмадим. Танаффусда бунинг сабабини футболчилардан сўраганимда, иссиқ дея жавоб беришди. Рақиб ҳам шу иссиқда ўйнади. Лекин иккинчи таймда яхши ўйнадик, фақат ўз имкониятларимиздан фойдалана олмадик. Йигитларга унчалик эътирозим йўқ, ютқаздикми демак мураббий ютқазди. Биринчи таймдаги ўйинни таҳлил қилиб ишлашда давом этамиз.
- Стандарт вазиятларда ҳеч нарса ўхшамади.
- Биз стандартлар устида ишлаяпмиз. Бугун ҳам фойдаланишга ҳаракат қилдик, фақат охирги зарба етишмади. Машғулотларда ишлаяпмиз, фақат имкониятлардан фойдалана олмадик. Рақибни яхши ўргангандик, етакчи ўйинчилари кимлар эканлигини билардик. Шу етакчилар ўйин тақдирини ҳал қилди, ўзимиздан хато ўтди.
- "Қизилқум"ни олдинда иккита мураккаб баҳс кутмоқда.
- Буёғига осон ўйин йўқ, ҳар бир учрашув биз учун финалдек бўлади. Ҳар бир очко олтинга тенг бўлади. Биз ҳам албатта ўз очколаримизни оламиз.



